Ватанпарварлик, дахлдорлик мезонлари

  • 19:01
  • 08,01-2020
  • 1822
  • Улашинг

Муқаддас заминимизда улғайиб, вояга етган буюк аждодларимиз Ватан эрки ва озодлиги йўлида мислсиз қаҳрамонликлари билан дунё афкор оммасини ҳануз лол қолдиряпти. Шунингдек, она Ватанидан олис ўлкаларда армон билан дунёдан кўз юмган алломаларимиз озмунчами? Бунга Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Жалолиддин Мангуберди, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб, Зокиржон Фурқат сингари буюк бобокалонларимиз қисмати мисолдир. Ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, уни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсон табиатига хос ҳислардир.

Алишер Навоий ҳазратларининг қуйидаги сўзи она Ватанини севувчи садоқатли ҳар бир кишининг қалбида ғайрат-шижоат уйғотади:

Ватан таркини

бир нафас айлама,

Ани ранжи – ғурбат,

ҳавас айлама.

Инсон ҳар жойда бир бурда нонини топиб, қорнини тўйғазиши мумкин. Лекин Ватаннинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Ватанда яшаш ҳақиқий бахт. Биз учун Ватан ягона. Шу боис ҳам у пулга сотилмайди ва сотиб олинмайди. Ватан инъом этилмайди, қарзга берилмайди.

Абдулла Ориповнинг «Мен нечун севаман Ўзбекистонни» шеърининг лирик қаҳрамони Ватанни фақат бойлик­лари-ю, бебаҳо тупроғи, гўзал иқлими учунгина эмас, ҳатто мангу музликлардан иборат бўлган тақдирда ҳам севмаслик мумкинми? – деган юксак фикри билан эътиборни тортади:

Ватанлар,

Ватанлар,

Майли, гулласин,

Боғ унсин мангулик музда ҳам,

аммо

Юртим, сени фақат

бойликларинг-чун

Севган фарзанд бўлса,

кечирма асло!

Буюклар айтадилар: «Кишининг вафодорлиги ва садоқати унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади».

Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги она Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч-фаровон ҳаёт кечиришига ҳисса қўшиши билан ўлчанади.

Ҳар бир инсон эл-юртнинг озодлиги, мустақиллиги учун ҳамма нарсани, ҳатто жонини ҳам аямайди. Бу ҳақда Мавлоно Фузулийнинг «Менинг битта ҳаётим бор, борди-ю мингта ҳаётга эга бўлган тақдиримда ҳам ҳаммасини Ватан учун сарфлаган бўлур эдим», деб айтган сўзлари ҳар биримиз учун бебаҳо ўгитдир.

Маърифатли халқларимизнинг ҳақиқий жасорати Ватан йўлида қурбон бўлишга ҳозир эканлигида акс этади.

Кимки ўз юртини севмаса, у ҳеч нимани сева олмайди.

Кимки ўз Ватанига дахлдор бўлмаса, у инсониятга ҳам дахлдор эмас.

Ўз ватанига доғ тушириш — уни сотиш деган сўз.

Ватан туйғуси бўлган кишидагина ватанпарварлик ҳисси жўш уради. Ватанпарварлик деганда, қуйидагиларни англаш жоиз:

– ўз халқини, тилини, тарихини яхши билиш ва у билан фахрланиш;

– маънавиятимиз, маданий мерос ва қадриятларни асраш, авлодларга тақдим этиш;

– буюк аждодлар ишини давом эттириш, уларга муносиб ворис бўлиш;

– Ватанни ҳимоя қилиб, жангларда ҳалок бўлган қаҳрамонлар номини ёд этиш;

– бетакрор Ватанимизда юксак эътиқод билан яшаш, унга ҳамиша садоқатли бўлиш.

Ёшларни ватанпарварлик туйғуси билан тарбиялаш, уларни Ватан маъносини теран англаб етишга ўргатиш, ватанпарварлик – юксак ахлоқий тамо­йил эканини тушунтириш долзарб вазифа ҳисобланади. Одоб-ахлоқ, ҳаё-ибо, ор-номус ва диёнат каби фазилатлар азалдан халқимиз маънавиятининг ажралмас қисмига айланган.

Ватанимиз мадҳияси янграса, ички ҳис-туйғуларимиз жўшиб кетади, кўзимизга ёш қалқийди, лекин Ватан фақат яхши кунларда, ютуқларга эришганда фахрланадиган, сўнг унутиладиган хилқат эмас.

Албатта, Ватанни севиш, унга фидойи бўлиш учун жон фидолик шарт эмас. Балки шу йўлда, керак бўлса, миллат ва она тупроқ шаъни учун ҳар қандай хатар юзига тик боқишни англатади, бу муҳаббат. Шунинг учун фақат баландпарвоз гаплар билан эмас, ўзимизнинг ақл-заковатимиз, ҳаракатимиз билан юрт равнақига ҳисса қўшишимиз, ҳақиқий жонкуяр бўлишимиз зарур. Шу тобда шоирнинг шеърий хитоби кўнглимизда акс садо беради:

Яшасак бу дунёда

Ватан учун яшайлик,

Ўзбекистон аталган

чаман учун яшайлик.

Аслини олганда, ватанпарварлик туйғуси бизга бегона эмас. Муқаддас заминимиз Алп Эр Тўнга, Тўмарис, Широқ, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темурдек кўплаб буюк ватанпарвар фарзандлари билан тарих саҳнида ўз ўрнини топгани бунга бир мисолдир.

Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир инсоннинг қалбида ватанпарварлик, Ватанга дахлдорлик ҳисси жўш уриб туриши керак. Аждодларимиз орзу қилган ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамиятида яшаб, меҳнат қиляпмиз. Бу – катта бахт.

«Ватанга дахлдорлик» тушунчаси юртга муҳаббат, унинг равнақи ва тараққиёти йўлида ўз ҳиссасини қўшишдир. «Ватан менга нима берди?» деб эмас, «Мен Ватанимга нима бердим, унинг порлоқ истиқболи учун нима қилдим», дея фикрлаш чин инсоний дахлдорлик туйғуси ҳисобланади. Ватанга дахлдор инсон жамиятга фойдаси тегиши учун тинмай меҳнат қилади ва шунинг орқасидан ҳалол ризқ топади. Афсуски, орамизда фақат ўзи учун ишлайдиган, моддий манфаат йўлида ҳатто Ватанини сотадиган бефарқ, лоқайд ва худбин кимсалар ҳам учраб туради. Маълумки, қаерда меҳр-оқибат бўлса, ўша жойда адолат, тенглик, тараққиёт қарор топади. Меҳр-оқибат инсонларни бирлаштиради, жамиятни мустаҳкамлайди, мамлакатни барқарор қилади.

Халқимиз бежиз «Ватан остонадан бошланади» демайди. Ватанни ҳимоя қилиш – инсоннинг ўз уйини, оиласини, севимли ёри ва болаларини, яқинларини, ота-боболарининг табаррук хоки ётган муқаддас тупроқни ҳимоя қилиш, дегани.

Эътироф этиш керак, сўнгги йилларда Ватанни ҳимоя қилиш ёшларимиз учун ҳақиқий шараф ишига айланди. Миллий армиямизда қадрият ва анъаналаримизга хос соғлом маънавий муҳит яратилгани ҳарбий хизматга ёндашувни тубдан ўзгартирди. Бугун Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиш, Ватан ҳимоячиси, деган номга муяссар бўлиш ҳар бир йигит учун нафақат конституциявий бурч, балки юксак шарафга айланди.

Ватанни севиш ва уни ҳимоя қилиш нафақат ҳарбийларимиз ёки ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг, балки жонажон Ўзбекистонимизда яшовчи ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир.

Айтиш жоизки, мустақил Ўзбе­кис­тонимиз армиясида маънавий-маърифий, тарбиявий ишлар тубдан янгича асосда ташкил этилмоқда. Миллий армиямиз ёшларимиз учун ватанпарварлик, юртга садоқат билан хизмат қилиш мактаби, ҳарбий хизматчилар қалбида мустаҳкам ирода, юксак инсоний фазилатларни шакллантириш, уларнинг ақлий ва интеллектуал қобилиятларини ривожлантириш, жисмоний тобланиш мактабига айланаётгани фахримиз, ғуруримиздир.

Айни кунларда Президентимизнинг 2019 йил 13 декабрдаги «Ўзбекис­тон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойишига асосан, мамлакатимиз миқёсида қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Бу йил барча ватандошларимизни мардлик ва жасоратга, садоқат, ватанпарварликка чорловчи айём мамлакатимизда «Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати!» деган умумий шиор остида ўтказилмоқда.

Тантанали тадбирлар ҳарбий қисмлар, таълим муассасалари, маҳаллалар ва ташкилотларда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги турли маънавий-маърифий учрашувлар, давра суҳбатлари, кўрик-танловлар, байрам тадбирлари, спорт мусобақалари ўтказилмоқда. Уларда асосий эътибор ёшларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий армиямиз сафларида она юртимизни ҳимоя қилиш иштиёқини янада кучайтиришга қаратилаётгани диққатга сазовордир.

Ҳар йили байрам арафасида Қуролли Кучлар тизимида «Энг илғор касб мутахассиси» танловини ўтказиш анъанага айланган. Бу йилги танловда ҳам ИИВ Қоровул қўшинларида хизмат қилаётган ҳарбийларимиз «Энг илғор батальон командири», «Энг илғор взвод командири», «Энг илғор гуруҳ командири» ва «Энг илғор сержант» каби номинацияларда ғолиб бўлиши барчамизни қувонтиради.

Қуролли Кучлар тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси миллий армиямиздаги ахлоқий-руҳий, маънавий муҳитнинг бутунлай янгиланганида, жамиятимизда армияга ва ҳарбий хизматга ёндашув тамомила ўзгарганида ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Нафсиламрини айтганда, Ватанимиз – Ўзбекистон ўхшаши йўқ бир бўстон. Бу диёрда бағрикенг қуёш ўз тафтини ва меҳрини сочмайдиган кундузлар, ой ўз сеҳрли нурини инъом этмайдиган кечалар кам бўлади. Бундай юртни севмай бўладими? Ҳақиқий бахт аслида шу эмасми?!

Азизжон ФАЙЗИЕВ,

капитан.