Маҳалла – қадриятлар маскани

  • 10:07
  • 22,07-2019
  • 442
  • Улашинг

Тинчлик, хавфсизлик, хотиржамлик неъмати тансиқ бўлиб бораётган бир даврда Ўзбекистондай юртда яшаш, унинг бир бўлаги сифатида ислоҳотларнинг кузатувчиси эмас, фаол иштирокчиси бўлиш ҳам шараф, ҳам масъулиятдир. Бундай шараф ва масъулиятнинг юкини кўтариш ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди.

Одам боласи туғилгандан сўнг оилада, таълим масканида, маҳаллада улғаяди, муайян муҳитда шаклланади. Шунингдек, инсон ҳаётидаги ўзига хос давр биринчи галда маҳаллада юз беради. Бир болага етти қўшни ҳам ота, ҳам она экани бежиз эмас.

Инсон бир-биридан маънавий озуқа олиб, ўзининг онги, тафаккури, маънавий олами билан бир-бирига таъсир этиб яшайди. Ер юзида одамлар азалдан жамоа бўлиб яшаган. Айниқса, Шарқда аҳолини бир-бирига яқинлаштирувчи, ўзаро мулоқотда бўлиб яшашга чорловчи маскан – маҳалладир. Инсон маънавиятини бойитувчи, тарбия берувчи маскан сифатида маҳалланинг ўрни алоҳида. Юртимизда маҳаллаларга катта эътибор берилаётгани ҳам бежиз эмас.

Мустақил Ўзбекистон шароитида маҳалла – маҳаллий ҳокимият органининг энг қуйи ва асосий бўғинидир. Бу ўзбек халқининг узоқ йиллик тарихига бориб тақалади ва ўзига хос хусусият, анъаналар билан тавсифланади.

Бугунги кунда маҳаллаларда осойишталик барқарор таъминланаётгани, ҳуқуқ­бузарлик ва жиноятларнинг кескин камайишида ички ишлар органлари ходимлари, хусусан, профилактика инспекторларининг алоҳида ўрни бор. Уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли фуқароларнинг кўплаб муаммолари ўз ўрнида барҳам топиб, аҳоли билан ҳамкорлик мустаҳкамланяпти. Одамлар эндиликда ички ишлар органлари ходимлари ўзларининг ҳуқуқий маслаҳатчиси, ҳимоя­чиси эканини чин дилдан ҳис этиб, кези келганда, жиноятчиликка қарши курашишда осойишталик посбонларига яқиндан ёрдам беряпти.

Ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлим (бўлинма)лари томонидан жорий йилнинг ўтган 6 ойида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Ўтказилган тадбирлар натижасида умумий жиноятчилик суръати респуб­ликада ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6935 тага камайишига эришилди.

Маҳаллаларда жиноятчиликка қарши муросасиз муҳитни яратиш, энг аввало, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабаблари ва шарт-шароитларини барвақт бартараф этиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларда қонунга ҳурмат ҳамда қонун бузилишининг ҳар қандай кўринишига муросасизлик туйғусини сингдириш йўли билан ҳуқуқбузарлик­лар профилактикасини таъминлашда «Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати» тизими асосида ҳар бир содир этилган жиноят шу куннинг ўзида кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиниши йўлга қўйилди.

Жиноятчиликни жиловлаш мақсадида амалга оширилган ишлар натижасида республикада мавжуд 9093 та маҳалланинг 5747 тасида ёки 63,2 фоизида умуман жиноят содир этилишига йўл қўйилмади, 495 тасида ёки 37,2 фоизида жиноятлар камайи­шига эришилди.

Профилактика инспекторлари томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирларда оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитнинг барқарор бўлишига эришиш бўйича 16778 та оиладаги турли низолар ўрганиб чиқилди. Натижада 13739 та оиланинг нотинчлигига барҳам берилиб, 5138 та оила ажралиб кетишининг олди олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бош­қармаларида ташкил этилган жамоат хавфсизлигини таъминлашни рағбатлантириш жамғармалари ҳисобидан бириктирилган ҳудудда жиноятлар даражаси пасайишига эришилди. Уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш чора-тадбирларини ўз вақтида кўрган маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва фаоллари, профилактика инспекторлари ҳамда уларнинг ёрдамчилари, «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмасининг алоҳида ўрнак кўрсатган аъзолари ҳар ойда тегишли тартибда рағбатлантириб келиняпти.

Айтиш мумкинки, 2019 йилнинг февраль, март, апрель, май ойлари якунлари бўйича республикада 15831 нафар шахс (шундан 1022 нафар маҳалла фуқаролар йиғини раис­и, 468 нафар фаол, 11404 нафар профилактика инспектори, 2091 нафар уларнинг ёрдамчиси, 525 нафар «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси аъзоси, 75 нафар «Фидокор ёшлар» жамоатчилик пат­руль гуруҳлари аъзоси, 246 нафар фуқаро) 11,8 млрд сўмдан ортиқ миқдорда моддий рағбатлантирилди.

Таъкидлаш жоизки, ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик, эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож кимсалар ҳолидан хабар олиш, етим-­есирларнинг бошини силаш, тўй-томоша, ҳашар ҳамда маъракаларни кўпчилик билан ўтказиш, яхши-­ёмон кунда бирга бўлиш каби халқимизга хос урф-одат, анъаналар, авваламбор, маҳалла муҳитида шаклланган ва ривожланган. Хусусан, маҳаллада нафақат ота-она ва фарзанд, ёши улуғлар билан ёшлар, қолаверса, устоз-шогирд ўртасидаги муносабатларнинг ҳам ахлоқий асос­лари вужуд­га келган, маҳалладаги ижтимоий назорат туфайли таъминланган.

Маҳаллада амалга оширилаётган ҳар бир тадбир, албатта, шу жойда ўсиб-улғаяётган ёш авлод кўз ўнгида содир бўлади. Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, кексалар, беморлар ҳолидан хабар олиш, етим-есирларга мурувват, ободончилик, саранжом-саришталик, ҳалоллик ва поклик, инсонпарварлик сингари фазилатлар, халқимизга хос урф-одатлар илк бор маҳаллада таркиб топган.

Инсон одоб-ахлоқини муайян тартибга солувчи, эзгулик сари ундовчи, унга маънавият қоидаларидан дарс берувчи ва шарқ кишисининг қалбида юксак маънавий фазилатларни тарбиялайдиган маскан – маҳалладир. Маҳалладаги тартиб-қоида, урф-­одатга ҳамма бирдек бўйсуниши шарт.

Болаларимизга етти қўшнининг ота-оналик қилиши бирортамизга малол келмайди, келинимиз ахлоқи учун қўни-қўшни ҳам ўзини жавобгар ҳис қилишини фақат яхшилик аломати деб биламиз. Фарзандларимизнинг ножўя қадамидан қўшнимиз вақтида огоҳлантирса, унга фақат раҳмат айтамиз. Аждодларимиз иймонли ҳаёт кечириш деганда, айнан шундай турмушни тушунган, улар ҳеч қачон кам бўлмаган. Ўз маҳалласи ҳақида қайғуриш, шу жойдан чиққан улуғ инсонлар билан фахрланиш, маҳалла шаънини сақлаш, ободлиги учун хизмат қилиш бугун ҳам халқимизнинг эзгу фазилатларидан ҳисобланади. Одамлар ҳаётини, улар маънавиятини маҳаллалар тимсолида бемалол кузатиш мумкин. Ҳеч иккиланмасдан айтиш керакки, ҳар қайси хонадон, юртимиздаги маънавий иқлим ва вазиятни англамоқчи бўлсак, бу борадаги ҳақиқий манзаранинг ёрқин ифодасини, аввало, маҳалла ҳаётида ойнадек яққол кўриш имконига эгамиз.

Маҳаллада одамлар бир-бирини яхши билади. Бегона одам маҳаллага кирса дарров сезилади. Шунинг учун ҳам Ўзбекис­тонда маҳаллаларга бўлган муносабат ўзгача.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари сифатида халқ билан самарали мулоқот механизмларини жорий этиш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш; маҳалла институтининг жамият бошқарувидаги ўрни ҳамда фаолияти самарадорлигини ошириш белгилаб қўйилди. Ушбу мақсадга эришишнинг асосий омилларидан бири маҳалла институти орқали аҳолини аниқ йўналтирилган тарзда ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, жамиятда маҳалла институтининг нуфузини янада ошириш, маҳалланинг вазифалари янги мазмун билан бойитилишига боғлиқдир. Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда қадимий ва ноёб бошқарув шакли бўлган маҳалла институтини ҳар томонлама ривожлантириш, унинг ваколатларини янада кенгайтириш ҳамда қонунчилик тизимида белгилаб берилган ваколатлардан янада самарали фойдаланиш тақозо этилади.

Бир сўз билан айтганда, бугун маҳалла халқни тарбиялайдиган, одамлар қалбида эзгу ғояларни шакл­лантирадиган маскан сифатида гуллаб-яшнаб, маънавиятимизга таҳдид солаётган бузғунчи ғояларга қарши курашда ўзининг эзгу амаллари билан хизмат қилмоқда.

Бундай эзгу мақсадларни рўёб топтиришда ички ишлар органлари ходимлари ҳам маҳалла оқсоқоллари билан ҳамкорликда кечаю кундуз фаолият олиб боришяпти.

Миродил БАРАТОВ.