Огаҳий – шоир, таржимон ва давлат арбоби

  • 11:06
  • 03,06-2019
  • 1221
  • Улашинг

Ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган, уни янги тараққиёт поғонасига кўтарган, ўзининг серқирра ижодий мероси билан маданиятимиз тарихида чуқур из қолдирган ижодкорлардан бири Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий (1809–1874)дир. Унинг юксак бадиият намунаси бўлган лирик шеърлари, халқимиз ҳаётини ёритувчи тарихий асарлари ва таржималари асрлар оша китобхон маънавий-руҳий камолотига хизмат қилиб келмоқда. Зотан, барча асарларида ахлоқий пок­лик, маънавий етуклик, ботиний гўзаллик, ҳаётсеварлик, инсонпарварлик, ишқ-вафо, ҳақиқат, адолат сингари мавзуларнинг бадиий талқини ўз аксини топган.

Шоир, тарихчи, таржимон Огаҳий Хива яқинидаги Қиёт қишлоғида мироб оиласида таваллуд топган. Хива мадрасаларида таҳсил олиб, араб, форс, турк тилларини пухта эгаллаган. Хоразмнинг машҳур шоир ва олимлари, адабиёт мухлисларининг суҳбатларида иштирок этган.

Огаҳийнинг лирик мероси «Таъвиз ул-ошиқин» («Ошиқлар тумори») девонида жамланган. Ундаги шеърлар жанр ва ғоявий йўналишига кўра, ранг-баранг бўлиб, мумтоз адабиётнинг
19 жанрига оид шеърлар жамланган. Шеърларнинг асосий қисмини ғазал ва мухаммаслар ташкил этади. Шоир шеърларида инсон, ҳаёт, борлиқ, илоҳиёт, табиат ва жамият ҳақидаги фалсафий қарашлар бадиий талқин этилади. Инсоннинг турфа хил руҳий ҳолати, маънавий-ахлоқий юксаклиги шоирона тасвирланади. Мамлакат тинчлиги, эл-юрт фаровонлиги, миллат келажаги учун қайғуриш Огаҳийнинг бошқа турдаги асарларида бўлганидек шеърларининг ҳам асосий моҳиятини ташкил этади.

Огаҳий шеъриятида ижтимоий ҳаёт, ўз замонаси ҳақидаги қарашлар билан бирга турли зиддиятлар, адолатсизлик, тенгсизлик ҳақида ҳам сўз юритилади. Эл-юрт осойишталиги, миллат тақдири учун қайғуриш, муҳтожларга ёрдам бериш, карам ва мурувватли бўлиш сингари масалалар шоир ижтимоий қарашларининг асосини ташкил этади. Жамият кишиларини иллатлардан холи, юксак маънавиятли кўришни истаган шоир инсон табиати ва хулқ-атворидаги бахиллик, кибру ҳаво, ҳасад, тама, алдамчилик, риёкорлик, бойликка ружу қўйиш сингари камчиликларни қоралайди. Одамийлик, сахийлик, покизалик, тўғрилик, ҳалоллик, шукроналик сингари инсоний сифатлар улуғланади.

Шоир назарида кишининг бошига келадиган балолар ҳам, эзгуликлар ҳам унинг амаллари ва хатти-ҳаракатларига боғлиқ. Зеро, ҳар қандай ёмонлик бу дунёда жавобсиз қолмайди.

Эй кўнгул, яхшилиғни қил пеша –

Ки, ямонлиғ эрур ямонға жазо.

Кимки тарк айласа ямонлиғни,

Бўлур, албатта, яхшилиғға сазо.

Ахлоқий-дидактик характерга эга бўлган ушбу қитъада яхшилик инсоннинг эзгу хислати сифатида улуғланади, ёмонлик эса инсонга берилган энг қаттиқ жазо экани талқин этилади. Ёмон иллатларни тарк этиб, яхши хислатлар сари юз буриш инсонни руҳан поклашига ишора қилинади.

Огаҳийнинг кўпгина шеърларида дунёнинг тескарилиги, фалакнинг шафқатсизлиги, тақдир олдида инсоннинг чорасизлиги поэтик жилолантирилади.

Малул ўлма кўруб ағёр бирла,

эй кўнгул, ёринг,

Ки, бутмайдур бу гулшан ичра

 бир гул хордин айру.

Ушбу байт моҳиятига «тикансиз гул бўлмас» мақоли сингдириб юборилган ва катта ижтимоий мазмун юклатилган. Шеърдаги лирик қаҳрамон дунёда кўп қийинчилик кўрган, оқ-қорани ажрата оладиган кишидир. Ҳаётда яхшилик ва ёмонлик эгизак экан, бунинг учун изтироб чекишга ҳожат йўқ. Гул, гулшан, тикан образлари шоир ғоявий ниятини ёритиб беришда муҳим ўрин тутган.

ХIХ аср ўрталарида Хоразмдаги иқтисодий таназзулнинг халқ ҳаётига кўрсатган таъсири шоир шеърларида шундай ёритилади:

Бўлиб борча буғдой киби сийна чок,

Қилиб ўзни нон ҳасратидин ҳалок.

 

Кеча кўрса ой шаклини ногаҳон,

Узотур илик айлабон нон гумон.

Шоир ташбеҳ санъати воситасида халқнинг аҳволини, ғам-ҳасратларини бадиий талқин этади. Шоир халқнинг аянчли турмушини, йўқсил ва қашшоқ кишиларнинг ҳаётини маҳорат билан тасвирлайди. Шубҳасиз, Огаҳий лирикасидаги бундай шеърлар замондошларимизни аждодларимиз ҳаёти ҳақида муайян тасаввурга эга бўлишига ёрдам бериш билан биргаликда, улар қалбида бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизнинг қадрига етиб, шукроналик туйғуларини камол топтиради.

Огаҳий шеъриятининг асосий қисмини ишқ мавзусидаги шеърлар ташкил этади. У мумтоз адабиётдаги бу анъанавий мавзуни ўзига хос тарзда ёритади. Шеърларидаги ошиқ кўплаб руҳий қийноқ ва машаққатларга сабрли, мустаҳкам ирода, эътиқодли кишидир. Зеро, Огаҳий ошиқ ҳижрон изтироблари ва азобларга бардош қилсагина, маъшуқа васлига етишиши мумкинлигини эътироф этади:

 Эй кўнгул, васл истасанг

сабр эт балоу дардға,

Ким, мукарриб тангриға

бу шевадин Айюб эрур.              

Шоир лирик қаҳрамонини балоу дардга сабрли бўлишга ундар экан, унга сабр-қаноат тимсоли бўлган Айюб пайғамбарни ўрнак қилиб кўрсатади. Яъни, Айюб сабр қилиб, Ҳаққа яқинлашганидек, лирик «мен» ҳам ўз мақсадига эришади. Зеро, сабр мақомида бўлган киши, албатта, мақсадига етади.

Огаҳий шеъриятидаги маъшуқа нафақат гўзалликда тенгсиз, балки маънавий баркамол, илм-фанга ошно инсон сифатида намоён бўлади. Шоирнинг «Илм бўлмиш ёд анго» радифли ғазалида маҳбубанинг бу сифатлари маҳорат билан ёритилган. Шеърдаги маҳбуба бутун илмларни эгаллаган, дарсу сабоғини такрорлашдан чарчамайдиган, илм таҳсили орқали тўғри йўлни топган, ўз ақли ва билимига таянадиган аёлдир. Бу ҳаддан ортиқ сифатлар унга илоҳийдан берилган. Шу боис ҳам шоир: «Қилғоли илми калому ҳикмат ашколини ҳал, Ҳаддин афзунроқ берибдур тангри истеъдод анго», – дея таъкидлайди.

Огаҳий юксак истеъдод эгаси сифатида тарихнавислик ва таржима соҳаларида ҳам қалам тебратиб, салмоқли мерос қолдирган. Унинг «Фирдавс ул-иқбол» (дастлабки қисмини Мунис ёзган), «Риёз уд-давла», «Зубдат ут-таворих», «Жоме ул-воқеоти султоний», «Гулшани давлат», «Шоҳиди иқбол» сингари тарихий асарларида Хива хонлигида яшаган ўзбек, туркман, қорақалпоқ ва қозоқ халқларининг ҳаёти, турмуш тарзи, урф-одатлари, миллий қадриятлари ҳақида сўз юритилган. Хива хонлигининг Бухоро, Қўқон хонликлари, Эрон, Ҳиндистон, Афғонистон билан бўлган муносабатлари, ўзаро урушлари акс эттирилган.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, Огаҳийнинг тарихий асарлари ўша давр ҳаёти ҳақида қимматли маълумотлар бериши билан бирга, юксак бадиият намунаси ҳамдир. Уларда тарихий воқеалар шунчаки баён этилмайди, балки образли ҳолда бадиий усулда ҳикоя қилинади.

Огаҳийнинг миллий, бадиий тафаккур тараққиётига қўшган муҳим ҳиссаларидан бири унинг таржимонлик фаолияти билан боғлиқдир. У жаҳон маданияти дурдоналари саналувчи кўпгина тарихий-илмий ва бадиий асарларни форсийдан ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган. Демак, ушбу дурдоналар Огаҳий таржимаси орқали салкам икки асрдан буён ўзбек китобхонлари маънавий-руҳий мулки сифатида халқимиз маданиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Айтиш лозимки, Огаҳий давлат арбоби сифатида ҳам кўп йиллар фаолият кўрсатади. Яъни 1829 йилда амакиси ва устози Мунис вафот этгач, Хива хони Оллоқулихон Огаҳийни унинг ўрнига мироб этиб тайинлайди. Шу даврдан эътиборан Огаҳий халқ ҳаёти ва сарой ишлари билан шуғулланган. Қизғин ижтимоий-сиёсий меҳнат билан машғул бир пайтда отдан йиқилиб, оёғи шол бўлиб қолади ва 1857 йилдан мироблик вазифасидан истеъфо беради. Шоир, таржимон ва давлат арбоби умрининг охиригача моддий муҳтож, ғамгин, касалманд аҳволда кун кечиради...

Умуман, Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг ижодий мероси шаклий ва жанрий ранг-баранглиги, ғоявий-бадиий хусусиятлари билан алоҳида эътиборга моликдир. Уларда илгари сурилган теран фикр-мулоҳазалар, нафис бадиий ифода усуллари ўзига хосдир. Огаҳийнинг тарихий, таржима ва лирик асарлари бугунги кун ва келажак авлодни маънавий етук инсон сифатида тарбиялаш, қалбида нафосат туйғусини уйғотишга ўз ҳиссасини қўшади.

 

Тозагул МАТЁҚУБОВА,

Алишер Навоий номидаги

Тошкенг давлат ўзбек тили

ва адабиёти университети доценти.