Ижтимоий ривожланиш ва дахлдорлик туйғуси

  • 11:06
  • 24,06-2019
  • 831
  • Улашинг

Мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад – инсон ва унинг манфаатлари, фаровонлигини таъминлаш, уни ҳар томонлама камолга етказишдир. Кейинги йилларда инсон манфаатларини рўёбга чиқариш, турмуш шароитини яхшилаш, моддий ва ижтимоий ривожланишни оширишга йўналтирилган кўплаб ҳужжатлар қабул қилингани мақсадга эришишда дастуруламал бўлмоқда.

Масалан, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ижтимоий ривожланиш соҳасида – аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, одамларнинг даромадларини ошириш, фан, узлуксиз таълимни ривожлантириш, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, одамларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, уларни муносиб турар жой билан таъминлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлатимиз томонидан ҳар йилнинг якунланиши арафасида келгуси йил учун аниқ режалар тузиларкан, энг аввало, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга алоҳида эътибор берилади ва уни босқичма-босқич амалга ошириш мақсадида дастур ишлаб чиқилади. Хусусан, ана шундай ҳаракатларнинг шарофати билан аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида
2018 йилда иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар миқдори аввалги йилларга нисбатан сезиларли равишда оширилди. Педагог ходимларнинг иш ҳақи кейинги ўн йилда биринчи марта 50 фоизгача кўпайтирилди. Аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар натижаси ўлароқ, аҳолининг реал даромадлари 2018 йилга келиб 12 фоизга ошди. Хусусан, «Ҳар бир оила – тадбиркор», «Ёшлар – келажагимиз» каби дастурлар доирасида 2 триллион сўмга яқин маблағ ажратилиб, жойларда 2 600 дан ортиқ бизнес лойиҳалар асосида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Мақсадли тадбирлар туфайли 416 та қишлоқ янгича қиёфага эга бўлди. 2019 йилда эса, ана шу дас­турларни янада кенгайтириш учун 4 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратиш кўзда тутилди. Шу ўринда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари халқимиз томонидан катта мамнуният билан кутиб олинаётганлигини айтиб ўтиш жоиз.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг таклифига кўра, 2018 йилда бошлаган ишларимизни мантиқий давом эттириш ва юқори босқичга кўтариш мақсадида
2019 йилга «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб ном берилди. Шунингдек, Президентимиз 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да ижтимоий соҳани янада ривож­лантиришга эътибор қаратиб, бу соҳадаги бир қанча масалаларни таъкидлаб ўтди. 

Бундан ташқари, маърузада ривож­ланган мамлакатларда таълимнинг тўлиқ циклига инвес­тиция киритишга, яъни, бола 3 ёшдан 22 ёшгача бўлган даврда унинг тарбия­сига сармоя сарфлашга катта эътибор берилишини, ана шу сармоя жамиятга 15–17 баробар миқдорда фойда келтиришини, бизда эса бу кўрсаткич атиги 4 баробарни ташкил этишини айтиб ўтди. Шу билан бирга, инсон капиталига эътиборни кучайтириш учун барча имкониятларни сафарбар этиш, бу йўлдаги муҳим амалий қадам сифатида болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 2018 йилдаги 34 фоиздан 2019 йилда 44 фоизга етказиш, умумий ўрта таълим тизимини бугунги кун талаблари асосида ташкил этиш, фарзандларимиз ҳар томонлама камол топиши учун барча шароитларни яратиш лозимлиги уқтирилди.

 Халқимиз генофондини мус­таҳкамлашга эътибор қаратиларкан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев «Бизнинг бош мақсадимиз нафақат касалликни даволаш, балки унинг олдини олишдан иборат. Тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш жараёнида давлат-хусусий шериклик муносабатларини кенгайтириш лозим. Давлат томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар доираси белгиланиб, пуллик ва бепул даволаниш ўртасида аниқ чегара ўрнатилиши керак»лигини айтганди.

Бу борада ҳам айни пайтда зарур ишлар бошлаб юборилгани диққатга сазовордир. Мурожаатномада хотин-қизлар ва ёшларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, ўтган йилда бу жиҳатдан кўрилган амалий чораларга қарамасдан, жуда кўп хотин-қизлар иш билан таъминланмагани айтилди. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда аёлларни иш билан таъминлашга қаратилган дастур ишлаб чиқиши зарурлиги, Марказий банк, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри раҳбарларига 2019 йилда турмуш шароити оғир бўлган 1600 нафар хотин-қизни имтиёзли кредитлар асосида арзон уй-жойлар билан таъминлаш вазифаси топширилди.

Бугунги кунда мазкур топшириқ асосида ишга жиддий киришилгани натижасида хотин-қизлар ўртасида тадбиркорлик ривожлан­япти, ишсизлик босқичма-босқич барҳам топмоқда. Уларга банклардан имтиёзли кредитлар ажратиш аввалги йилларга қараганда бир неча фоизга ортган.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этадиган ёшлар билан ишлаш масаласи бундан буён ҳам энг асосий вазифаларимиздан бири бўлиб қолади. Уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, бандлигини таъминлаш мақсадида «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси фаолияти янада кенгайтирилди. Бу борада 2019 йилда жамғарма учун зарур маблағ ажратилган ҳамда шу орқали бир неча мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратиляпти.

Ижтимоий ривожланишдаги асосий масалалардан бири аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, уни муносиб турар-жой билан таъминлаш ва халқимиз фаровонлигини янада оширишдир. Мамлакатимизда арзон уй-жойлар қуриш дастури изчил давом этаётгани шарофати билан намунавий уйларнинг лойи­ҳалари янада такомиллаштирилиб, энергияни тежайдиган технологияларни қўллаш, замонавий ва арзон қурилиш материалларидан фойдаланишга киришилган. Шунингдек, юртимиздаги 34 мингдан ортиқ кўп қаватли уйларнинг аниқ ҳолати яна бир бор ўрганилиб, бу масала бўйича амалий чоралар кўрилмоқда. Аҳолини марказлашган тармоқлар орқали тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражасини 75 фоизга етказиш бўйича ҳам катта ишлар олиб борилмоқда.

Демак, амалга оширилаётган барча ишлар бесамар кетмаяпти, уларнинг натижаларини ҳозир, шу дамда кўриш мумкин. Модомики, одамларнинг муаммолари ҳал бўлаётган, уларни ўйлантираётган ижтимоий масалалар ечим топаётган экан, шубҳасиз, кўзланган мақсадларга эришилмоқда.

Мухтасар қилиб айтганда, ҳар бир киши ўзи масъул бўлган соҳада, танлаган касбида, илмий-ижодий, тадбиркорлик, яратувчанлик фаолиятида ва ҳатто, оилада ҳам миллат тақдирига, мамлакат келажагига дахлдорлик туйғусини ҳис этиши, атрофида кечаётган воқеа-­ҳодисаларга бефарқ бўлмаслиги керак. Зеро, мамлакатимизнинг ривожланган давлатлар қаторида тенглар ичра тенг давлат сифатида тараққий этишида ҳар бир юртдошимиздан Ватанга дахлдорлик ҳисси билан яшашни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Мансур МУСАЕВ,

Шаҳноза АШИРОВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходимлари.