Адабиёт – тарбия қуроли

  • 10:07
  • 01,07-2019
  • 294
  • Улашинг

Адабиёт инсоният тамаддунининг энг улкан кашфиётларидан бири. Уни бежиз саккизинчи мўъжизага қиёслашмайди. Чунки минг йиллардан буён мазкур таъсирчан восита инсониятнинг асрий анъаналари, тарихи, қадриятлари, ҳис-туйғуларини ўзида мужассам этиб келмоқда.

Адабиёт орқали турли замон ва маконларда яшаган халқлар, миллат ва элат вакилларининг, касб-кор эгаларининг ҳаёти, дунёқараши, ўй-хаёлларидан хабар топамиз. У орқали ўзимизнинг ҳаётий қарашларимизни шакллантирамиз.

Нуфузли бир хорижий ташкилот томонидан турли минтақаларда ўтказилган социологик сўровнома натижасида инсониятнинг энг катта кашфиёти сифатида китоб тан олинганди. Зотан, китоб адабиётнинг моддий шакли экани ҳеч кимга сир эмас.

Дунёда биринчи шеър, биринчи ҳикоя ёки қисса кимнинг қаламига мансуб эканини айтиш қийин. Илк адабий асар қайси халқнинг тилида ёзилганини ҳам бугун белгилаш анча мушкул масала. Аммо юксак бадиий қийматга эга бўлган адабий асар қайси тилда, ким томонидан ёзилган бўлмасин, у бир миллат ёки элатнинг эмас, бутун башариятнинг мулки саналади. Масалан, Шекспир асарларини дунёнинг турли бурчакларидаги китобхонлар ўз тилларида севиб мутолаа қилишади. Умар Ҳайём рубоийларини ҳар бир шеърият шайдоси ўз тилида ўқиб ҳузурланади. Дон Кихот, Ромео ва Жульетта, Робинзон Крузо, Том Сойер сингари қаҳрамонларни барча мамлакатларда севишади, ардоқлашади.

Ўзбек адабиёти ҳам дунё маънавиятининг муҳим таркибий қисми сифатида асрлар давомида сайқалланиб, такомиллашиб бормоқда. «Алпомиш», «Кунтуғмиш», «Ошиқ Ғариб», «Гўрўғли» каби достонлар йиллар оша барчани эзгулик, мардлик ва жасоратга, ватанпарварликка ундаб келади. Лутфий, Навоий, Бобур, Машраб, Нодира, Огаҳий, Фурқат, Муқимий сингари шоирларимизнинг ўлмас мисралари асрлар ўтса-да, севги ва садоқатнинг, меҳр ва олижанобликнинг боқий тимсоли ўлароқ жаранг сочаверади.

Бир пайтлар буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ўз ижодий хазинаси ҳақида сўз юритиб:

Назму насрим котиби тахминшунос,

Ёзса юз минг байт этар эрди қиёс,

дея назм ва насрдаги ижоди юз минг байтдан ошиб кетишини айтган эди. Таъкидлаш жоизки, мумтоз адабиётимиз нафақат ўзбек, балки бутун Шарқ халқлари маънавиятининг энг қимматбаҳо дурдоналари қаторида эъзозлаб келинади.

Навоийни 30 ёшлигидаёқ нафақат ўз ватанида, балки ундан ташқарида ҳам улуғ шоир сифатида танишган, асарларини қайта-қайта кўчиришган. 2012 йилда Миср Миллий кутубхонасидан 1471 йилда кўчирилган бир қўлёзма топилади. Мазкур қўлёзманинг Алишер Навоийга тегишли бошқа қўлёзмалардан фарқли томони шундаки, унда шоир шеърлари туркий тилнинг ўғуз лаҳжасида, бугунги озарбайжончага яқин тилда кўчирилган эди. Демак, ҳали буюк шоир ҳаётлигидаёқ уни қардош халқлар севиб ўқишни бошлаган. 1525 йилда форс шоири Ҳакимшоҳ Қазвиний томонидан Навоийнинг «Мажолисун-нафоис» асари форсийга ўгирилган. Кейинчалик улуғ бобомизнинг бошқа асарлари ҳам бир қатор шарқ ва ғарб тилларига таржима қилинган, унинг асарларидан илҳомланган ҳолда турли тилларда янги-янги китоблар битилган. Бугун Москва, Боку, Токио, Шанхай сингари дунёнинг йирик шаҳарларида Алишер Навоийга ҳайкал ўрнатилгани ҳам жаҳон ҳамжамиятининг бу улуғ шоирга беқиёс ҳурматидан далолат беради.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари унинг набираси Акбаршоҳ даврида форс тилига, кейинчалик қатор Европа тилларига таржима қилиниб, дунё ўқувчилари кутубхонасидан жой эгаллаган эди. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Замонавий ўзбек адабиётининг буюк вакиллари яратган асарлар ҳам дунёнинг турли тилларига ўгирилган.

Бугунги кунда ҳам адабиётга, китобга бўлган қизиқишни ошириш мақсадида юртимизда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил
13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарори ҳам халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг китобга бўлган қизиқиши ва меҳрини оширишда катта аҳамият касб этмоқда. Хусусан, юртимизда ҳали дунё мамлакатларининг ҳеч бирида амалга оширилмаган эзгу ҳаракат – «Ёш китобхон» танловининг ўтказилаётгани ҳам ана шундай улкан ишлардан далолат беради. Мазкур танлов ғолибларига ютуқ сифатида автомашина берилаётгани ҳам китобга меҳри баланд ёшларимизни рағбатлантиришга катта ҳисса қўшмоқда.

Ўзбек китобхонларига ўзининг бир қатор асарлари билан яхши таниш бўлган Озарбайжон халқ ёзувчиси Анор юртимизга ташрифи ҳақида ёзган бир мақоласида «Ўзбекистонда ёш китобхонларга машина совға қилишаркан, ёшроқ бўлганимда, мен ҳам бу танловда, албатта, иштирок этардим», деб лутф қилган эди.

Албатта, эътибор ва рағбат ўз самарасини бериши шубҳасиз. Аммо китобга, адабиётга муҳаббат ҳар бир инсоннинг қалбида, энг аввало, оилада шаклланиши лозим. Ота-­оналар ўз фарзандларини фақат яхши едириб, кийинтириш, уларга қимматбаҳо ўйинчоқлар, телефон ёки планшетлар олиб бериш билан чекланиб қолмаслиги лозим. Энг аввало, уларнинг китобга, адабиётга бўлган қизиқишини оширишсагина, миллатимиз истиқболи порлоқ, юртимиз эртаси чароғон бўлади.

Аммо кейинги йилларда техника ва технологияларнинг ривож­ланиши, ахборот коммуникациялари, интернет, турли гаджетлар дунёни забт этаётган бир пайтда адабиётга бўлган эътибор сусайгандек кўринади. Хусусан, халқимизнинг китобхонлик даражаси дунёнинг бош­қа халқлари билан солиштирганда, анча паст экани яққол кўзга ташланади.

Статистик маълумотларга кўра, француз, инглиз, немис, француз ва японлар дунёнинг энг китобсевар халқлари қаторида экан. Яқинда Германиядан қайтган бир танишим ҳар бир бекатда китоб дўкони борлиги ва у харидорлар билан гавжум эканидан ҳайратга тушганини айтиб берганди.

2011 йилда Японияда юз берган мудҳиш зилзила эсингиздадир? Худди ўша фожиа лавҳалари жаҳон экранларида қайта-қайта кўрсатилди. Шунда уй-жойидан ажралган, ҳеч вақосиз қолган японларнинг очиқ осмон остида, адёлга ўралганча китоб ўқиб ўтирганини ҳам кўп бора кўрсатишган эди. Ўша биргина лавҳа японларнинг қанчалик тараққий этганини кўрсатмайдими?

Бундан икки йил аввал Туркияда бўлганимда, одамлар Анқара марказидаги уч қаватли китоб дўконида навбатда туриб китоб олаётганини кўргандим. Бошқа кўпгина мамлакатларда ҳам китобга, адабиётга бўлган қизиқишга ҳавас қилса арзийди. Аммо бизда китоб дўконлари у қадар гавжум эмаслиги, айрим чекка туманларда эса бир пайтлар одам аримаган китоб дўконлари аллақачон ёпилиб кетгани кишини ўйга толдиради.

Эҳтимол, адабиёт моддий жиҳатдан у қадар катта фойда келтирмас. Аммо унинг маънавий фойдаларини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Тасаввур қилинг, ҳар йили дунё бўйича қотиллик, босқинчилик, талончилик, террорчилик сингари миллионлаб жиноятлар содир этилади. Улар орқали дунё мамлакатлари миллиардлаб доллар миқдорида зарар кўради. Ана шу жиноятчиларнинг шахси ўрганилганда, уларнинг орасида китобга, адабиётга меҳр қўйганлари деярли учрамайди. Чунки ҳақиқий адабиёт инсонни ҳеч қачон жиноятга ундамайди, ёвузлик ва зулмдан қайтаради.

Дунё тан олган буюк ёзувчиларнинг асарларига кўз ташлайлик: Гомер, Данте, Румий, Навоий, Ҳофиз, Сервантес, Гёте, Шиллер, Мопассан, Толстой ва яна юзлаб ана шундай даҳо адибларнинг барчаси бутун инсониятни ҳамжиҳатликка, дўстликка, олижанобликка ундаган. Уларнинг асарларини ўқиган инсонлар бош­қалар мулкига кўз олайтирмайди, юртига хиёнат қилмайди.

Демак, фарзандларимизни ўқи­тиш, адабиётга меҳр билан улғайтириш орқали уларнинг маънавий комиллигига ҳисса қўшамиз. Улар элига, юртига садоқатли бўлиб улғайса, зулм ва адолатсизликдан нафратланса, бундан Ватанимиз қанчалик фойда кўришини тасаввур қилиш қийин эмас.

Шундай экан, ҳозироқ болаларимизнинг қўлига китоб берайлик, ўзимиз ҳам ўқийлик! Зеро, биз яшаётган уй, мамлакат, дунё янада гўзал, янада обод бўлиши ўзимизнинг қўлимизда!

 

Рустам ЖАББОРОВ,

журналист.