Ўзбекистон салоҳияти дунё нигоҳида

  • 10:07
  • 08,07-2019
  • 824
  • Улашинг

Жаҳоннинг нуфузли халқаро ташкилотлари, молиявий-иқтисодий тузилмалар, давлат раҳбарлари ҳамда етакчи халқаро рейтинг агентлик­лари, экспертлар кейинги йилларда Ўзбекистонда шиддат билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, модернизация жараёнларини кузатиб, уларнинг самарадорлигини таҳлил қилишмоқда. Ўзбекистонда валюта, савдо ва нарх сиёсати эркинлашгани, давлат бошқарувидаги институционал ўзгаришлар, мамлакатда олтин, валюта ва бюджет захираси етарли эканлиги, давлат қарзининг камлиги сингари муҳим омилларга алоҳида эътибор қаратишяпти. Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати, ўзаро тенг ва манфаатли ҳамкорликка асосланган фаолияти улар томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси» нафақат мамлакатимиз, балки хорижда ҳам катта қизиқиш уйғотди.

Юртимизда янгиланиш ва ўзгаришлар йўналишларини акс эттирган ушбу муҳим дастурий ҳужжат ҳамма соҳаларни қамраб олган бўлиб, кенг кўламли ислоҳотлар йўналишлари, уларни амалга ошириш механизмлари ва шакллари, ижро этиш муддатлари ҳамда масъул ижрочилар, мутасадди ташкилотлар лойиҳаларни молиялаштириш ишигача бўлган масалаларни ўз ичига олган. Ҳаракатлар стратегиясининг муваффақиятли амалга оширилаётганлиги жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар билан ҳамкорлиги кучайиши натижасида минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит яратилди. Минтақа мамлакатлари ўртасида ўзаро ишонч ва яхши кўшничилик алоқалари мустаҳкамланяпти. Минтақа мамлакатларининг хамкорлиги бундан буён янада кучайиши таъкидланяпти.

Ўзбекистон кўшни мамлакатлар билан биргаликда чегаралар, сиёсий масалаларда тўпланган муаммоларни бартараф этмоқда. Ушбу муҳим омил минтақадаги кучлар нисбатини сезиларли даражада ўзгартириб юборди. Айниқса, Ўзбекистоннинг Афғонистон билан иқтисодий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлиги яқин келажакда ижобий натижалар бериши кутилмоқда.

Минтақавий муаммоларга бағиш­ланиб Ўзбекистон ташаббуси билан ўтказилаётган халқаро ташкилотлар, давлатлар раҳбарлари иштирокидаги анжуманлар ҳам яхши анъанага айланмоқда. Шунинг­дек, экспертлар Ўзбекис­тоннинг МДҲ фаолиятидаги иштирокига янги суръат бағишлашни мақсад қилганлигига алоҳида эътибор қаратяпти.

Президентимиз таъкидлаганидек, бугунги кунда ушбу ташкилотни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш зарур, чунки бу тузилма биз учун устувор соҳаларда ҳамкорлик қилишнинг ғоят муҳим институтидир. Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар эса бизнинг доимий шерикларимиз, қўшниларимиз ва дўстларимиздир.

Ўзбекистон МДҲ Иқтисодий Кенгашидаги иштирокини қайта тиклаганлиги, унинг ҳуқуқий базаси ва ҳамкорлик ҳолатини қайтадан кўриб чиқиб, шу асосда уни кенгайтириш учун имкониятлар истиқболи режалаштирганлигини маълум қилди.

Дастлабки 25 йил мобайнида Ўзбекистонда бирор марта ҳам МДҲ Саммити ўтказилмаган. Мана шу ва бошқа омилларни эътиборга олган ҳолда, Шавкат Мирзиёев 2020 йилда Ҳамдўстликка Раисликни қабул қилиш ва навбатдаги Саммитни Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилганлиги эътирофга молик бўлди.

Жумладан, Ҳамдўстлик маконида ҳеч қандай истисно ва чекловларсиз тез фурсатда тўлақонли эркин савдо ҳудудини шакллантириш, МДҲга аъзо мамлакатлар билан савдо, инвестиция, инновация ва молия соҳаларида янги лойиҳаларни амалга ошириш, транспорт, коммуникация соҳаси тизимини ривожлантириш, минтақамизнинг улкан транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, маъмурий тартибот ҳамда регламентларни такомиллаштириш, илмий-амалий техник ҳамкорлик соҳасида алмашинувни кенгайтириш, туризм соҳасини ривожлантириш, ҳарбий-техника соҳасида кооперацияни кучайтириш, хавфсизликка таҳдид солувчи замонавий хавф-хатарларга ўз вақтида муносиб жавоб қайтариш, жиноятчилик, халқаро терроризм, экстремизм, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши, одам савдосига қарши курашишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус хизматлар йўналишидаги ҳамкорлик муҳим амалий аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. Шунингдек, Ўзбекистон Россия, Марказий Осиё мамлакатлари ва МДҲнинг бошқа давлатлари билан ҳамкорликда Афғонистон муаммосини сиёсий йўл билан ҳал қилиш бўйича кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги қўшнилари МДҲ давлатлари, шунингдек, Хитой Халқ Республикаси, АҚШ, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Корея Респуб­ликаси ва Япония билан муносабатларини янада ривожлантиришга қаратилган фаол ташқи сиёсати жаҳон ҳамжамияти томонидан илиқ кутиб олинмоқда.

Хорижлик экспертлар шунинг­дек, Ўзбекистон сиёсий ҳаётида муҳим воқеа – Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти томонидан икки марта (2017 йил 22 декабрь, 2018 йил 28 декабрь) мамлакат парламентига – Олий Мажлисга Мурожаатнома тақдим этганлиги яхши анъанага айланаётганлигини мамнуният билан қайд этди. Уларда мамлакатнинг ички ҳамда ташқи сиёсатини амалга оширишнинг устувор йўналишлари, вазифалари, дастурлари, қилинган ишлар сарҳисобининг жиддий таҳлили, келгуси йилнинг номланиши каби масалаларнинг эълон қилиниши, ислоҳотлар изчиллигини таъминлаш ва давом эттириш белгилаб берилаётганлигини бир неча бор эътироф этишяпти.

Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрўсини ошириш, Ўзбекистон Респуб­ликасининг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини холис, ҳаққоний баҳолашни таъминлаш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар тобора жадаллашяпти. Шу мақсадда Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга биноан, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг­лар ва индекслардаги ўрнини мониторинг қилиш ва баҳолаш миллий тизими – Миллий мониторинг тизими яратилиб, унинг вазифалари белгиланди. 17 йўналиш бўйича алоҳида халқаро рейтинглар бириктирилган тадқиқот институтлари ва марказлар шакллантирилди.

Юртимизда шиддат билан кечаётган ислоҳотларнинг «Fitch Ratings», «Standart & Poo`rs» сингари нуфузли агентликлар илк марта халқаро суверен кредит рейтингини белгилади. Ана шу рейтинг баҳолари «Барқарор» прог­нозга эга бўлиб, 12–18 ой мобайнида ушбу кўрсаткичнинг пасайиш эҳтимоли камлигини билдиради.

Айтиш жоизки, эришилаётган бундай рейтинг баҳолари кўпгина ривожланаётган давлатларга нисбатан юқорироқдир. Жаҳон банки экспертлари маърузасига кўра, 2019 йилда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот 5,3 фоизга,
2020 йилда 5,5 фоизга, 2021 йилда эса 6 фоизга ўсиши прогноз қилинди.

Янгиланаётган Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшиш ҳар бир юртдошимизни ташаббус кўрсатишга ундамоқда. Бугунги кунда бундай саъй-ҳаракатлар уларнинг муҳим ва шарафли бурчига айланган. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, фуқароларда ҳам ислоҳотларга нисбатан дахлдорлик ҳисси шаклланиши керак. Ана шундагина кўзланган мақсадларга эришиб, олдимизга қўйилган вазифаларнинг тўлиқ уддасидан чиқамиз.

 

Шуҳрат ҒОЙИБНАЗАРОВ,

сиёсий фанлар доктори,

профессор, истеъфодаги полковник.