Ички ишлар органлари тизимида тиббий маданият

  • 10:08
  • 05,08-2019
  • 406
  • Улашинг

Мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб мамлакатимизда инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, миллат соғлиғи тўғрисида қайғуриш энг долзарб вазифалар сирасига киритилди ва бу борадаги давлат дастурлари амалга оширилмоқда. Аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни вояга етказиш масалалари бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Инсон саломатлиги кўп жиҳатдан унинг ўзига боғлиқ. Соғлом турмуш тарзига риоя қилган, тиббий маданияти юксак кишининг умри узоқ, ўзи турли хасталиклардан йироқ бўлади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, соғлом турмуш кечириш ва узоқ умр кўриш 50–55 фоиз инсоннинг ҳаёт тарзига, 20 фоиз ирсиятга ва атиги 8–10 фоиз тиббиёт хизматига боғлиқ экан. Демак, узоқ ва саломат яшашнинг асосий шарти – тиббий маданият ҳамда соғлом турмуш тарзига риоя этишдир.

Тиббий маданият ва соғлом турмуш тарзи деганда, энг аввало, шахсий гигиена қоидаларини мукаммал ўзлаштириш, атроф-муҳит тозалигининг аҳамиятини англаш ва аҳоли саломатлигини сақлашга қаратилган ҳаракатлар тушунилади.

Буюк ватандошларимиз Абу Али ибн Сино, Абу Наср Форобий, Мусо ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абдураҳмон Жомий, Баҳоуддин Нақшбандларнинг бу борадаги қарашлари сирасига ички тозаланиш ва руҳий осойишталик, қоматнинг мутаносиблигини сақлаш, кийиниш гигиенаси, ҳавонинг тозалиги ҳамда мўътадил уйқу, дам олишни таъминлаш кабиларни ҳам киритиш мумкин. Ҳозирги даврда асосий эътибор энг муҳим масала – аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш, тиббий маданиятни ривожлантиришга қаратилмоқда. Бу жиҳатдан ИИВ Тиббиёт бошқармаси ва унинг таркибидаги поликлиникаларда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, ички ишлар органлари ходимлари хизматларда юқори натижаларга эришиши ва ҳуқуқбузарлик­ларга қарши курашиши учун, биринчи навбатда, соғлом, жисмонан бақувват бўлиши талаб этилади. Осойишталик посбонлари ана шундай даражага эришиши учун эса тиббиёт ходимлари масъул. Айни пайтда олдимизда турган вазифаларни тўла бажаришга имкониятлар етарли. Вазирлигимизнинг эътибори туфайли тизимдаги барча поликлиникалар, Марказий госпиталь ҳамда соғломлаштириш санаторийлари қайта таъмирланиб, замонавий асбоб-ускуналар, тиббиёт учун зарур жиҳозлар, автомашиналар билан таъминланган.

Эндиликда саломатлигини тиклашни истаган ходим бундан бир неча йиллар аввалгидек айрим жиҳозларнинг етишмаслигидан сарсон-саргардон бўлмайди. Чунки ҳар бир поликлиникада беморларни ўша жойнинг ўзида текшириб, ташхис қўйиш, даволаш ҳамда зарур муолажалар ўтказиш учун шарт-шароитлар яратилган.

Шунингдек, бир неча йилдирки, ИИВ тизимидаги тиббиёт ходимлари гуруҳларга бўлиниб, жойларга чиқишяпти. Бундан кўзланган асосий мақсад, ходимлар саломатлигини янада мустаҳкамлаш баробарида, айрим хасталикларнинг ривожланишига чек қўйишдан иборат. Бу жараёнда ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш юзасидан тарғибот ва ташвиқот ишларига ҳам эътибор кучайтириляпти.

Цивилизация касалликлари ҳисобланган артеросклероз, қон босими, миокард инфаркти, ишемия ва коронар хасталиклари, юрак-қон томир касалликлари ҳозирги жараёнда инсонга жиддий хавф туғдирмоқда. Носоғлом турмуш тарзи ва тиббий маданиятнинг сусайиб кетиши оқибатида бундай хасталиклар келиб чиқади. Булар овқатланиш режимининг бузилиши, жисмоний машқлар билан мунтазам шуғулланмаслик, алкоголь ва чекиш, интим муносабатларнинг сусайиши оқибатидир.

Таъкидлаш жоизки, ҳар бир миллат ва жамиятнинг энг қимматли хазинаси соғлом, ахлоқий баркамол оиладир. Ҳозирги шароитда оилаларда умуминсоний ва миллий қадриятлар илдизига таянган, шарқона ахлоқий тарбиядан баҳраманд бўлган маънавий-ахлоқий муносабатлар қарор топмоқда. Оилада ахлоқий асослар соғлом бўлмаса, ўсиб-­унаётган «умр дарахти» синади ва ҳосил бермайди. Оиланинг мустаҳкамлиги эса ҳар томонлама соғлом турмуш тарзига, шунингдек, том маънода айтадиган бўлсак, инсонларнинг тиббий маданиятига боғлиқдир. Оилада тиббий маданиятни, соғлом турмуш тарзини шакллантириш — жисмоний баркамоллик ва саломатликка эришишнинг муҳим омилидир.

Ана шу тамойилларга таянган тиббиётчиларимиз ходимларнинг хонадонларига бориб, уларнинг оилавий шароитларини ўрганиш баробарида, соғлом турмуш тарзи қоидалари юзасидан суҳбатлар ўтказиб, зарур бўлса, тиббий ёрдам кўрсатяпти, хонадондагиларни ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтказиш натижасида эса вужудга келаётган касалликларни барвақт аниқлаш ҳамда уни эрта бартараф этиш имконияти туғилмоқда. Шулар қаторида Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ички ишлар органлари ходимларининг
1 ёшдан 14 ёшгача бўлган фарзандлари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, касаллик аниқланганлари стационар шароитда даволанишлари таъминланяпти.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар тиббиёт тизимини тубдан такомиллаштириш, сифат жиҳатдан янгиланган, барқарор ва унумли тизимни шакллантиришга имконият беряпти. Бу борада ривожланган мамлакатлардаги тиббиёт тизими, замонавий ташхислаш ва инновацион даволаш усулларини мамлакатимиз тиббиётига имплементация қилиш йўналишида ҳам бир қанча ишлар қилинмоқда.

Жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Ўзбекистон Рес­публикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорликда соғлом ҳаётга қадам ташлаш акцияси ҳамда очиқ эшиклар куни, «Саломатлик майдончалари», «Соғлом овқатланиш ярмаркаси», «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин» тадбирларининг мунтазам равишда ўтказилаётгани бунинг ёрқин далилидир.

Ички ишлар вазирининг 2019 йил 14 мартдаги 53-сонли фармойиши шахсий таркиб ўртасида тиббий маданиятни ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилишида асосий дас­туруламал бўлмоқда. Бунда тиббиёт ходимлари томонидан шахсий таркиб ўртасида соғлом турмуш тарзининг касалликларнинг олдини олишдаги роли ва аҳамияти, овқатланиш ва жисмоний фаоллик, стрессларга чидамлилик кўникмаларининг муҳимлиги, зарарли одатлардан халос бўлиш зарурлиги тушунтирилмоқда. Шунингдек, ортиқча вазн, кашандалик, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, камҳаракатлик, дам олиш тартибига риоя қилмаслик каби кенг тарқалган, аммо тузатиш мумкин бўлган хавф омилларини аниқлаш бўйича тадбирлар ташкил этиляпти.

Бундан ташқари, шахсий таркибнинг ўз турмуш тарзида ижобий ўзгариш­ларга интилишларини қўллаб-қувватлайдиган, саломатлик механизмларини сақлаш ва мустаҳкамлашга ҳаракат қилишини таъминлаш кабиларга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Сўнгги йилларда тиббиётда амалга оширилаётган ислоҳотлар тизимнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, замонавий тиббиёт талабларига жавоб бера оладиган, касалликларни эрта аниқлаш ва тўғри ташхис қўйиш ҳамда даволаш усулларини қўллашга қаратилгандир. ИИВ тизимида ҳам тиббий хизматни ривож­лантиришнинг энг муҳим вазифаларидан бири ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар (сил, онкология, юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет) билан касалланган ходимларни диагностика қилиш ва касалликларни эрта аниқлашга доир ишлар янада жадаллашмоқда. Тизимда тиббий ёрдам олиш имкониятларини кенгайтириш билан диагностик маслаҳат, даволаш-профилактика, пуллик хизмат кўрсатиш кўламини кенг йўлга қўйиш, унинг сифатини ошириш, диагностика ва экспресс диагностикани таъминлаб берувчи жиҳозлар киритиш кабилар шулар жумласидандир.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, бу дунёда ҳамма бахтли яшашни истайди. Бундай орзуга эришишнинг бош омили сиҳат-саломат бўлишдир. Соғлом инсон эса жамиятнинг асосий бойлигидир. Чунки соғлом инсондангина соғлом фикр, соғлом ғоялар туғилади. Ватанимиз равнақи ва келажаги йўлида юксак марралар забт этишни, юқори натижаларга эришишни кўзлаган эканмиз, миллий саломатликни асраш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга жиддий эътибор беришимиз керак. Зотан, соғлом турмуш тарзи бахтли келажакнинг муҳим омилидир.

 

Феруза ЗАКИРОВА,

ИИВ Марказий поликлиникаси бошлиғи, полковник.