Тамагирлик — маънавий таназзул ўчоғи

  • 21:07
  • 26,07-2019
  • 931
  • Улашинг

Инсон аввало ўзининг маънавияти билан бошқа мавжудотлардан ажралиб туради. Маънавият тақдирнинг эҳсони эмаслиги ҳақида кўп ёзилган. Одам ўз-ўзидан маънавиятли бўлиб қолмайди. Гап унинг моҳиятини чуқур англашдадир. Маънавиятли инсон яхши яшаш учун ҳалол меҳнат қилиш керак деб ҳисоблайди. Юксак маънавий фазилатлар инсонга ҳаётида барқарорлик, мазмун бағишлайди. Бундай фазилатлар ичида, айниқса, ҳалоллик ва поклик инсон ҳаётида, камолотида ниҳоятда катта аҳамиятга эга. Айнан ана шу хислатлар уни бойлик орттириш йўлида инсофсизлик қилишдан тияди, моддий қийинчилик кунларида иродасини мустаҳкамлайди.

Қаердаки ҳалоллик ва поклик устувор бўлса, ўша жойга қут-барака ёғилади, кутилган натижалар ҳам осонлик билан қўлга киритилаверади. Бунинг акси ўлароқ, ҳаром-хариш аралашган жойдан барака кўтарилади. Баъзан бир неч­та нопок ходим туфайли бутун тизим ёмонотлиққа чиқади. Афсуски, одамзоднинг табиатида фалокатга судровчи нафс аталмиш иллат мавжуд. Айнан нафс, мол-дунё иштиёқи инсонни тамагирликка ундайди.

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида «тама» ибораси «кучли истак», «ҳирс», «очкўзлик» маъноларини англатиши кўрсатиб ўтилган. Тамагирлик бировдан бир нарсани кутиш ва шунинг илинжида бўлиш ҳамдир. Мутахассисларнинг қайд этишича, тамагирлик деганда «содир қилинган жиноятдан моддий ёки бошқача мулкий йўсиндаги фойда олиш ёхуд моддий харажатлардан қутулишга интилишда ифодаланган ният» тушунилади.

Шу ўринда қадимги Хитой файласуфи Сюн-Цзининг ёзганларига мурожаат қиламиз: «Фақат ўз шахсий манфаати ҳақида қайғуриб, бурчини унутмоқлик ўтакетган пасткашликдир. Комил инсон текшириб бўлмайдиган сўзларга, илгари учрамаган ҳаракатларга ва фикрларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлади», дейди у.

Худбинлик ва манфаатпарастлик тамагирликнинг муҳим белгисидир. Тамагирлик инсон ва жамият манфаатларига жиддий путур етказади. Бу иллат, ўз навбатида, ҳалол меҳнатга нисбатан беписандлик, енгил-елпи ҳаётга интилиш каби бошқа иллатларнинг шаклланишига, урчишига сабаб бўлмоқда. Тамагирлик туфайли қўлга киритилган даромад маънавий мезонлар билан ўлчаганда ҳаром даромад, қонун нуқтаи назаридан эса жиноий даромаддир. Содда қилиб айтганда, моддий бойлик адолатсиз йўл билан, меҳнат қилмасдан ўзлаштирилади. Натижада бундай даромад одамлар орасида ижтимоий тенгсизликни, норозиликни келтириб чиқаради ва кучайтиради.

Мутахассислар фикрларини ўрганиш баробарида таъкидлаш жоизки, жиноят содир этилишида тамагирлик турли шаклларда ифодаланиши мумкин. Ушбу иллат, аввало, муайян моддий манфаатни, моддий қимматликларни, ўзганинг мулкини қўлга киритишга интилиш билан боғлиқ бўлади.

Тамагирлар талон-торожлик, порахўрлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби жиноятларни содир этишга мойил бўлишади. Уларда илмий тил билан айтганда «жамғариш инстинкти» чегарага эга бўлмайди. Жайдаричасига айт­сак, бу тоифадаги одамларнинг нафси ҳакалак отади. Нафс қулига айланган кимса эса ҳеч қандай пасткашликдан тап тортмайди. «Тамагирлик – маънавий таназзул ўчоғи» деганимизнинг боиси ҳам шунда.

Шу ўринда Амир Темурнинг давлат бошқарувига назар ташласак, адолат ва қудрат тимсоли бўлган Соҳибқирон салтанат бошқарувидаги мансабдор шахсларнинг қўл остидаги ходимлар ва халққа нисбатан тамагирлик қилмасликлари учун уларнинг молиявий таъминотига алоҳида эътибор бериб турганлигини қайд этиш лозим.

Бизнинг бой тарихимиз, аждодларимизнинг маънавий мероси, диний ва миллий қадриятларимиз барчамизни ҳалол бўлиб яшашга ундайди. «Тамагирлик муқаррар равишда ҳалокатга олиб келади», деган экан донишмандларимиз.

Тамагирлик қай ҳолатда ва қай вазиятда юзага келмасин, ҳар доим қонунга зид равишда ўзгалар ҳисобидан бойлик орттириш билан боғлиқ бўлади. Мазкур қилмишнинг ижтимоий-иқтисодий оқибати шундаки, ушбу иллат тараққиёт кушандаси ҳисобланган коррупцияга оид муносабатларнинг шаклланишига олиб келади. Афсуски, бугун жамиятимизнинг айрим аъзолари учун маиший қулайликка ортиқча интилиш, буюмпарастлик, пулпарастлик, боқимандалик одатий ҳол бўлиб қолган. Чинакам маънавиятли инсонга эса камтарин тарзда турмуш кечириш хос бўлиши керак.

Авваламбор, биз катталар ортиқча ҳашаматга, кайфу сафога, дабдабабозликка, кимўзарликка берилмасдан, жондан азиз фарзандларимиз маънавий оламини асрлар синовидан ўтган қадриятларимиз билан бойитиш хусусида қайғуришимиз лозим. Сабр-қаноат, шукроналик, инсоф-диёнат, ҳалоллик, адолатпарварлик, инсонпарварлик, саховатпешалик, раҳмдиллик, меҳр-оқибат, мурувват ана шундай бебаҳо қадриятларимиздан саналади.

Шу боис, яна бир бор таъкид­лаймизки, ҳалол меҳнат инсон камолотга эришишининг муҳим шарт-шароити ҳисобланади. Пешона тери, ҳалол меҳнати орқали турмуш кечириш инсоннинг эҳтиёжига айланмаса, у ўз эҳтиёжларини бировларнинг ҳисобига, енгил, осон йўллар билан қондиришга ҳаракат қилса, ҳаётда қоқилиши, одамлар орасида юзи шувут бўлиши, ҳатто жиноий жавобгарликка тортилишгача бориши айни ҳақиқат. Агар жамиятда тамагирлик авж олса, маънавият таназзулга юз тутади.

Маълумки, давлатимиз раҳбари ҳар доим ўз маърузаларида, мулоқот ва суҳбатларида одамларни ҳалолликка даъват этадилар. Президентимиз ҳаром йўллар билан бойлик орттириш, ўзгалар ҳаққига хиёнат қилиш каби иллатлардан сақланиш лозимлиги тўғрисида таъкидлаб келади. Тамагирликдан ўзини тия олмаганлар қандай лавозимда ишламасин, охир-оқибат жавобгарликка тортилиб, афсус-надомат чекаётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Бу барчамизга сабоқ бўлади, деб ўйлаймиз.

Оғирнинг устидан, енгилнинг остидан ўтишга интилиш ижтимоий қонун-қоидаларга зид хулқ-атвор манбаига айланади. Бундайин хулқ-атвор эгалари кўпайиб кетса, юқорида айтганимиздек, жамиятни маънавий таназзулга дучор қилади. Шу боис, енгил ва осон йўл билан ўз эҳтиёжларини қондириш, ижтимоий қонун-қоидаларга, юксак одоб-ахлоқ меъёрларига зид хулқ-атворнинг вужудга келиши ўз навбатида жиноий хатти-ҳаракатлар келиб чиқишига, порахўрлик иллатининг кенг ёйилишига замин ҳозирлашини ҳеч қачон унутмаслигимиз, жамиятда соғлом маънавий муҳитни вужудга келтириш йўлида тинмай курашишимиз керак.

 

Шариф ҚОБИЛОВ,

ИИВ Академияси доценти, полковник.