ФАОЛ ИНВЕСТИЦИЯЛАР – ТАРАҚҚИЁТГА ҚАНОТ

  • 10:04
  • 01,04-2019
  • 575
  • Улашинг

Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий жабҳаларда содир бўлаётган ўзгаришлар халқаро ҳамжамият томонидан катта эътиборга сазовор бўлмоқда. Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2019 йилни «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб эълон қилди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари ўз чиқишида келгуси йилда 2018 йилда бошланган лойиҳа ва дастурлар давом эттирилишини айтиб, жаҳон тажрибасига асосланган ҳолда фаол инвестицион сиёсат олиб борувчи мамлакатлар ривожланишда юқори муваффақиятларга эришаётганини алоҳида таъкидлади.

2019 йил мамлакатимизда 138 триллион сўмлик сармоя ўзлаштирилиши ва бу 2018 йилга нисбатан 16 фоизга зиёд эканлиги, шунинг­дек, хорижий инвестициялар ҳажми 4,2 миллиард долларни ташкил этиши, бу, ўз навбатида, 2018 йилга нисбатан 1,5 баравар кўп эканлиги ҳам эътироф этилди.

Таъкидлаш жоизки, йил бошидан давлатимизда кескин иқтисодий ўзгаришлар содир бўла бошлади. Жумладан, шу йил 28 февралда Халқаро бизнес марказида Ўзбек–Британия савдо ва саноати Кенгашининг (UBTIC) 24-йиғилиши ташкиллаштирилди. Ушбу тадбирда иштирок этиш мақсадида 55 та Британия компаниясидан 100 дан ортиқ ишбилармон доиралар вакиллари мамлакатимизга ташриф буюришди. Жумладан, «Hive Energy», «Nationwide Technologies LTD», «Worley Parsons Europe Limited», «The British School of Tashkent», «Hiltron/ZEF», «British Pharma», «Rolls-Royce» фаол иштирок этиб, мажлиснинг иккинчи қисми инвестициявий ҳамкорлик, таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳасидаги истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш каби мавзуларга бағишланди.

UBTIC доирасида ижтимоий, таълим ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қатор ҳужжатлар имзоланди. Томонлар келишуви асосида Қашқадарё вилоятида замонавий агросаноат мажмуини яратиш лойи­ҳасини амалга ошириш мақсади кўзланди. Таълим соҳасида Буюк Британиянинг тегишли таълим муассасалари билан Президент мактабларини ташкил этиш, замонавий университет яратиш тўғрисида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Делегациянинг навбатдаги учрашувларида кимё, нефть-кимё, нефть-газ саноати, энергетика, тоғ-кон саноати, транспорт ва шаҳарсозлик инфратузилмаси, фармацевтика, соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги, туризм каби соҳаларда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Яқинда эса Бирлашган Араб Амирликларининг (БАА) Иқтисодиёт вазири бошчилигидаги ишбилармон доира вакилларидан и­борат делегация ташрифи доирасида Халқаро бизнес марказида савдо-иқтисодий ва илмий техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон–БАА ҳукуматлараро комиссиясининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унинг кун тартибида «Mubadala» компанияси иштирокида углеводородларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, «Ўзбекнефтегаз» АЖнинг «ADNOC» компанияси билан алоқаларни давом эттириш ҳамда «Masdar» компанияси билан қайта тикланадиган энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, пойтахтимизда Марказий Осиё мамлакатлари Бош вазирларининг ўринбосарлари иштирокида биринчи Марказий Осиё иқтисодий форуми ўтказилди ва унда барча соҳалардаги, хусусан, товар айирбошлашнинг сезиларли даражада ўсиши, ишбилармон доиралар ўртасида бизнес алоқаларни мус­таҳкамлашда намоён бўлаётган мамлакатлараро ҳамкорлик алоҳида таъкидланди. Шуни айтиш жоизки, мазкур тадбирда халқаро ташкилотлар вакиллари, маҳаллий ҳокимият идоралари раҳбарлари, ишбилармон доиралар вакиллари, Марказий Осиё минтақаси эксперт-аналитиклар жамияти ва хорижий инвес­торлардан иборат 200 дан ортиқ иштирокчи қатнашди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири ҳамда Австрия Республикаси ташқи ишлар вазирининг Европа ва интеграция масаласи бўйича ўринбосари, шунингдек, Австрия элчиси билан учрашув бўлиб ўтди. Бу учрашувда икки томонлама иқтисодий муносабатларнинг ҳозирги ҳолати, ушбу йўналишда ҳукуматлараро ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари кўриб чиқилди. Учрашувда 2019 йил апрель ойида Тошкентда иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон–Авс­трия ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик ҳамда Австрия ва Ўзбекистон ишбилармон доиралари учун бизнес форумни ташкил этиш масалалари муҳокама этилди. Шунингдек, Вена молиявий-иқтисодий форуми ёрдамида Австрияда инвес­тиция форумини ўтказиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон делегациясининг Венгрияга ташрифи ҳам ташкиллаштирилиб, Венгрия Савдо-саноат палатаси доирасида бир қанча учрашувлар олиб борилди. Бундан кўзланган мақсад Венгрия ва Ўзбекистон ишбилармон доиралари ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат эди.

Айни пайтда Фарғона вилояти шаҳарлари ва туманларининг инвестиция ва экспорт салоҳиятини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ушбу вилоятда хомашё базаси, саноат инфратузилмаси, ишлатишга яроқли ер, бино ҳамда иншоотларнинг мавжудлиги чуқур таҳлил қилинди. Бундан ташқари, маҳаллий ишбилармон доиралар вакиллари билан лойиҳаларни амалга оширишнинг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш мақсадида учрашувлар ташкил этилиб, хорижий сармояларни жалб этиш орқали инвестиция фаолиятини жадаллаштириш истиқболлари ҳам кўрилмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда шуни айтиш мумкинки, 2019 йилни «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб эълон қилинган кундан бошлаб мамлакатимизда иқтисодий соҳада қисқа давр ичида самарали ва катта аҳамиятга эга ўзгаришларнинг амалга оширилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Зеро, кучли иқтисодий сиёсат давлатимиз ривожининг пойдеворидир.

 

Нилуфар НОДИРХОНОВА,

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети мустақил илмий изланувчиси.