Таълим жараёнида ёшлар тарбияси

  • 10:06
  • 17,06-2019
  • 1245
  • Улашинг

Янгиланаётган Ўзбекистон тараққиётини белгилайдиган ислоҳотлар ва модернизация жараёнлари жамият ҳамда унинг барча тизимлари олдига улкан вазифалар қўймоқда. Бу таълим соҳасига ҳам бевосита тааллуқлидир. Айтиш мумкинки, кейинги икки ярим йилда таълим соҳасида бошланган туб ислоҳотлар унинг сифатини оширишни, ўқувчи ёшларнинг ихтисослик бўйича чуқур билим эгаллаш билан бирга, баркамол шахс бўлиб шаклланишига шароит яратиш, узлуксиз ҳамда умумий ўрта таълим тизимини янгидан модернизация қилиш каби вазифалар белгиланганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Таълим тизимининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги ўрни беқиёсдир. Зеро, ушбу жараёнлар тақдири тайёрланаётган кадрлар малакасига бевосита боғлиқ. Масалан, ривожланган давлатларнинг барчаси ўз ютуқларига таълим соҳасини юксалтириш орқали эришиб келган.

Айнан таълим жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ва ҳар бир давлатнинг асоси бўлган инсон капиталини шакллантиришга муайян таъсир қилади. Таълим ва давлатнинг бундай муштараклиги ушбу соҳанинг сиёсатдаги ижтимоий муносабатлар ва давлатни бошқариш тизимида тутган ўрнини белгилайди.

Кейинги икки ярим йилда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ва дастурий ҳужжатларда белгилаб берилган устувор йўналишлар таълим соҳасида кечиктирилмасдан ижро этилишида муҳим роль ўйнайди.

Узлуксиз таълим ва тарбия тизимини яратиш учун бошланган ислоҳотлар ва модернизация жараёнлари шаффофлик ҳамда очиқлик сиёсати амалга оширилаётганлиги, уларнинг ўзаро масъуллигини кучайтиришга, бу соҳадаги барча субъектлар ролини оширишга хизмат қилмоқда. Масалан, илгари мавжуд бўлган муаммо ва камчиликлар ўз-­ўзидан барҳам топмоқда.

Президентимиз жамиятда ўқитувчи обрўси, мавқеи ва шаънини кўтариш кераклигини, айниқса, эркак ўқитувчиларни таълим жараёнига қайтариш, уларнинг маошларини оширишнинг пировард мақсади – жамиятимизда таълим соҳасининг обрўйи ва мавқеини юксалтириш ҳамда сифат жиҳатдан ўзгаришларга олиб келишини алоҳида таъкидлаганди. Шундан келиб чиқиб, таълим соҳасининг жамоат ташкилотлари, ОАВ билан ҳамкорлигига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Соҳадаги муаммоларни ҳал этиш бўйича амалга оширилаётган бундай ҳамкорликлар ўз самарасини бера бошлади.

Асосий вазифа – шиддат билан бошланган ислоҳотларни сусайтирмаслик, таълим-тарбия соҳасида тўпланиб қолган кўплаб муаммо ва камчиликларни зудлик билан ҳал этиш зарур. Таълим соҳасини модернизация қилишда хорижий давлатлар тажрибаларидан унумли фойдаланиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Хорижий тажрибани қўллаш таълим тизимини ислоҳ этиш ва модернизация қилишда хатоларга йўл қўймасликнинг олдини олади, таълим сифатини ошириш, ягона таълим маконини яратиш, узлуксиз таълим тизимини такомиллаштириш, ўз миллий мавқеимиз, тарихий қадриятларимиз, миллий хусусиятларимизни аниқ-равшан ҳис этишимиз имконини беради. Зеро, улар миллий маданиятимизнинг таркибий қисмлари ҳисобланишини доимо эътиборда тутмоғимиз лозим.

Масалан, мактабгача таълим муассасалари, умумий ўрта мактаблар, олий ўқув юртларида Жанубий Корея, Япония, Россия, АҚШ, Франция, Германия, Италия каби мамлакатлар билан бошланган ўзаро ҳамкорлик натижасида ушбу давлатлар таълим муассасалари Ўзбекистонда ўз филиаллари ва қўшма факультетларини очиб, илмга чанқоқ ёшларимизга истиқболли, рақобатбардош мутахассисликларни эгаллашлари учун кенг имкониятлар яратди.

Президентимизнинг жорий йил 29 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси халқ таълим тизимини 2030 йилгача ривож­лантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони таълим тизимини тубдан ислоҳ этиш ва модернизация қилишга дастуруламал бўлди.

Ушбу тарихий концепцияда белгиланганидек, Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожлантиришни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш, ўқув-тарбия жараёнига таълимнинг инновацион шакллари ҳамда усулларини жорий этиш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилга келиб PISA (The Programme for International Student Assessment) ўқувчиларнинг таълим соҳасидаги ютуқларини баҳолаш халқаро дастур рейтинги бўйича жаҳоннинг биринчи 30 та илғор мамлакати қаторига киришига эришиш мақсад қилиб қўйилди.

Ёшларнинг қизиқишларини эъти­борга олган ҳолда, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, бунинг учун барча шароитларни яратиш, давлат ва маҳаллий ҳокимият идораларининг, шу жумладан, ички ишлар органлари ходимларининг ҳам долзарб вазифалари ҳисобланади. Шу муносабат билан 2019 йил
19 мартда Президентимизнинг ёшларга таълим бериш ва уларни тарбиялаш, умуман, ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича бешта муҳим ташаббус­лари эълон қилиниб, мамлакатимиз бўйича кенг миқёсда амалга оширилмоқда. Тошкент вилояти Бўка тумани бу ташаббусларни амалга оширишда намуна ҳудуди этиб белгиланиб, айни пайтда, бу жойда мақсадли ўзгариш­лар амалга оширилмоқда.

Асосий мақсад ёшларимизнинг бўш вақтини уларнинг қизиқишларини инобатга олган ҳолда, мазмунли ташкил этиш, санъат, спорт, илм-фан, компьютер технологияси ва интернетдан фойдаланишлари учун шароитлар яратиш, хотин-қизларни иш билан таъминлаш каби эзгу ишларга қаратилган. Бунда олий ўқув юртларининг фаол иштироки ҳам белгиланган.

Ташаббусларнинг сиёсий аҳамияти яна шундан иборатки, бу билан ёшларимизни турли ёт ғоялар, таҳдид ва тажовузлардан ҳимоя қила оламиз, уларга қарши иммунитетини шакллантирамиз, маънавияти юксак, соғлом, ҳақиқий ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаймиз.

Фикримизча, барча таълим муассасаларида – умумий ўрта мактаб­лар, лицей ва коллежларда, олий ўқув юртларида ҳарбий тайёргарлик машғулотларини киритиш, қизлар учун бошланғич тиббий тайёргарлик фанлари ўқитилишини ташкил этиш зарур.

Албатта, бошланган бу хайрли ишлар яқин йилларда ўз самарасини бериб, авваламбор, бутун таълим тизими модернизациясини янги сифат босқичига кўтариб, ягона таълим макони яратилишига ва рақобатбардош, ватанпарвар мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилади.

 

Шуҳрат ҒОЙИБНАЗАРОВ,

сиёсий фанлар доктори,

профессор, истеъфодаги

полковник.