"Темур Тузуклари"да жанг санъати

  • 12:04
  • 08,04-2019
  • 3549
  • Улашинг

 Улуғ аждодимиз Амир Темур, гарчи буюк жаҳонгир бўлса-да, куч-қудрат зўрлигу зўравонликда эмас, аксинча, адолат, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликда эканини чуқур англаган. Унинг жанг бошқариш маҳорати, ўта мушкул ва имконсиз вазиятда ҳам тўғри йўл топа олиш қобилияти, ноёб ақл-заковати ҳар қандай одамни ҳайратга солади.

Амир Темур сиёсий тарқоқлик оқибатида парокандалик, оғир иқтисо­дий инқироз, босқинчиларнинг зўравонлиги, халқ норозилиги ва маъна­вий тушкунлик ҳукмрон бўлган Мовароуннаҳрни муқаррар ҳалокатдан қутқариб қолди. Юрт истиқболи учун матонатли кураш олиб бориб, марказлашган давлатни қайта тиклади. Давлат бошқарувида тартиб-интизом, қонуний­ликни мус­таҳ­кам­лаш, меҳнат аҳлига ҳурмат ва имконият, барқарор солиқ тизими, мам­лакат ҳимоясини таъминлашга катта эътибор берди. Ташқи сиёсатда душманлардан ҳимоя­ланиш, карвон йўлларининг хавфсизлигини таъмин­лаш, золим, сотқин ва хиёнаткор шахсларни жазолаш, ўз давлатининг сиёсий таъсирини кенгайтиришга ҳаракат қилган.

Маълумки, Темур тузган қўшин ўзининг стратегик ва тактик маҳорати билан ўша даврнинг энг мукаммал, кучли армияларидан ҳисобланади. Унинг ташкилотчиси ва етакчиси эса тажрибали, моҳир саркарда сифатида шуҳрат топди. «Темур тузуклари»да қўшиннинг тузилиши, қуролланиши, ҳарбий санъати ҳақида муҳим маълумотлар келтирилган. Хусусан, унинг жанг олдидан сафга тизилиши ва қўшинларнинг жойлаштирилиши ҳақидаги маълумотлар ниҳоятда қимматлидир.

Соҳибқирон 3 йиллик, 5 йиллик ва 7 йиллик ҳарбий юришлари билан тарихда ўзига хос ном қозонди. Амир Темур забт этилган ҳудуд ёки салтанатда зудлик билан тартиб-интизом, адолат ва барқарорликни ўрнатишга ҳаракат қилган, аҳоли ҳолидан хабар олиб, етим-есирларнинг бошини силаган, олимлар, тарихчиларнинг ҳурматини жойига қўйиб, уларга шарт-шароит яратиб берган. Узлуксиз урушлар даврида ҳам ободончиликка катта эътибор берганини кўплаб тарихий манбалар тасдиқлайди.

У дўст-душманлигига қарамай, ҳар жойда сипоҳийларни ҳурмат қилди. Ғаним сипоҳидан бирор одам ўз валинеъматига сидқидилдан хизмат қилиб, уруш кунларида унга қарши қилич кўтарган бўлса ҳам, ундай одамга нисбатан лутф-марҳаматлар кўрсатди. Қошига паноҳ истаб келганда, уни қадрлади.

Амир Темур буюк саркарда сифатида, энг аввало, ўз армиясининг интизомига ниҳоятда эътибор берган. Зеро, интизомсиз қўшиннинг ғалабасига ишониб бўлмаслиги, тартиб-интизом, жанговар руҳиятнинг аҳамияти нечоғли муҳимлигини тўғри англаган. Унинг бой мероси бўлган «Темур тузуклари»да ўқиймиз: «...мен билан иттифоқи бузилган тоифадаги бошқа амирларни ҳам бирма-бир холи жойга чорлаб, ҳар қайсиси билан алоҳида гаплашдим. Булардан мол-дунёга ҳирс қўйган очкўз ва тамагирларига мол-ашё ваъда қилдим, мансаб-мартабага, мамлакатларни бошқаришга кўз тиккан амалпарастларга қўлга киритган мамлакатлар, вилоятлардан бирининг ҳокимлигини бердим». Бундан ташқари, сипоҳийларни ҳам озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлаб, ширин сўз, очиқ юз билан уларнинг ишончини қозонганини, бир хизматини ўн баробар қилиб тақдирлаб, дилларини хушнуд айлаганини таъкидлайди. Зотан, лашкарлардан кўнгли тинчиган Темур ҳар қандай жангга илдам ва ишонч билан кириша олган. «Темур тузуклари»ни жангу жадал, уруш майдонига кириш ва чиқиш, қўшинни сафлаш, ғаним лашкарларини синдириш тузуклари сифатида ўзига хос ҳарбий низом деб қараш жоиздир.

Амир Темур лашкарларининг кам ёки кўплигига қараб, унинг тузилмасини доим такомиллаштириб, жанг санъатининг янги тамойилларини ишлаб чиқишни ҳеч қачон кечиктирмасликни ёдда тутган ва буни барча жангларининг муваффақияти деб билган. Жанг санъатининг марказида лашкарларнинг интизоми, руҳий тетиклиги, қурол-аслаҳани ишлатиш маҳорати ва қийин вазиятларда ўта тезлик билан тадбирларни қўллай олиш, лашкарбошиларга нисбатан ишонч ҳамда мустақил қарорлар қабул қилишга изн бериш тактикасини ҳам кенг қўллаган.

Соҳибқирон лашкарларнинг кўплиги ёки қурол-аслаҳасининг мукаммаллиги, ёрдам кучларининг ҳозирлиги билан бир вақтда, жанггоҳнинг географик муҳити, рельефи ва иқлимига ҳам катта эътибор берган. Темурнинг жанг санъати доимо ўзгарувчан ва мукаммал бўлганлигидан ғанимнинг бир тўхтамга кела олмаслиги, унинг тактикасини тезда илғаб ололмаслиги ҳам душманнинг мағлубиятига сабаб бўлган.

Тузукларда кўрсатилишича, ўн икки минг отлиқ аскарни тўққиз қисмга бўлиш ушбу тартибда амалга оширилган: қўлда бир фавж, баронғорда уч фавж, жавонғорда уч фавж, ҳировулда бир фавж ва қоровулда бир фавж турган.

Амир ул-умаро уруш майдонини танлашда тўрт нарсани назарда тутишини тайинлаган. Биринчиси – у ернинг сувга узоқ-яқинлиги, иккинчиси – аскар сақлайдиган ернинг хавфсизлиги, учинчиси – ғаним лашкари турган ердан тепароққа жойлашиши ва офтобга рўбарў бўлмаслиги, токи қуёш шуъласи сипоҳийлар кўзини қамаштирмасин, тўртинчиси – уруш майдони олди очиқ, кенг жой бўлиши лозим.

Соҳибқирон шундай ўгит беради:

«Сардор лашкар назоратчиси билан бирга, душман сипоҳининг оз-кўп­лигини мулоҳаза этсинлар, саркардаларини ғаним лашкарбошилари билан солиштирсинлар. Шунга қараб, ўз сипоҳларининг каму кўстларини тўғрилаб, жангга ҳозирлансинлар. Яна ўз сипоҳининг қурол-аслаҳаларини душманники билан таққосласинлар. Ғанимнинг уруш олиб бориш йўлларини шошмасдан, бир зайлдами ёки шиддат биланми, жангга киришишини кузатсинлар. Яна ғанимнинг жанг қилиш тартибини чамалаб кўрсинларки, улар бор аскари билан бир йўла от қўйиб, шиддаткорона ҳужум қиладими ёки фавж-фавж бўлиб, кетма-кет ҳамла этадими? Яна кўрсинларки, ғаним ҳамла вақтида, жанг қилиб орқага қайтиб, кейин яна ҳамлага киришадими ёки биринчи ҳамласи билан чегараланиб, охиригача савашадими? Ғаним агар орқасига қайтмай саваш қурса, сипоҳ унинг ҳамласидан етган зарбага сабр-тоқат қилиб, охиригача туриб бериши керак...

... Ишбилармон лашкарбоши ўзини ва тўққиз сипоҳий фавжини бир тандек кўриб, уларни қўл-оёғи, боши, кўкраги ва бошқа аъзоларини ишлатиб курашувчи бир паҳлавондек ҳисобласин. Шундагина, ғаним сипоҳи фавжлари устига кетма-кет урилган тўққизта қилич зарбасидан кейин, тўққизинчи зарбада, албатта, енгилишига умид қилса бўлади...

... Шундай қилиб, сардор ақлу тадбиркорлик билан иш юритиб, шошма-шошарлик қилмасин, чунки шошқалоқлик шайтоннинг ишидир. Чораси бўлмаган ишга киришмасин, чунки ундан қутулиб бўлмайди».

Дарҳақиқат, Амир Темур бир марта ҳам мағлубият аламини татиб кўрмаган. Қўшин ва ҳарбийлар орасида Соҳибқироннинг обрў-эътибори кучли бўлган, армия жуда серҳаракатчан тарзда фаолият юргизиб, эътиборга лойиқ тартиб-интизом ўрнатилган, катта ҳажмда мукофот пули тарқатиш расм бўлган.

Мунтазам қўшин салтанатнинг асосий пойдевори бўлганлиги учун ҳам Амир Темур унга катта эътибор берди. У ўз армиясини ҳарбий жиҳатдан такомиллаштираркан, қўшин бошлиқларини танлаш, тарбиялаш, ўрнига қўйиш, ҳарбий қисмларни жойлаштириш, навкар ва сарбозларнинг қуролланиши ҳамда ички интизом масалаларига алоҳида эътибор қаратган. Унинг қўшини асосан уруш пайтида тўпланадиган лашкарлардан иборат бўлиб, туман, минглик, юзлик, ўнликлардан ташкил топган. Туманларда аскарларнинг сони 10 минг, қўшинда 100 минг нафардан ортиқ бўлган. Темур ўн минглик лашкарларни бошқариш учун «мириҳазор», юзликлар учун «қўшинбоши», ўнликлар учун эса «айлбоши» каби ҳарбий унвонларни таъсис этган.

Амир Темур ўзининг улкан империясини улусларга бўлиб идора қилди. Мовароуннаҳрдан бошқа унинг тасарруфида бўлган барча вилоят ва мамлакатлар тўрт улусга бўлинди. Темурнинг тўнғич ўғли Муҳаммад Жаҳонгирга бир вилоят билан 12 минг кишилик қўшин, иккинчи ўғли Умаршайхга бир вилоят билан 10 минг аскар, учинчи ўғли Мироншоҳга бир вилоят билан 9 минг кишилик қўшин, кенжа ўғли Шоҳруҳга бир вилоят билан 7 минг аскар берилди. Лекин улуслар, гарчанд, марказий ҳукуматга итоат этсалар-да, маълум мустақилликка эга эди. Улус ҳукмдорларининг алоҳида давлат аппарати, мустақил қўшини бўлиб, уларнинг марказий ҳукуматга тобелиги хирожнинг бир қисмини Самарқандга юбориб туриш ва олий ҳукмдор ҳарбий юришлар уюштирганда ўз қўшини билан қатнашиш ёки олий ҳукмдор талаб қилганда аскар юбориб туришдан иборат эди.

Амир Темур армиясининг тузилиши ўзбек давлатчилиги анъаналарининг давоми бўлиб, асрий тажрибаларга таянган ҳолда ташкил этилган. Қўшин тузилишида Амир Темур бир қанча самарали тажриба ва низомларни яратдики, бу ҳам улкан мамлакатни барпо этиш ишларига яқиндан ёрдамлашди.

 

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармонида, буюк давлат арбоби ва саркарда соҳибқирон Амир Темурнинг Ватанга садоқат, эл-юртни ардоқлаш, мардлик, фидойилик ва адолатпарварлик каби юксак фазилатлари ёш авлод учун ўрнак бўлиб хизмат қилишини инобатга олган ҳолда, респуб­ликанинг барча ҳарбий академик лицейларига «Темурбеклар мактаби» номи берилиши ҳам бежиз эмас.

 

Равшан ЭРНАЗАРОВ,

ИИВ Академияси кафедра бошлиғи ўринбосари, доцент,

подполковник.