Илк иштирок ва совринли ўрин

  • 09:11
  • 06,11-2019
  • 210
  • Улашинг

29 – 31 октябрь кунлари Россия Федерациясининг Краснодар ўлкасида мини футбол бўйича Р.Балясинский соврини учун ўтказилган анъанавий турнирда илк бор Ўзбекис­тон Республикаси ИИВ Академияси футбол жамоаси ҳам иштирок этди. Унда Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги бир қатор олий таълим муассасалари ҳамда Краснодар олий ҳарбий авиация учувчилари билим юрти, Калуга вилояти ИИБ, Кубань давлат технология университети, Белгород юридик институти вакилларидан таркиб топган 13 та жамоа ғолиблик учун курашди.

Турнирда жамоалар тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда майдонга тушди. Мусобақани «В» гуруҳида бошлаган ИИВ Академияси жамоаси илк баҳсда Ростов юридик институти жамоасига 0:1 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса, Краснодар университети жамоасига қарши кечган баҳсда иродали ўйин намойиш этиб, 3:2 ҳисобида зафар қучди.

Турнирнинг чорак финалида вакилларимизга ўз гуруҳида пешқадамликни қўлга киритган Воронеж институти жамоаси дуч келди. Мусобақа иштирокчилари орасида ўзининг кучли ўйини билан ажралиб турган ушбу жамоага қарши баҳс ниҳоятда шиддатли ва муросасиз кечди. Натижада ўйиннинг асосий вақти 3:3 ҳисобидаги жанговар дуранг билан якунига етди. Пенальтилар сериясида эса дарвозабонимиз

У. Дўстмуродовнинг маҳорати вакилларимизнинг кейинги босқичга йўл олишини таъминлади.

Мусобақа ташкилотчилари томонидан финал олдидан финал деб баҳоланган ярим финалда Кубань давлат технология университети жамоа­си билан баҳс олиб борган вакилларимиз турнирнинг амалдаги чемпионларига қарши муносиб тўп суришди. Бироқ иккинчи бўлимда таж­рибалироқ бўлган кубанлик­лар ўйинни ўз фойдаларига ҳал эта олди.

Бронза медаллари қайси жамоага насиб этишини аниқлаштириб берган учинчи ўрин учун ўйинда ҳам шиддатли ўйин намойиш этган вакилларимиз Краснодар университети футболчилари устидан 3:0 ҳисобида ишончли ғалабани қўлга киритди.

– Краснодарда ўзбек футболига чуқур ҳурмат ва эътибор билан қарашар экан, – дейди терма жамоамиз бош мураббийи, подполковник Зафар Нуримов. – Боиси, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Одил Аҳмедов бир неча йил «Краснодар» жамоаси сафида тўп суриб, маҳаллий мухлисларнинг меҳрини қозонганлигини ҳис этдик. Бу эътиборга муносиб бўлиш учун турнирга жиддий ҳозирлик кўрган эдик. Футболчиларимиз ҳар бир ўйинда ўз иқтидор ва маҳоратларини намойиш этишди. Тўғри, айрим ўйинларда футболчиларимизга бироз омад кулиб боқмади, шунга қарамай, мусобақадаги илк иштирокимиз чакки бўлмади.

Дарҳақиқат, турнирда жамоамизнинг ҳужумкор ўйин услуби алоҳида эътироф этилди. Футболчиларимиз мусобақанинг бронза медаллари билан бирга, Краснодар ўлкаси «Динамо» спорт жамияти таъсис этган «Ғалабага бўлган ишончи учун» соврини билан ҳам тақдирланди. Шунингдек, жамоамиз аъзоси А. Миршарапов турнирнинг энг яхши ҳимоячисига аталган номинацияни қўлга киритди.

Мусобақа сўнгида фахрли ўринларни эгаллаган жамоалар тантанали равишда тақдирланди.

 

Жамшид ХОЛОВ,

катта лейтенант.