Шаҳобиддин ЗОИРОВ: «Ватанга муҳаббатимни қалбим тўрида асрайман»

  • 09:11
  • 06,11-2019
  • 181
  • Улашинг

 

«Жуда кичкина экансан»

Паст бўйли, озғингина болакайнинг жуссасига қараркан, мураббий уни хафа қилиб қўйишдан чўчир, кўнглини оғритмайдиган бирор гап айтиб, рад жавобини беришни ўйларди.

– Исминг нима, болакай?

– Шаҳобиддин.

– Боксга қатнашмоқчимисан?

– Ҳа, жудаям хоҳлайман!..

Мураббийга ундаги дадиллик, иштиёқ ёқса-да, жуссасига қараб туриб, ундан яхши боксчи чиқишига кўзи етмасди.

– Ҳали жуда кичкина экансан. Катта бўлганингда келгин, хўпми? Майли, бугунча акаларинг билан машғулотда қатнаша қол.

Спорт мактабига қабул қилинган болаларнинг ёши Шаҳобиддин билан тенг бўлса-да, уларнинг бўйи баланд­роқ эди. У шуни ўйлаб бироз хафа бўлди-ю, бугун машғулотда қатнашишига рухсат текканидан қувонди. Шу сабабми, мураббийнинг кўрсатмаларини астойдил бажаришга интилди.

Эртаси куни ўртоқларига қўшилиб яна спорт мактабига борди. Бу сафар мураббий унга бир қараб қўйди-ю, индамади. Бир-икки кун машғулотларга қатнагач, чарчаб қолади, ке­йин келмай қўяди, деб ўйлади. Аммо Шаҳобиддин машғулотларни сира қолдирмас, унинг интилиши, чаққонлиги бошқалардан қолишмас эди. Мураббий Истам Кабинов ҳам энди унга алоҳида эътибор қарата бошлаганди. Шу тариқа, Шаҳобиддин Зоиров спорт мактабига қабул қилинди.

Машғулотлар пайтида болалар ўртасида ўтказиладиган жангларга кип­рик қоқмай тикилиб ўтирган боланинг кўзларидаги шижоат мураббийнинг назаридан четда қолмади. Аммо уни жангга чиқарай, деса, жуссасига тенг келадиган бола мактабда йўқ эди.

– Шаҳобиддин, шу ўртоғинг билан жанг қиласанми? – сўради бир куни мураббий унга.

– Ҳа, – деди Шаҳобиддин дадиллик билан.

Қисқа муддатли жанг давомида Истам Кабинов муносиб бир шогирд етишиб чиқаётганини, ундан келажакда умид катта эканини яна бир бор ҳис этди. Шундан кейин унга алоҳида эътибор бера бошлади.

 Дастлабки мусобақа, илк ғалаба

Орадан бир неча ой ўтиб, Бухоро шаҳрида болалар ўртасида бокс бўйича вилоят биринчилиги ўтказиладиган бўлди. Бу Шаҳобиддинга иқтидорини намойиш этиш учун ажойиб имконият эди. Вазн ўлчаш бошланганда, у

24 килограмм чиқди. Аммо бу вазндаги рақибларининг бўйи Шаҳобиддиннинг бўйидан баландроқ экани мураббийни бироз чўчитарди.

Мусобақа бошлангач, Истам Кабинов хавотирлари мутлақо ўринсиз эканига амин бўлди. Чунки дастлабки раунднинг ўзидаёқ устунлик шогирди томонда бўлди. Турнир сўнгига қадар рақибларига имконият қолдирмаган Шаҳобиддин ўзининг илк мусобақасидаёқ ғалабага эришиб, вилоят чемпионлигини қўлга киритди.

Ўшанда у атиги тўққиз ёшда эди. Когон шаҳридаги 5-мактабнинг 3-синфида ўқирди. Бу ғалаба тезда маҳаллада овоза бўлди. Шаҳобиддиннинг ота-онаси, ўқитувчилари ундан фахрланди. Мактаб директори, синф раҳбари ва ўқитувчилар уни табрик­лаб, синфдошларига намуна қилиб кўрсатишди.

Бу ғалаба Шаҳобиддинни ўз устида янада кўпроқ ишлашга, тинимсиз меҳнат қилишга ундади. Отаси Шокир ака ва онаси Райила опа ўғлининг машғулотларда қатнашиши учун барча шароитларни яратиб беришга ҳаракат қилди. «Сендан умидимиз катта, болажоним. Насиб этса, албатта, юзимизни ёруғ қиласан, она Ватанимизни дунёга танитасан», дея уни руҳлантиришарди.

Шаҳобиддин тўққизинчи синфни тамомлагач, Бухоро олимпия захиралари коллежида ўқишни давом эттирди. Бу ерда ҳам малакали мураббийлардан таълим олиб, тажрибасини бойитди. У бўш қолди, дегунча, спорт залига борар, ўз устида ишлашдан сира тўхтамасди. Бу орада кўплаб мусобақаларда ғалаба қозониб, тилга тушди.

Кейинчалик ўзи илк таҳсил олган Когон шаҳар болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бокс бўйича мураб­бийлик қила бошлади. Болаларга устозларидан ўрганганларини эринмай ўргатди, муҳими, иштиёқ билан келган ҳеч бир болани эътиборсиз қолдирмади. Ёш бўлишига қарамай, муносиб шогирдлар тарбиялай бош­лади.

 Бахтиёрлик туйғуси

Шаҳобиддин рингга кўтариларкан, олдида, аввало, юрт шарафини муносиб ҳимоя қилишдек масъулият турганини ҳис этади. Мусобақа ўтказилаётган хорижий мамлакатларда давлатимиз мадҳияси янграшидан бемисл руҳий далда олишини, Ватан байроғи баланд кўтарилишидан чуқур ифтихорга тўлишини айтади.

Ғалаба ва мағлубият ёнма-ён юради, дейдилар. Шаҳобиддин Зоиров ўз фаолиятида кўплаб ғалабаларга эришган бўлса-да, баъзан мағлубиятларга ҳам учради. Ана шундай пайтларда қалбингиздан қандай ҳиссиётлар ўтади, деган саволимизга у қуйидагича жавоб берди:

– Мағлубиятга учрасам, асло тушкунликка тушмайман. Рақибимнинг устунлигини тан олган ҳолда, ўзим қаерда хатога йўл қўйганимни излайман. Ўз устимда кўпроқ ишлаб, кейинги сафар бу хатони такрорламасликка ҳаракат қиламан.

Шаҳобиддиннинг ҳаётида унутилмас воқеалар кўп бўлган. Хусусан, 2016 йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган Олимпиада ўйинларида муваффақиятли қатнашиб, олтин медаль совриндорига айланди. Шундан сўнг Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан тақдирланди. Боксчимиз ўша дамлардаги таассуротларини ёдга оларкан, ўшанда бундай бахтни илк бор ҳис этганини айтади.

– Шахсан давлатимиз раҳбарининг ўзи қўлимни сиқиб табриклади. Бу мен учун энг катта бахт эди. Ахир, Ватаним ифтихори бўлиш қанчалик катта қувонч олиб келган бўлса, охиригача унга муносиб бўлиш, ишончни оқлаш масъулияти ҳам бор-да. Онажоним мени бағрига босиб табрикларкан, қувонганидан йиғлаб юборди. Волидамнинг қувонч ёшларига сабабчи бўлишим эса ўша чоғда мен ҳис этиб турган бахтиёрлик туйғусини яна юз карра юксалтирди.

Ички ишлар органлари сафида

Шаҳобиддин Зоиров 2018 йилда ИИВ Қоровул қўшинлари бош бошқармасига қарашли 7531-ҳарбий қисмга шартнома асосида ҳарбий хизматга кирди. Ҳарбийларимиз сафида мана шундай ватанпарвар, кучли ўғлонлар борлиги барчамизни қувонтиради, албатта. У билан бир сафда хизмат қилаётган сафдошлари ҳам Шаҳобиддинга ҳавас қилиб, унинг камтарлиги, меҳнаткашлигидан ибрат олишга интилади.

Шаҳобиддин ички ишлар органларида хизмат фаолиятини олиб бораётганидан мамнун эканлигини қайд этиш баробарида, бу унинг зиммасига янада катта масъулият юклашини бот-бот таъкидлайди. Зеро, юрт тинч­лиги, осойишталиги йўлида хизмат қилиш ғоят шарафли ишдир.

Дарвоқе, яқинда – Ички ишлар органлари ходимлари куни арафасида Ички ишлар вазирининг буйруғига мувофиқ, унга «лейтенант» ҳарбий унвони берилди.

 Жаҳон чемпионати шоҳсупасида

Жорий йилнинг сентябрь ойида Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бокс бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Мусобақада Ўзбекистон терма жамоасининг 52 килограмм вазн тоифасидаги вакили, Олимпиада ғолиби, шартнома асосидаги ҳарбий хизматчи, оддий аскар Шаҳобиддин Зоиров ҳам олтин медаль совриндори бўлди. У финал жангларигача Туркманистон, Доминикан Республикаси, Қирғизистон, Болгария ва Франция боксчилари билан рингга чиқиб, барчасини мағлуб этди. Финалда эса ҳиндистонлик чарм қўлқоп устаси билан жанг ўтказди. Жангни биринчи рақам остида олиб борган Шаҳобиддин Зоиров ҳакамлар томонидан ғолиб деб топилди.

– Мусобақалар туфайли кўплаб давлатларда бўлдим, – дейди мақоламиз қаҳрамони. – Ҳеч бирини она Ватанимдан устун кўрмайман. Бизнинг халқимиздек оқкўнгил, меҳмондўст халқ дунёда топилмайди. Шу боис қаерда бўлсам-да, қалбим тўрида она Ватаним, юртимга бўлган муҳаббатимни асрайман.

Бугун ўзбек боксчиларининг тенгсиз эканини жаҳон тан олди. Ўғлонларимиз юрт шаънини муносиб ҳимоя қилиб, медаллар шодасини қўлга киритишяпти. Бу мамлакатимизда спортга берилаётган эътибордан, ёшларимиз соғлом ва баркамол бўлиб улғаяётганидан, энг муҳими, келажагимиз ишончли қўлларда эканидан далолатдир.

 

Иномжон РАҲИМХЎЖАЕВ,

лейтенант.