Омад кучлиларга ёр бўлади

  • 11:07
  • 10,07-2019
  • 511
  • Улашинг

ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли 7534-ҳарбий қисм 1-ўқчи батальони назоратчилар взводи назоратчиси, оддий аскар Екатерина Воронина учун омадли бошланди. У миллий терма жамоаси аъзоси сифатида апрель ойида Қатарнинг Доха шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида биринчи ўринни эгаллаб, яна бир олтин медални қўлга киритди.

Инсоннинг бирор соҳа бўйи­ча қобилияти қанча эрта аниқланиб, юзага чиқишига шарт-шароит яратилса, у шунча тез муваффақиятга эришади. Екатерина мактабда ўқиб юрган кезлариёқ жисмоний тарбия ўқитувчиси Е. Свечникова қизнинг спортга, айниқса, енгил атлетикага бўлган қизиқишини пайқади. Шунинг учун дарсдан ташқари пайтларда ҳам у билан шуғулланди.

Лавҳамиз қаҳрамони 2007 йилда Беларусь Респуб­ликасининг Брест шаҳрида ўсмирлар ва қизлар ўртасида бўлиб ўтган Евроосиё спорт ўйинларида кумуш медални қўлга киритганида 15 ёшда эди. Ўшанда найзани нақ 40 метру 86 сантиметрга улоқтирганди. Шундан сўнг ўсмирлар ва ёшлар ўртасида ўтказилган бир қатор нуфузли турнирларда муваффақиятли иштирок этди. Жумладан, 2013 йилда Бухорода бўлиб ўтган Универсиада ўйинларида спортнинг баландликка сакраш тури бўйи­ча олтин медалга сазовор бўлди. У дунё миқёсида ҳам зафарли иштирокини давом эттирди. Хусусан,
2013 йилда Ҳиндистоннинг Пуна шаҳрида бўлиб ўтган енгил атлетика бўйича Осиё чемпионатида еттикураш мусобақаларида 5599 очко жамғариб, шоҳсупанинг иккинчи поғонасига кўтарилди.
2014 йилда Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида ўтказилган XVII Ўзги Осиё ўйинларида эса еттикураш баҳсларида олтин медаль соҳибасига айланди.

Айниқса, 2015 йил Е. Воронина учун ҳар жиҳатдан ниҳоятда омадли келди. Шу йили ҳозирги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетини муваффақиятли битириб, ИИВ Қоровул қўшинларига шартнома асосида хизматга қабул қилинди. Бундан ташқари, Хитойда ташкил этилган енгил атлетика бўйи­ча қитъа чемпионатида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилиб, Ватанимизга олтин медаль билан қайтди. Айни шу йили мамлакатимиз мус­тақиллигининг 24 йиллиги муносабати билан юртимиз спорти ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.

Ҳозирда спортимизнинг ёрқин юлдузи шу йил сентябрь-октябрь ойларида Қатарнинг Доха шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига ҳамда 2020 йилнинг августида Япония пойтахти Токио шаҳрида ўтказиладиган Ўзги Олимпия ўйинларига қизғин тайёргарлик кўрмоқда. У омад ўз-ўзидан келавермаслигини, фақат ўз маҳоратини ошириш йўлида тинимсиз машқ қиладиган кучлиларгагина ёр бўлишини яхши билади. Ҳамюртимизга ушбу нуфузли мусобақаларда ҳам юртимиз довруғини оламга ёйишни, янгидан-янги зафарлар қучишни тилаб қоламиз.

Бобомурод ТОШЕВ,

«Postda» мухбири.