Бирдамлик зафар қучар

  • 10:12
  • 18,12-2019
  • 402
  • Улашинг

Ички ишлар органлари ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, қолаверса, уларнинг жисмоний тайёргарлигини ошириш мақсадида тизимда турли спорт мусобақалари ўтказиш анъанага айланган.

Яқинда Тошкент Молия институти қошидаги спорт мажмуасида юртимизда илк маротаба «Fittnest Athlete» кўпкураш мусобақаси ташкил қилинди. Унда Тошкент шаҳар ИИББ ва туманлар ИИОФМБ ходимлари иштирок этди.

Томошабинларнинг гулдурос қарсаклари остида ҳар бирида беш нафардан аъзоси бўлган бешта жамоа майдонга чиқиб келди. Шундан сўнг давлатимиз мадҳияси янгради. Бош бош­қарма Кадрлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, подполковник Ғуломжон Эшимбетов тадбирни очар экан, барчага омад тилаб, беллашувлар давомида хавфсизлик қоидаларига риоя этиш муҳим эканини, мусобақани соғлом рақобат руҳида ўтказиш лозимлигини таъкидлади.

Дастлабки шарт – эшкак эшиш бўйича беллашувларда ҳар бир жамоа учун 12 дақиқадан вақт ажратилди. Иккинчи шарт тошни силтаб кўтаришдан иборат бўлди. Иштирокчилар ҳар иккала шарт бўйича баҳсларда ҳам ўзларининг қанчалар кучли эканини намо­йиш этишди. Шунингдек, улар мусобақанинг штанга кўтариш, велотренажер воситасида машқлар бажариш, юк автомобилининг шинасини кўтариш, югуриш каби шартлар бўйича беллашишди. Ҳар бир шарт спорт усталаридан тузилган ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

— Эътибор бериш лозим бўлган жиҳати шундаки, мазкур мусобақада қатнашаётган ходимлар профессионал спортчилар эмас, — дейди Тошкент шаҳар ИИББ Кадрлар бошқармаси касбий тайёргарликни ташкиллаштириш бўлими бошлиғининг ўринбосари, майор Дилмурод Рўзиев. — Турли соҳавий хизматлардан спортга қизиқиши бўлган, кучли, эпчил ходимларни танлаб олдик. Мақсадимиз спортни кенг тарғиб қилиш, ходимларнинг жисмоний тайёргарлигини ошириш, жамоавий муҳитни шакллантиришдан иборат. Зеро, ходимларимиз турли соҳавий хизматларда, турли ҳудудларда фаолият кўрсатса-да, мақсад эл-юрт осойишталигини сақлаш, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш экан, улар ҳар доим маслакдош, ҳамжиҳат бўлиши лозим. Бу каби жамоавий спорт мусобақаси эса уларни доимо якдил бўлишга, ҳар қандай жараёнда қўлни қўлга бериб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракатланишга ўргатади.

Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар ниҳоясига етиб, барча орзиқиб кутган дақиқалар – ғолибларни эълон қилиш ва тақдирлаш маросими бошланди. Унда Ички ишлар вазири ўринбосари – Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, генерал-майор Рустам Жўраев иштирок этди.

Барча шартларни аъло даражада бажариб, ғолибликни қўлга киритган жамоага мусобақа кубоги, биринчи даражали медаль ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритган жамоалар ҳам медаллар ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

— Мусобақада асосий куч бирдамлик бўлди, — дейди ғолиб жамоа сардори, Чилонзор тумани ИИОФМБ қўриқлаш ва хизмат кўрсатиш сменаси бошлиғи, катта сержант Фаррух Жумабоев. — Биз мана шу бирдамликни сақлаб қола олдик. Рақиб жамоаларимиз ҳам якдиллик билан ҳаракат қилишди, аммо омад бизга кулиб боқди. Энг муҳими, беллашувлар соғлом рақобат руҳида ўтди.

 Ходимлар учун бу мусобақа нафақат жисмоний тайёргарлигини ошириш, балки маданий ҳордиқ чиқариш учун ҳам муҳим восита бўлди.

Иномжон РАҲИМХЎЖАЕВ,

«Postda» мухбири.

Шерали МИРЗАЧАЕВ

олган суратлар.