Спорт баркамолликка хизмат қилади

  • 21:12
  • 07,12-2019
  • 461
  • Улашинг

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тизимида жисмоний тайёргарлик ва спортга катта эътибор қаратилиб, турли йўналишларда мусобақа ва беллашувлар ташкил қилинмоқда. Ана шу эътибор самараси ўлароқ, Миллий гвардия ҳарбий хизматчи ва ходимлари орасида турли спорт турлари бўйича Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионлари етишиб чиқаётганлигини Баҳодир Жалолов, Бобо-Усмон Батуров, Муроджон Аҳмадалиев, Ҳасанбой Дўсматовлар мисолида кўришимиз мумкин.

Спортнинг турли йўналишларида юқорида номлари қайд этилган чемпионларимиз каби спортчилар захирасини яратиш мақсадида жорий йилнинг 18–20 ноябрь кунлари Тошкент шаҳридаги «Жар» спорт-соғломлаштириш мажмуасида Миллий гвардия томонидан қўл жанги бўйича Ўзбекистон Республикаси биринчилиги учун мусобақа ташкил этилди.

Қизғин курашларга бой бўлган мусобақа якунига кўра, Миллий гвардия Махсус батальони биринчи ўринга лойиқ деб топилди. Иккинчи ва учинчи ўринларни Хоразм вилояти бўйича Миллий гвардия бошқармаси ҳамда Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти эгаллади.

Фахрли ўринларни қўлга киритган ҳарбий хизматчи ва ходимлардан иборат жамоалар муносиб тақдирланди. Ғолиблар 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасида қўл жанги бўйича бўлиб ўтадиган мусобақага йўлланмани қўлга киритди.

Нафосат ЗАФАРОВА,

Миллий гвардия матбуот хизмати етакчи мутахассиси.