Жамоадошлари фахри

  • 12:10
  • 16,10-2019
  • 729
  • Улашинг

Инсон учун киндик қони томган жой – Ватандир. Унинг тинчлик-осойишталиги йўлида фидойилик билан сидқидилдан хизмат қилиш энг шарафли вазифадир.

Асқар Кистаубаев ушбу ҳаётий ҳақиқатни ёшлигидан қалбига сингдирган, илм ва спортни ўзининг энг яқин дўсти деб билади.

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида таваллуд топган лавҳамиз қаҳрамони ўрта мактабни тамомлаб, Чирчиқ шаҳридаги техника касб-ҳунар коллежига ўқишга кирди. Мактабда спортнинг бокс тури билан мунтазам шуғулланган бўлажак осойишталик посбони эндиликда кикбоксинг билан ҳам ошно тутинди. Коллежда таҳсил олган кезлари ўз устида қаттиқ ишлади. А. Кистаубаев Самарқанд вилоятида жойлашган ҳарбий қисмларнинг бирида йигитлик бурчини ўташ асносида она Ватан осо­йишталиги барча нарсадан устун эканлигини яна бир бора англаб етди. Шу боис хизматдан қайтиши биланоқ, ҳужжатларини Тошкент шаҳар ИИББ Махсус вазифаларни бажарувчи батальонига топширди. Синовлардан муваффақиятли ўтиб, ушбу батальонда ўқчи лавозимида илк хизматини бошлайди.

Спортни жону дилидан севган ёш ходим хизмат фаолияти билан биргаликда, қўл жанги усулларини ҳам мукаммал эгаллади. Пухта тайёргарликлар натижасида Асқар Кистаубаев 2005 йили қўл жанги бўйича қатнашган дастлабки мусобақасидаёқ, Тошкент шаҳар миқёсида 75 кг вазн тоифасида тенгсиз деб топилиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Шу йили ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар ўртасида ўтказилган қўл жанги бўйича республика биринчилигида фахрли иккинчи ўринни эгаллашга муяссар бўлди.

Ғалабалар сонини янада кўпайтиришга астойдил ҳаракат қилган маҳоратли спортчи 2006 йилда қўл жанги бўйича пойтахтимизда бўлиб ўтган халқаро турнирда бронза медалига лойиқ топилди. Хизмат жойида ҳар жиҳатдан ўзини кўрсатиб, сафдошларига ўрнак бўлган бу йигит 2007 йили Наманган вилоятидаги Сержантлар тайёрлаш мактабига ўқишга юборилди. Уни муваффақиятли тамомлаган А. Кис­таубаев сержант унвонига сазовор бўлди.

Бундан ташқари, у айни шу йили ўтказилган ушу сандо спорт тури бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионатида қатнашиб, кумуш медаль билан тақдирланди. Унинг фидойиларча хизматлари соҳа раҳбарияти томонидан ҳам муносиб қадрланиб, 2008 йилда Тошкент шаҳар ИИББ Алоҳида вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди катта мутахассис ўқчиси лавозимига тайинланди. Худди шу йили ИИВ АВБСО ўртасида Урганч шаҳрида бўлиб ўтган кўпкураш бўйича республика биринчилигида пойтахт жамоаси шаънини ҳимоя қилган мақоламиз қаҳрамони
80 кг вазнда олтин медални қўлга киритди.

– Катта сержант Асқар Кистаубаев нафақат хизмат ва спортда, балки жамоат ишларида ҳам барчага намуна бўлиб келмоқда, – дейди Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди командири, подполковник Хуршид Шарипов. – Шу боисдан уни ҳақли равишда жамоамиз фахри, деймиз. 

Асқар умр йўлдоши Элеонора билан уч фарзандни тарбиялаб воя­га етказмоқда. Чинакам маънода уни бахтли инсон дейиш мумкин. Чунки хизматдан кейин оиласи бағрига талпинади. Бўш вақтлари эса китоб ўқийди, оила аъзолари билан бирга шаҳримизнинг диққатга сазовор жойларида маданий ҳордиқ чиқаради. Унга ҳавас қилган укалари Абдухалил ва Абдулла ҳам ака изидан бориб, ҳозирда ички ишлар органлари тизимида жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш йўлида хизмат қилмоқда.

Михли САФАРОВ,

«Postda» мухбири.