Оддий аскар Шаҳобиддин Зоиров — жаҳон чемпиони

  • 16:09
  • 24,09-2019
  • 254
  • Улашинг

Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтказилган бокс бўйича ҳаваскорлар ўртасидаги ХХ жаҳон чемпионати вакилларимиз учун ниҳоятда муваффақиятли бўлди.

Мусобақа якунларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари учта олтин, биттадан кумуш ва бронза медалларига эга чиққан ҳолда умумжамоа ҳисобида фахрли 1-ўринни қўлга киритди. Таъкидлаш жоиз, ҳали ҳеч бир жаҳон чемпионатида юртимиз чарм қўлқоп усталари бу қадар оламшумул натижа қайд этишмаган эди. Мустақил Ўзбекистон тарихида боксчиларимиз орасидан шу кунгача 6 нафар жаҳон чемпиони етишиб чиққанди. Екатеринбургдаги мусобақалардан кейин улар сони 9 тага етди.

Нуфузли мусобақада мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилганлар орасида ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли подполковник Е.Ризоқулов командирлик қилаётган 7531-сонли ҳарбий қисм 1-батальон мутахассис ўқчиси, шартнома асосидаги оддий аскар Шаҳобиддин Зоиров ҳам бор.

– Ҳар бир халқаро мусобақа мен учун катта имтиҳон, – дейди Шаҳобиддин Зоиров. – Юрт шарафини муносиб ҳимоя қилишнинг алоҳида масъулияти бор. Жаҳон чемпионатида муносиб қатнашиб, олтин медални қўлга киритганимдан, устозларим, ота-онамнинг ишончини оқлаганимдан бахтиёрман. Эндиги мақсадим –Токио олимпиадасида ҳам ана шундай ютуққа эришиш. Бунинг навбатдаги халқаро мусобақаларда муваффақиятли қатнашиб, Олимпиада ўйинлари йўлланмасини қўлга киритишга ҳаракат қиламан.

Ўз мухбиримиз.