Билагида кучи борлар...

  • 10:09
  • 24,09-2019
  • 276
  • Улашинг

Миробод тумани бўйича ИИОФМБ ёшлар иттифоқи кенгаши ташаббуси билан 30 ёшгача бўлган ички ишлар органлари ходимлари ўртасида «Ёшлар – келажагимиз бунёдкори» шиори остида спортнинг армрестлинг тури бўйича мусобақа ўтказилди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада Миробод тумани ИИОФМБ соҳавий хизматлари ходимлари иштирок этиб, 70, 80, +80 кг вазнлар тоифасида (ўнг ва чап қўлда) ўзаро куч синашди. Мусобақани Ўзбекистон Армрестлинг федерацияси ҳакамлари бошқариб борди. Бу, ўз навбатида, баҳсларнинг адолатли тарзда ўтишини таъминлади.

Маълумки, Президентимиз томонидан Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та муҳим ташаббус илгари сурилган эди. Иккинчи ташаббус – ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун шароитлар яратишга йўналтирилган. Шундан келиб чиқиб, асосий эътибор ёш ходимларнинг ушбу спорт турига қизиқишларини ошириш орқали уларнинг қобилиятларини юзага чиқариш ва соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга қаратилди.

Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Унга кўра, биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритган ёш осойишталик посбонлари турли даражадаги диплом, эсдалик совғалари ҳамда китоблар билан тақдирланди. Шунингдек, фаол иштирокчилар ва мусобақани ташкиллаштиришга масъул ходимлар ҳам рағбатлантирилди.

Шерзод АБДУСАМАДОВ.