Деҳлидаги шоҳсупа забт этилди

  • 13:09
  • 18,09-2019
  • 202
  • Улашинг

ИИВ Академияси курсантлари кўплаб халқаро мусобақаларда қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритяпти ва давлатимиз байроғини янада баланд кўтаришмоқда. Яқинда  Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида ўтказилган самбо бўйича қитъа чемпионати ҳам ёшларимиз учун омадли келди.

Катталар ҳамда ўсмирлар ўртасидаги мусобақада Осиёнинг 22та мамлакатидан келган спортчилар ғолиблик учун гиламга чиқди. Тўлиқ таркиб билан иштирок этган терма жамоамиз аъзолари якунда 40 та медални қўлга киритишди. Совриндорлар орасида ИИВ Академиясида таълим олаётган курсантларнинг ҳам борлиги қувонарлидир. Спорт делегациямиз ҳисобига дастлабки олтин медални 2-курс курсанти Амиршоҳ Раҳмонов ёзиб қўйган бўлса, яна бир олтин медаль 1-курс курсанти Малика Ўроқовага насиб қилди. Чемпионат якунига кўра, терма жамоамиз аъзолари 23 та олтин, 11 та кумуш ва 6 та бронза медалига эга чиқиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Ғалаба билан қайтган спортчиларни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида кенг жамоатчилик, спорт мутасаддилари, ИИВ Академияси раҳбарияти, курсантлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари кутиб олди.

– Мусобақага жиддий тайёргарлик кўргандим, – дейди Малика Ўроқова. – Рақибларим нафақат ўз мамлакатида, балки қитъада ном қозонган спортчилар бўлди. Айниқса, финал жангида мезбонлар вакиласи устидан соф ғалаба билан зафар қучганимда юрагим чексиз ҳаяжонга тўлди. Мақсадим – жаҳон миқёсидаги мусобақаларда ҳам юртимиз байроғини баланд кўтаришдир.

Айтиш керакки, мазкур мусобақада ИИВ Академияси ўқитувчилари, халқаро тоифадаги ҳакамлар Олимжон Адилов ҳамда Муродхон Тўраев ҳам ҳакамлик қилди.

Дилмурод ЖЎРАЕВ,

капитан.