Сафимизда шундай йигит бор

  • 10:09
  • 07,09-2019
  • 332
  • Улашинг

«Оғир, босиқ, иродали, олдига қўйган мақсадига эришмагунча тинчимайди. Унга тоққа суянгандек суянса бўлади». Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани Сўлоқли маҳалласида яшовчи Сардоржон Сатторқуловга ҳамкасблари шундай таъриф беришади. Ёши эндигина ўн тўққизни қоралаган йигитнинг бундай эътирофга лойиқ кўрилишининг ўз сабаблари бор...    

Сардоржон ўн ёшидан бошлаб бокс тўгарагига қатнай бошлади. Унинг қалбида ушбу спорт турига меҳрни узоқ йиллар кураш билан шуғулланган отаси, коллеж ўқитувчиси Жўрақул Маматқулов уйғотди. Сардоржондаги иштиёқ, интилиш ва собит ирода ўз натижасини кўп куттирмади. Бир йил ўтар-ўтмас, Тошкент вилоятида бўлиб ўтган рес­публика чемпионатида олтин медални қўлга киритди. Ўзига бўлган ишончи ортган Сардоржон бирин-кетин вилоят ҳамда республика миқёсидаги мусобақаларда шоҳсупанинг юқори поғоналарига кўтарила бошлади, кези келганда мағлубият аламини ҳам тотди.

Назарида, ютуқлардан кўра мағлубиятлар унга кўпроқ сабоқ бўлди. Яъни, йиқилганда туришни, кучлироқ рақибга дуч келганида билакка эмас, усулларга таянишни, жони оғриганда сездирмасликни, чидашни ўрганди. Ҳар куни икки-уч соат бокс билан шуғулланарди. Аммо ўн тўрт ёшга тўлганида боксни тарк этди.

Ҳаммаси ўсмирнинг отасига келажакда ким бўлмоқчи эканлигини айтишидан бошланди. Ўғил ички ишлар органлари махсус отрядида хизмат қилиш ниятидалигини маълум қилганида, ота ўйланиб туриб: «Ички ишлар органлари ходимига боксдан кўра қўл жанги зарурроқ, зарба усуллари кўп, оёқ ва қўлдан бирдек фойдаланиш мумкин», деди. Шу бўлди-ю, спортдаги йўналишини ўзгартирди.

Табиатан жасур, машқ қилиб чарчамайдиган йигитча қўл жанги мусобақаларида ҳам юқори натижаларга эриша бошлади. Татамига чиққанида бокс усулларидан маҳорат билан фойдаланарди. Кўзлардан, қўл-оёқ ҳаракатидан рақиб мақсадини сезиш, оралиқ масофани ушлашни бокс билан шуғулланган кезлари ўзлаштирган. Қисқаси, тез орада қўл жанги сирларини пухта эгаллаган умидли ёш спортчи сифатида тилга тушди.

Ички ишлар органлари тизимида фаолият кўрсатишга астойдил интилган Сардоржон соҳа вакиллари қаторидан жой олишига омил бўладиган фанларни чуқурроқ ўрганишга интилди, югуриш ва турникда тортилиш кундалик машғулотлари рўйхатидан жой олди. Касб-ҳунар коллежини тугатгач, муддатли ҳарбий хизматга чақирилди. Бу вақтда медаллари сони
70 дан ошган, шулардан 60 таси республика мусобақаларида қўлга киритилганди.

2018 йилда ҳаётида яна бир қатор унутилмас воқеалар рўй берди – синовлардан муваффақиятли ўтиб, Жиззах вилояти ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядига хизматга қабул қилинди. Бундан ташқари, қўл жанги бўйича Россиянинг Тула шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 90 килограмм вазн тоифасида бронза медални қўлга киритди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг эсдалик қўл соати билан тақдирланди.

Бугунги кунда кичик сержант Сардоржон Сатторқулов Жиззах вилояти ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядида катта мутахассис лавозимида фаолият кўрсатмоқда. Лавҳамиз қаҳрамони жорий йилда ҳам бир қатор муваффақиятларга эришди. Чунончи, апрель ойида ИИВ Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармасининг тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядлари терма жамоалари ўртасида Жиззахда ўтказилган анъанавий кўпкураш мусобақасида фаол иштирок этди. Аниқроғи, мазкур мусобақанинг қўл жанги беллашувларида 90 килограмм вазн тоифасида унга тенг келадиган рақиб топилмади.

– Бокс ҳамда қўл жанги билан шуғулланишим иродамни чиниқтирди, фақат олға интилишга ўргатди, – дейди Сардоржон Сатторқулов. – Спорт менинг болаликдаги орзуимни ушалтирди. Эндиги мақсадим барча сафдошларим қаторида жиноятчилик ва терроризм­нинг халқимиз тинчлигига рахна солишига йўл қўймасликдир. Бу йўлда бор куч ва имкониятларимни ишга соламан. Келаси йил эса Ўзбекистон Респуб­ликаси ИИВ Академиясига ўқишга кириш ниятим бор. Қолаверса, қўл жанги бўйи­ча жаҳон миқёсида ўтказиладиган мусобақаларда иштирок этиб, юртимиз шуҳратини дунёга ёйиш орзусидаман.

Сардоржон сўзида турадиганлардан, у 23–24 август кунлари қўл жанги бўйича Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида Қирғизистон, Қозоғистон, Россия ва Германия вакиллари устидан ғалаба қозониб, олтин медални қўлга киритди. Қозоқ юртида вакилимиз шарафига давлатимиз мадҳияси янгради.

Ушбу ғалаба унга жорий йилнинг октябрь ойида Германияда бўлиб ўтадиган қўл жанги бўйича Жаҳон кубоги мусобақасида иштирок этиш ҳуқуқини ҳам берди. Айни вақтда Сардоржон Сатторқулов ушбу беллашувларга тайёргарликни бошлаб юборган.

 

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

«Роstdа» мухбири.

Жиззах вилояти.