Аббосжон  – жаҳон  чемпиони

  • 11:08
  • 29,08-2019
  • 177
  • Улашинг

Хушхабарнинг қаноти бор, дейишади. Навоий вилояти ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди катта мутахассиси, сафдор Аббос  Қодировнинг қўл жанги бўйича Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида фахрли биринчи  ўринни эгаллаганлиги ҳақидаги  қувончли   хабар  бир зумда тарқалди.

Аббоснинг ички ишлар органларида  хизматни  бошлаганига  ҳали  кўп  вақт  бўлгани йўқ. Аммо қисқа фурсатда у жонкуяр, тиришқоқ ва масъулиятли ходим  сифатида назарга тушди. Бошқарма ТВБСО бошлиғининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари, катта лейтенант Алишер Баҳрамов чемпион йигит ҳақида фахр билан  шундай  деди:

– У ўзига  нисбатан  жуда  талабчан. Айниқса,  машғулотлар  жараёнида  бу  хислати яққол  кўзга  ташланади. Тартиб-интизомли, шижоатли ходим.  Ўз устида  тинмай  ишлайди. Унинг  жаҳон  чемпионатида  қозонган улкан  ғалабаси тинимсиз  меҳнатлари самараси,  десак  муболаға  бўлмайди.

Аббос  Қодиров  асли Навбаҳор туманилик. Етти ёшидан бошлаб спорт билан мунтазам  шуғулланиб  келмоқда. Дастлаб А. Адизов мураббийлигида қўл жанги бўйича бошланғич кўникмаларни эгаллаган бўлса, кейинчалик халқаро тоифадаги спорт устаси Карим Холиқов ёрдамида ўз маҳоратини ошириб борди. 2010 йили Тошкентда  бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги республика турнирида  муваффақиятли  иштирок  этиб, иккинчи  ўринни  эгаллади. 2016 йил Молдовада ўтказилган жаҳон чемпионатида ҳам иккинчи ўрин соҳиби бўлди.

Аббоснинг ўз устида тинимсиз ишлагани, пухта тайёргарлик кўргани  мусобақаларда қўл келди. Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия спортчилари билан 70 кг. вазн тоифасида майдонга тушган ҳамюртимиз қўл жангида улардан устунлигини тўла намоён этишга муваффақ бўлди.

– Бу ғалабамда устоз-мураббийларим ҳамда вилоят ИИБ раҳбарияти, айниқса, ТВБСО бошлиғи, подполковник Р. Абдураҳмоновнинг хизматлари катта, – дейди А. Қодиров. – Негаки, улар мени ҳар доим қўллаб-қувватлаб, мусобақага тайёргарлик  жараёнида барча зарур шароитларни яратиб беришди. Фурсатдан фойдаланиб, уларга самимий  миннатдорлик  билдираман.

Юртимизда  қутлуғ  айём  шукуҳи  кезаётган  шу  кунларда жаҳон чемпиони, ички ишлар органлари ходими, сафдор Аббос Қодировнинг спорт соҳасида  эришган катта  ғалабаси мустақиллигимизнинг 28 йиллик  байрамига муносиб туҳфа бўлди.

Нигора РАҲИМОВА,

                                                                      «Postda» мухбири.

                                                                         Навоий вилояти.