Чемпион аскар

  • 17:02
  • 15,02-2019
  • 233
  • Улашинг

 

Чемпион аскар

Мақсадинг аниқ, йўлинг равон бўлса, ишинг ҳам бароридан келаркан. Ҳаммаси ниятга боғлиқ. Аммо етук спортчи бўламан, деган киши яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланишни билиши лозим.

 

Ёзёвонлик Шоҳруҳмирзо Мамажонов интилувчан ва серғайрат, қулайликлардан унумли фойдаланиб, изланадиган йигит. Кўплаб ютуқларни қўлга киритди: олти ёшидан тумандаги 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг ўзбек жанг санъати тўгарагига қатнай бошлаган Шоҳруҳмирзо устози Абдуманноб Жўраев мураббийлигида 6 марта Ўзбекистон чемпиони бўлди.

Эришган ютуқлари туфайли Рес­пуб­лика миллий терма жамоасига қабул қилинди. Шундан сўнг 4 карра жаҳон, 14 карра Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. 2013 йилда Американинг Флорида штати Орландо шаҳрида ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этиб, бронза медали билан тақдирланди. Қолаверса, шу йили Корея давлатида ўтган жаҳон чемпионатида олтин медаль соҳиби бўлди. Ғалабалар нашидасидан руҳланган ёш спортчи 2014 йилда Россиянинг Владивосток шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпио­натидан ҳам олтин медаль билан қайтди.

2015 йилда эса I ДАН қора белбоғ соҳиби бўлди. Қолаверса, шу йили Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида ўтган жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритди. Унинг зафарларига шоҳид бўлаётган Республика ўзбек жанг санъати федерацияси бош мураббийи Шерпўлат Усмонов спортчига пухта сабоқ бериб, янги марралар сари руҳлантирди. Бунинг самараси ўлароқ, 2016 йилда Италия давлатида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳам олтин ва бронза медалини қўлга киритди. Бу интилиш­лари, улкан ғалабалари муносиб баҳоланди: 2017 йилда спортда эгаллаган марралари сабаб Ўзбекистон спорт устаси унвонини олди ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига 25 йил» эсдалик нишони билан тақдирланди.

– Шоҳруҳмирзо илк бора спорт билан шуғулланишга келганида бош­қаларга қараганда тиришқоқ эди, – дейди устози А. Жўраев. – Машғулотларда ҳам унинг қатъият билан, ўзига ишонган ҳолда ҳаракатланиши ёруғ келажагидан дарак бериб турарди.

– Фарзандим эришган ғалабалар кўнглимни тоғдек кўтаради, – дейди оддий аскар Шоҳруҳмирзо Мамажоновнинг онаси Маҳфузахон Мамажонова. – Спортчи бўлиш орзуси унга тинчлик бермас эди. Қийналганида бу машғулотларни ташлашини кўп маротаба айтганман. Лекин у қатъият билан спортни ҳаётининг мазмунига айлантириб бўлганди. Илк ғалабасини кўзимда ёш билан қаршилагандим. Фарзандимнинг меҳнати ва ютуқларини қадрлайман.

Айни дамда Ш. Мамажонов ИИВга қарашли «Фарғона» халқаро аэропортида хавфсизликни таъминлаш алоҳида батальонида йигитлик бурчини адо этмоқда.

Оддий аскар Ш. Мамажонов яқинда Фарғона шаҳрида ўтказилган биринчи халқаро жанг санъатлари фестивалида 30 дан ортиқ давлат шарафини ҳимоя қилган 150 дан зиёд спортчи ўртасида комплекс машқлар бўйича биринчи ўринни эгаллаб, олтин медални қўлга киритди. Қолаверса, ушбу мусобақада беллашувлар бўйича ва «Ўзбекистоннинг энг одобли спортчиси» номинациясида ҳам ғолиб деб эътироф этилди.

Яқинда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Ўзбек жанг санъати» спорт тури бўйича ал-Хоразмий кубогида ҳам оддий аскар яна муваффақият қозонди. У мусобақада 85–90 килограмм вазнларда биринчи ўринни қўлга киритди ва I даражали диплом ҳамда олтин медаль билан тақдирланди. Қувонарлиси, шу куни Ш. Мамажонов ­
II ДАН қора белбоғ соҳиби ҳам бўлди.

 

Шерзод ЧОРИЕВ,

майор.

Ўхшаш мақолалар