Вакилларимиз халқаро мусобақа ғолиби

  • 17:09
  • 06,09-2019
  • 129
  • Улашинг

Фарғона вилояти ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди ходимларининг барчаси спорт билан шуғулланади. Улар спортнинг армрестлинг, самбо, жанговар самбо, қўл жанги, юнон-рум кураши, белбоғли кураш, каратэ-до, муай-тай, кикбоксинг каби турлари бўйича Ўзбекистон ва ҳалқаро даражадаги мусобақаларда иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.

Яқинда отряднинг яна икки нафар ходими нуфузли халқаро мусобақа ғолибига айланди. Россия Федерациясининг Иркутск шаҳрида жанговар самбо бўйича ўтказилган ва 17 та давлатдан юздан зиёд энг кучли спортчилар иштирок этган қизғин ва муросасиз баҳслар якунида мамлакатимиз вакиллари юқори ўринларни забт этишди. Жумладан, Фарғона вилояти ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди ходими, кичик сержант Лутфилло Сайдаматов 57 килограмм вазн тоифасида барча рақибларини мағлубиятга учратиб, фахрли биринчи ўринни эгаллади. Кичик сержант Санъатбек Исманов эса 74 килограмм вазн тоифасида иккинчи ўрин соҳибига айланди.

Халқаро мусобақа ғолибларини Наманган халқаро аэропортида ҳамкасблари, спортчиларнинг оила аъзолари тантанали тарзда кутиб олди.

– Бу ғалабамизни Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрамига фарзандлик совғаси сифатида армуғон этдик, – дейди кичик сержант Лутфилло Сайдаматов. – Келгусида бундан-да нуфузли мусобақаларда ҳам юртимиз байроғини янада юқори кўтаришга астойдил ҳаракат қиламиз.

 

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Postda” мухбири.

Фарғона вилояти.

Суратларда: кичик сержант Лутфилло Сайдаматов

ҳамда Санъатбек Исманов.