Шоҳсупада энг яхши кинологлар

  • 09:08
  • 10,08-2019
  • 82
  • Улашинг

Бир неча йилдирки, анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Намунали питомник», «Намунали кичик питомник» ҳамда «Кинология хизмати аълочиси» кўрик-танлови кинология хизмати ходимларининг касбий маҳоратини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Жорий йилнинг 31 июль – 2 август кунлари Хоразм вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ кинология хизмати хизмат итлари питомниги базасида мазкур кўрик-танловнинг якуний босқичи бўлиб ўтди. Унда республикамизнинг барча ҳудудлари ички ишлар органларидан энг тажрибали кинологлар иштирок этди. Уч кун давомида спорт тўсинида тортилиш, 100 ва 3000 метрга югуриш, қўл жанги усуллари, 50 метр масофага сузиш, ўқ отиш, саф тайёргарлиги ҳамда хизмат итлари билан умумий курс машғулотлари бўйича ўзаро баҳслар қизғин тус олди. Шунингдек, мусобақа қатнашчилари ИИВ меъёрий ҳужжатлари бўйича тест синовларидан ҳам ўтишди. Ҳакамлар ҳайъати танлов иштирокчиларининг ҳар бир шарт бўйича чиқишини синчковлик билан кузатиб, холисона баҳолаб борди.

Танловнинг якунига кўра, «Намунали питомник» номинациясида Хоразм вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ кинология хизмати хизмат итлари питомниги биринчи ўринга сазовор бўлди. Қашқадарё вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ кинология хизмати хизмат итлари питомниги иккинчи, пойтахт вилоятилик кинологлар эса учинчи ўринни эгаллади.

«Намунали кичик питомник» номинациясида Қорақалпоғис­тон Республикаси Амударё тумани ИИБ биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринлар ИИВ Қоровул қўшинлари бош бошқармасининг 7531-сонли ҳарбий қисми ҳамда Бухоро вилояти Ромитан тумани ИИБга насиб этди.

«Кинология хизмати аълочиси» номинациясида эса Қоровул қўшинлари бош бош­қармаси кинологи, кичик сержант Жонибек Жониқулов биринчи ўрин соҳибига айланди. Навоий вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ кинология хизмати кинологи, кичик сержант Ойбек Жўраев ҳамда Самарқанд вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ кинология хизмати кичик инспектор-кинологи, сафдор Шоҳруҳ Баҳромов иккинчи ўринга лойиқ деб топилди. Қоровул қўшинлари бош бошқармаси кинологи, оддий аскар Муродилла Очилов, Тошкент шаҳар ИИББ ППХ ва ЖТСБ кинология хизмати кинологи, катта сержант Қобил Қосимов ҳамда Хоразм вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ кинология хизмати кинологи, сафдор Журъат Раматов шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.

Ғолиблар кубок, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Худойберган ЖАББОРОВ,

«Postda» мухбири.

Суратларда: кўрик-танлов жараёнидан лавҳалар.

Муаллиф олган суратлар.