Улар энди хизматга шай

  • 11:06
  • 03,06-2019
  • 661
  • Улашинг

Жиззах шаҳридаги «Сўғдиёна» спорт мажмуасида профилактика инспекторлари ёрдамчиларини лавозимга тайинлаш маросими бўлиб ўтди.

Ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари, ички ишлар органлари фахрийлари, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида уюштирилган тадбир аввалида сўзга чиққанлар вилоят ички ишлар органлари томонидан жамоат хавфсизлиги ва тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши кураш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлашди. Шунингдек, профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари бажарадиган вазифалар, уларнинг бу борадаги ҳуқуқлари тўғрисида атрофлича маълумот берилди.

Шундан сўнг профилактика инспекторларининг 290 нафар ёрдамчиси лавозимга тайинлагани эълон қилиниб, уларга ҳокимлик, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ва ички ишлар органлари фахрийлари томонидан хизмат рухсатномалари, ҳуқуқий билимларини оширганликлари тўғрисидаги сертификатлар, махсус кийим ҳамда велосипедлар топширилди.

— Қатор синовлардан ўтиб, профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари қаторидан жой олишим ички ишлар органи ходими бўлиш орзуимнинг ушалиши учун дастлабки қадам бўлди, — дейди Ғаллаорол тумани «Кўкгумбаз» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги таянч пункти профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси Муҳриддин Раҳимбердиев. — Бои­си, бу вазифада уч йил самарали фаолият кўрсатган ёрдамчилар ички ишлар органларига қабул қилинади. Шу маънода, ҳуқуқ­бузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашга сидқидилдан киришаман.

Айтиш жоизки, профилактика инспекторлари ёрдамчилари танлов асосида саралаб олинди. Номзодларнинг жисмоний ва интеллектуал салоҳияти ҳар томонлама синовдан ўтказилди. Шунингдек, улар бу лавозимга тайинланишидан олдин ўқув курсларида ҳуқуқий билимларини оширдилар.

 

 Алижон АБДУСАТТОРОВ,

«Postda» мухбири.

Жиззах вилояти.