«Ёш гвардиячилар» беллашуви

  • 12:06
  • 10,06-2019
  • 570
  • Улашинг

Тошкент шаҳридаги Ботаника боғида Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг фарзандлари ўртасида «Беш устувор ташаббус – маънавий етук шахс кафолати» шиори остида «Ўш гвардиячилар» мусобақаси ўтказилди.

Унда республикамизнинг турли ҳудудларида жойлашган ҳарбий қисм ва бўлинмалар ҳарбий хизматчиларининг фарзандларидан ташкил топган «Темурбек авлодлари» (Тошкент вилояти), «Гвардия шерлари» (Тошкент шаҳри), «Ватанпарварлар» (Ҳарбий-техник институти), «Шерюрак темурийлар» (Фарғона вилояти), «Мароқанд» (Самарқанд вилояти), «Жасорат» (Қашқадарё вилояти) ва «Шимол лочинлари» (Қорақалпоғис­тон Республикаси) жамоалари қатнашди. Ушбу жамоалар еттита шарт бўйича ўзаро куч синашди.

Хусусан, жамоани таништириш, автоматни тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш, 400 метрли масофага ҳарбий эстафета, қисқа вақт ичида газниқоб билан 50 метр узунликдаги «заҳарланган» ҳудуддан ўтиш, ҳовуздан челак ёрдамида сув олиб, маълум масофада ўрнатилган идишни тўлдириш, осма арқон орқали сувли тўсиқ устидан ўтиш ва арқон тортиш каби бир-биридан қизиқарли шартлар жамоалар томонидан маҳорат билан бажарилди.

Мусобақа якунида «Мароқанд» жамоа­си учинчи, «Гвардия шерлари» жамоаси иккинчи ўринни эгаллади. Мусобақа ғолиблиги эса «Темурбек авлодлари» жамоа­сига насиб этди. Сов­ринли ўринларни эгаллаган жамоалар ва турли номинацияларга лойиқ кўрилган иштирокчилар махсус статуэтка, дип­лом, кубок, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Мусобақа давомида Миллий гвардия сафларида хизмат ўтаётган ҳамда жаҳон ареналарида юқори натижаларга эришиб келаётган спортчилар иштирокида маҳорат дарс­лари ўтказилди, кўргазмали чиқишлар, мусиқий дастурлар намойиш этилди.

Нафосат ЗАФАРОВА,

Миллий гвардия матбуот хизмати етакчи мутахассиси.