Автомобиль рақами 14 миллион доллар?!

  • 20:08
  • 22,08-2019
  • 882
  • Улашинг

Аслида биз бугун автомобилларга тақиб юрадиган давлат рақам белгиси дастлаб отлар экипажида қўлланган экан. 1901 йил эса дунёда биринчи марта автомобиль рақами жорий этилган, яъни машинаси бор Нью-Йорк аҳолиси учун рақам олиш ва уни тақиб юриш шарт қилиб қўйилди. Буни расмийлаштириш учун бир доллар кетарди.

Германияда ҳам худди шу йили автомобилларга рақам тақиш урфга кира бошлади. Ҳатто айримлар ўзи ёқтирган ҳарф ва рақамлардан иборат белгиларни буюртма қила бошлади. Шундайлардан бири берлинлик савдогар Рудольф Герцог эди. «IA 1» рақамини олишга муваффақ бўлди. Ундаги «IA» турмуш ўртоғи Иоган Анкернинг бош ҳарфлари қисқартмаси, «1» сони эса унинг биринчи ва охиргиси эканлигига ишора эди.

Автомобиль рақамлари пайдо бўлган даврда унинг тасдиқланган зарур ўлчамдаги стандарт шакли бўлмаган. Автоҳаваскор уни ўзи ясаши ёки устага буюртма қилдириб, машинасига тақиб юриши мумкин бўлган.

ХХ аср бошларигача Россиянинг ҳар бир шаҳрида рақамлашнинг ўз тартиби бўлган. Рақам белгиси ҳар йили 15 мартда, техник кўрикдан ўтгандан кейин алмаштирилган. Рақам ёзилган белгилар ҳам турли рангда бўлган. Қизил, кўк, пушти ранг... Бу ранглар ҳайдовчиларнинг стажини билдирган ва улар гараж деворларига қоқиб қўйилган.

Стандарт автомобиль давлат рақам белгиси собиқ иттифоқда илк бор 1931 йил жорий этилди. Юрий Гагарин эса машҳур парвозидан кейин 12-04 ЮАГ давлат белгиси бўлган «Волга» автомобили билан тақдирланади. Бунда рақамлар унинг парвоз вақтини, ҳарфлар эса исм-фамилияси бош ҳарфларини англатар эди.

Дастлаб АҚШда жорий этилган қиммат автомобиль рақамлари сотилиши бугун кўпчилик давлатларда қонуний тусга кирган. Хоҳлаган киши пулини тўлаб, ўзи хоҳлаган рақами сотиб олиши мумкин. Тарихда аукционда сотилган энг қиммат автомобиль рақами 2008 йил Абу-Дабида қайд қилинган. БАА фуқароси 25 ёшли Саид ал Ҳури нақд 14,2 миллион АҚШ долларига шундай рақам соҳиби бўлди. У жуда қисқа эди: «1» Ажабланарлиси, бу рақамнинг бошланғич нархи бор-йўғи 27 минг АҚШ доллари қилиб белгиланганди.

Шундай қиммат рақамлар 2006 ва 2009 йилларда Буюк британияда ҳам кузатилган. «М1» рақами 500 минг АҚШ долларига баҳоланган бўлса, «1D» рақами 513 минг АҚШ долларига сотилган.