«Ёшлар боғи» барпо этилди

  • 12:03
  • 22,03-2020
  • 62
  • Улашинг

Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси ва Зомин тумани ҳокимлиги томонидан ёшларни иш билан таъминлашга қаратилган хайрли тадбирга қўл урилди.

Тумандаги «Ширин» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан 6 гектар ер майдони ажратилиб, унга ички ишлар органлари ходимлари томонидан 3 мингга яқин ўрик, олхўри кўчатлари экилди.

«Ёшлар боғи» дея ном олган ҳудудни уюшмаган ёшларга тақсимлаб бериш кўзда тутиляпти.

Келгусида етиштириладиган ҳосилнинг ички ишлар органлари тизимидаги муассасалар томонидан харид қилиниши белгилаб олинган.

Вилоят ички ишлар органлари ходимлари вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида уюштирилаётган кўкаламзорлаштириш ишларида ҳам фаол қатнашмоқда. Чунончи, Арнасой туманида 1,5 мингта, Ғаллаорол туманида 10 мингта, Жиззах шаҳрида 11 минг 300 та мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

 

 Алижон АБДУСАТТОРОВ,

«Роstdа» мухбири.

Жиззах вилояти.