Улар сиз учун туну кун хизматда

  • 13:03
  • 26,03-2020
  • 79
  • Улашинг

Айни кунларда коронавирус инфекцияси бутун дунё жамоатчилиги эътиборидаги масалага айланиб, кўпчиликда ҳадик-хавотир уйғотди. Шу боис мамлакатимизда мазкур вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Жумладан, 24 март кунидан эътиборан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилди. Асосан Тошкент шаҳри ҳудудида аниқланган ушбу вирус республиканинг бошқа ҳудудларига тарқалишининг олдини олиш учун пойтахтимизга ҳар қандай транспорт воситасида (автобус, микроавтобус, енгил автотранспорт, авиақатновлар ва темир йўл транспорти воситалари орқали) кириш тўхтатилди. Шунга кўра, 5 та блокпост ва 5 та тўсиқпост тўлиқ ёпилди.

«Эркин» йўл-патруль хизмати стационар маскани пойтахтимизни мамлакатимизнинг жанубий ва ғарбий ҳудудлари билан боғловчи энг катта «дарвоза» саналади. Айни пайтда бу ерда Ички ишлар, Мудофаа ҳамда Транспорт вазирликлари, Миллий гвардия, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ходимлари туну кун хизмат олиб боришяпти.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида Тошкент шаҳрида доимий рўйхатдан ўтган шахслар, шунингдек, Тошкент вилоятида доимий рўйхатдан ўтган ҳолда Тошкент шаҳрида меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органлари ва муассасалари (нодавлат ташкилотларда – иш берувчи томонидан тақдим этиладиган тегишли рухсатнома асосида) ходимлари ҳамда юк ташиш билан боғлиқ ҳолларда Тошкент шаҳрига кириш ва чиқишга рухсат берилиши қайд этилган. Шунга мувофиқ, ҳар бир транспорт воситаси, йўловчилар жиддий текширувдан ўтказилмоқда. Рухсат этилганлар пойтахтга киритилиб, рухсат этилмаганлар ортга қайтариляпти. Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ходимлари пойтахтга кириб келаётган транспорт воситаларини пешма-пеш дезинфекция қилишмоқда.

– Кеча зарур юмуш билан Янги­йўлга боргандим, – дейди фуқаро Г.Хидирбоева. – Ўзим Шайхонтоҳур туманида яшайман. Ички ишлар органи ходимлари паспортимни кўриб ўтказиб юборишди. Ҳеч қандай ноқулайлик, кутиб қолиш бўлмади. Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида постлар ёпилган экан, буни қўллаб-қувватлайман. Оллоҳ насиб қилса, ҳаммаси ортда қолади.

ЙПХ масканидан икки томонга ўтиб-қайтаётганларни кузатар эканмиз, баъзи фуқаролар ўзларини қизиқтирган саволлар, дуч келаётган муаммолар юзасидан ходимларга мурожаат қилаётганига гувоҳ бўлдик. Уларнинг ҳар бирига тегишли соҳа вакиллари жавоб беришмоқда, баҳоли қудрат ёрдам кўрсатишяпти.

– Пойтахтга кирмоқчи бўлаётганлар орасида тиббий йўлланма билан келаётган, шошилинч ёрдамга муҳтож бўлганлар ҳам учрамоқда, – дейди Чилонзор тумани ИИОФМБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Т.Рихсиев. – Бундай вазиятда тегиш­ли мутахассислар билан маслаҳатлашиб, уларнинг киришига рухсат берилмоқда. Энг муҳими, халқимиз буни тўғри тушуняпти.

Шу ўринда эътиборга молик факт: коронавируснинг илк ўчоғи бўлган Хитойнинг Хубей провинциясида (маъмурий маркази Ухань шаҳри) 25 мартдан бошлаб кириш, чиқиш ва умуман карантин билан боғлиқ чекловлар бекор қилинди. Бу коронавирус инфекцияси нафақат чекинди, балки бартараф этилди, деганидир. Демак, ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Осойишталик посбонлари, соғлиқни сақлаш ходимлари сиз учун, сизнинг соғлиғингиз, эртанги кунингиз учун кечаю кундуз хизматда. Сиз эса, зарурат бўлмаса, уйингизда қолинг, кўчага чиқманг. Бу билан вируснинг тарқалишига қарши курашишга муносиб ҳисса қўшган бўласиз.

Фозилжон МАМАШАРИПОВ,

«Postda» мухбири.

Абу КЕНЖАЕВ олган суратлар.