Фаришталар улуғлаган кунда таваллуд топганлар

  • 13:03
  • 21,03-2020
  • 79
  • Улашинг

 

 

Абу Райҳон Беруний «Наврўз оламнинг бошланишидир», деб ёзган эди. Аллома ал-Маъмун Али ибн Тусо ал-Ризоб эса «Наврўз фаришталар улуғлаган кундир, чунки улар шу кунда яратилган. Бу кунни подшоҳлар ҳам улуғлаган, зеро, у замоннинг биринчи кунидир», деган экан.

Маълумотларга қараганда, 21 санада туғилганлар фақат биттагина иш билан шуғулланишни ёмон кўришаркан. Улар бир вақтнинг ўзида ҳамма нарсага қўл уриб, барчасининг уддасидан чиқади. Бундай инсон табиатан ҳар хил нарсаларга қизиқади.

Бу қарашнинг қанчалик тўғрилигини билиш учун айнан Наврўзи айём кунида туғилганлар ҳаёти билан қизиқдик.

АЛИХОНТЎРА СОҒУНИЙ

Дин ва давлат арбоби, етук олим, моҳир таржимон Алихонтўра Соғуний 1885 йил 21 мартда Тўқмоқ шаҳрида туғилган. Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, ке­йинчалик эса Мадинаи мунавварадаги дорулфунунлардан бирида таҳсил олган Алихонтўра тарихий-меъморий обидалар ва қадимги қўлёзмаларни сақлаб қолишда жонкуярлик қилган. Дарҳақиқат,
у илму ҳикматнинг бир-икки соҳасида эмас, балки қироат, тафсир, ҳадис, фиқҳ, наҳв, балоғат, мантиқ, табобат, тарих, сийрат, жўғрофия, назму наср ва бош­қа фанлар бўйича ҳам етук мутахассис бўлган.

«Тарихи Муҳаммадий», «Туркистон қайғуси» (1966–1973 йилларда Тошкентда ёзилган), «Девони Соғуний» (шеърий тўплам), «Шифоул илал» («Хасталик­лар давоси») ва бошқа асарларни яратиш билан бирга, Аҳмад Донишнинг «Наводирул вақоиъ», Дарвеш Али Чангийнинг «Мусиқа рисоласи», Ҳерман Вамберининг «Бухоро ёки Мовароуннаҳр тарихи» ва «Темур тузук­лари» каби асарларни таржима қилган.

 

 АБДУЛЛА ОРИПОВ

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов 1941 йил 21 мартда Қашқадарё вилояти Косон тумани Некўз қишлоғида дунёга келди. Турли йилларда рес­публикамизнинг нуфузли нашриётларида муҳаррир, марказий нашрларда адабий ходим, бўлим мудири, муҳаррир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи,
масъул котиб, раис, Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш давлат агентлиги раиси лавозимларида фаолият юритган.

Шоир ва жамоат арбоби Абдулла Ориповнинг «Тилла балиқча», «Мен нечун севаман Ўзбекистонни» сингари дастлабки шеърлари талабалик йилларида ёзилган ва ўзбек шеъриятига ўзига хос овозга эга истеъдодли шоирнинг кириб келаётганидан дарак берган.

«Соҳибқирон» шеърий драмаси (1998)да эса қарийб уч аср давомида ҳукм сурган қудратли Темурийлар салтанатининг асосчиси ва XV аср Шарқ Уйғониш даврининг бош­ланишига ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий шароит яратган Амир Темур образини ёрқин гавдалантириб берди. Мазкур асар республикамизнинг барча йирик театрлари ва қардош мамлакатлар саҳналарида катта муваффақият билан ўйналди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг матни муаллифи Абдулла Орипов Наврўз ва Мустақиллик байрамларини ўтказиш бўйича ёзилган аксарият сценарийлар муаллифидир.

Абдулла Орипов жаҳон адабиёти дурдона асарларини ўзбек китобхонларига етказишда ҳам самарали меҳнат қилди.
У Данте «Илоҳий комедия»сининг «Дўзах» қисмини, А. Пушкин, Н. Некрасов, Т. Шевченко, Л. Украинка, Р. Ҳамзатов, Қ. Қулиев ва М. Байжиев асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилди.

1990 йилда Ўзбекистон Олий Кенгаши, 1995 йилда Ўзбекис­тон Олий Мажлиси депутатлигига сайланди. Абдулла Орипов Калифорния (АҚШ) Фан, таълим, саноат ва санъат халқаро академиясининг ҳақиқий аъзоси, Сока университети (Япония) профессори, «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Бош таҳрир ҳайъати аъзоси, Ҳамза номидаги ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Респуб­ликаси Давлат мукофотлари лауреати эди.

 

НИЗОР ҚАББОНИЙ

 Араб дунёсининг энг буюк адабий сиймоларидан бири – шоир, адиб ва сиёсий арбоб Низор Қаббоний 1923 йил 21 мартда Суриянинг Шом вилоятида, ўртаҳол тужжор оиласида туғилган. Илк асари «Чекиниш китоби учун эслатмалар» ўн етти ёшида чоп этилган ва у шу китоби билан адабий жамоатчилик ҳурматига сазовор бўлди. Дамашқ Миллий билим юртида таҳсил олган. Бир қанча вақт Европа ва Осиё давлатларида дипломатлик қилган. Араб-Исроил урушига қадар романтик шоир сифатида танилган, урушдан сўнг дунёнинг таниқли ижтимоий шоирларидан бирига айланди.