Янги кун, янги Ўзбекистон

  • 10:03
  • 21,03-2020
  • 200
  • Улашинг

Баҳорнинг илиқ тафти туфайли борлиқ ўзгача чирой ва кўркам қиёфага кириб бормоқда. Дов-дарахтлар гуллаши, қушларнинг чуғур-чуғури уйғониш фаслининг аллақачон одамзод қалбига инганидан дарак беради. Шу боис бетакрор шодиёна — Нав­рўзи оламга эзгу ниятлар билан пешвоз чиқяпмиз.

Халқимиз миллий юксалиш ва миллий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйган ҳозирги кунда барча эзгу қадрият ва анъаналаримиз қатори, Наврўзнинг ҳам ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Айниқса, ушбу қадимий байрамнинг руҳи ва фалсафасида мужассам бўлган яшариш ва янгиланиш, яхшилик ва бағрикенг­лик, табиатни асраб-­авайлаб, доимо у билан уйғун бўлиб яшаш каби ўлмас ғоялар бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий мақсади ва маъно-мазмунига ғоят ҳамоҳанг эканини таъкидлаш лозим.

Ер юзида шаҳарлар кўп. Кўрки ва таровати, латофати, файзи ҳамда жозибаси билан ном қозонган азим Тошкент, шубҳасиз, дунё узра машҳур ва бетакрор шаҳарлар қаторида туради. Кейинги йилларда Президентимиз раҳнамолигида пойтахтимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари туфайли у янада гўзал қиёфа касб этди. Муҳташам бинолар, равон ва кенг кўчалар, кўприклар, обод маҳаллалар, жозибали фавворалар, улкан савдо иншоотлари пойтахтимиз чиройига янада чирой қўшди.

Эътироф этиш жоизки, кейинги йилларда Тошкент, том маънода, йирик мегаполисга айланди. Пойтахтимиздаги бунёдкорлик ишлари, аввало, аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида, келажак авлод манфаатлари кўзланиб, ҳудуд иқлими инобатга олинган ҳолда бўй кўрсатмоқда. Шу тариқа, бошкентимиз аждодларимиздан қолган азалий қиёфасини йўқотмасдан, замонавий кўриниш касб этиб боряпти.

Хусусан, пойтахтимиз марказида қад ростлаган «Tashkent Сity» маж­муи мамлакатимиз ва халқимиз қудрату шавкатини ўзида ифода эта олади, десак, янглишмаган бўламиз. «Humo Arena»нинг қурилиши мамлакатимизда ҳақиқий маънода ноёб кўнгилочар спорт иншооти қад ростлаганини билдириши билан бирга, эндиликда у аҳолининг жисмоний ва маданий ривожланишига хизмат қилади.

Тошкентда транспортнинг янги – ер усти айланма метро йўналиши барпо этилмоқда. Сергелида метронинг ер усти йўналиши қад кўтармоқда. Ер остидан ўтадиган анъанавий мет­ро йўналишининг Юнусободдаги қурилиши давом этяпти, шунингдек, пойтахт атрофидаги ер усти айланма метро йўналиши қурилиши ҳам жадал суръатлар билан бормоқда.

Ер усти метроси фойдаланишга топширилгач, пойтахтни томоша қилиш имконини берадиган метро кунига 1 миллионга қадар йўловчига хизмат кўрсатади. Яна бир қулайлиги шундаки, йўловчи бугунги ер ости мет­росининг истаган кассасидан битта жетон сотиб олиб, янги айланма йўлдан пойтахтнинг метро борган истаган ҳудудига бемалол етиб бора олади.

Дарҳақиқат, юртимизнинг қайси гўшасига борманг, қурилиш материаллари ташиб кетаётган улкан юк машиналарига, тинимсиз ишлаётган кранларга кўзингиз тушади. Ўзбекистонга бир келган киши иккинчи сафар унинг таниб бўлмас даражада ўзгариб кетганини эътироф этаётгани ҳам айни ҳақиқат. Ўзимиздан қиёс – қайси шаҳарда яшашимиздан қатъи назар, унинг бирор кўчасига бир-икки йил бормасак, ногоҳ йўлимиз тушганида адашиб қолишимиз бор гап.

Бир сўз билан айтганда, умум­эътироф этилаётган иқтисодий ютуқлар, мутлақо янги асосдаги самарали ташқи сиёсат баробарида, бунёдкорлик ҳам Ўзбекистон ҳақида тилга олинаётган гаплар, билдирилаётган фикр-мулоҳазаларнинг бош мавзусига айланган. Бунинг негизида халқимизга хос янгиланишга интилиш ҳисси, атрофдаги манзарани гўзаллик билан бойитиш фазилати, айни пайтда, катта ишларга қўл ура олиш журъати мужассамдир.

— Дунёда ўз ўрни, нуфузига эга мамлакатда яшаяпмиз, — дейди меҳнат фахрийси, «Шуҳрат» медали соҳиби Саноатхон Қурбонова. — Юртимиз тинч, маҳаллаларимиз осуда, кўнглимиз хотиржам, оиламиз фаровон. Фарзандларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмасдан камол топишлари учун барча шарт-шароит муҳайё қилинмоқда. Кўплаб корхоналар, хусусий фирмалар ишга тушириляпти. Хиёбонлар, дам олиш масканлари, шифохоналар қад ростлаяпти. Буларнинг барчаси мамлакатимизда инсон қадри ва унинг манфаатлари улуғланаётганлигидан далолатдир.

Бугун дунё миқёсида иқтисодий жиҳатдан инқирозлар юз бераётган бир пайтда бирор-бир бино, иншоот, иморат, даҳа ва мавзелар қуриш осон кечадиган жараён эмаслиги барчага аён. Лекин ана шундай шароитда ҳам мамлакатимиз Президенти кўплаб шаҳарларни янгидан қайта қуриш, халқимиз ҳаётини яхшилаш, улар учун қулайлик ва фаровонлик яратиш учун имконият яратиб бермоқда.

Наврўз — янги кун. Жонажон Ўзбекистонимиз ҳам бугун ўз миллий тараққиётининг янги даврига қадам қўймоқда. Янгиланаётган, кундан-кунга ривожланиб бораётган юртимиз азалий қадриятларимиз сарчашмаси — Наврўзни қарши олмоқда. Бугун ҳар қанча шукроналар айтсак, умримизнинг ҳар дақиқасини Ватан тараққиёти йўлида сафарбар этсак арзийди. Тинч ва осойишта ҳаётимизнинг қадрига етиш, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш энг муҳим бурчимиз эканлигини унутишга асло ҳаққимиз йўқ. Негаки, хотиржам юртга байрамлар, тўй-томошалар, хурсандчиликлар ярашади. Бинобарин, бугун эл-улус қалбида бунёдкорлик кайфияти барқарорлиги, жойларда яратувчанлик юмушлари қизғин давом этаётгани ҳам тинчлик шарофатидандир.

 

Ирода ЎРМОНОВА.