Тадбиркорга қилинган ҳамла

  • 11:02
  • 28,02-2020
  • 159
  • Улашинг

Ўтган йилнинг 29 ноябрь куни Тошкент вилоятининг Зангиота тумани суди биносида очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда бир гуруҳ шахслар томонидан шу туманда истиқомат қилувчи тадбиркор Мақсуд Ёрматовнинг (воқеа иштирокчиларининг исм-шарифлари ўзгартирилди) хонадонида содир этилган босқинчилик ҳамда мазкур туманда яшовчи Баҳром Абдуллаевнинг уйида содир этилган ўғрилик бўйича жиноят иши кўриб чиқилди.

Энди мазкур жиноятларнинг тафсилотига тўхталсак. Дастлаб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган Даврон Фаёзов ишлари бироз юришмай қолганидан сўнг маҳалладоши Хайрулло Самадов билан биргаликда устачилик қила бошлайди. Кунларнинг бирида уларнинг сафига шу ҳудудда истиқомат қилувчи касби тунукачи бўлган Акмал Абраев ҳам қўшилади. Аввалига улар ишданa сўнг чойхўрлик, ошхўрлик қилишарди. Кейинчалик зиёфатлар борган сари «қуюқлашиб», охир-оқибатда спиртли ичимлик, кейинчалик эса гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишгача боради.

Бир-икки марта заҳри қотилни татиб кўрган ҳамтовоқлар аста-секинлик билан унга ўрганиб қолишади. Бош­қаларнинг ёрдами билан қўлга киритилган оғулар тугагач, унинг асирига айланиб қолган Хайрулло ва Акмал энди ўзлари ўша зормандани топишга қарор қилишади. Шундай кунларнинг бирида Акмал «Қўшним Баҳром Абдуллаев ўзининг уйида наша етиштираётганини кўрдим» деганида, кўпдан бери заҳри қотилнинг хумори тутиб юрган Хайрулло ниҳоятда қувониб кетади. Бундай имкониятни қўлдан бой беришни хоҳламаган икки ўртоқ дарров ишга киришади. Қўшниси Б. Абдуллаев ва унинг оила аъзолари уйда йўқлигидан фойдаланган А. Абраев ҳамда
Х. Самадов ушбу хонадонга ўғриликка тушади. У ердаги етиштирилаётган нашанинг бир қисмини олиб, тезда жуфтакни ростлайди. Улар тўғри Хайрулло Самадов яшайдиган уйнинг ертўласига келиб, ушбу оғудан истеъмол қилишади. Қолган қисмини яшириб қўяди.

Навбатдаги улфатчилик­ларнинг бирида Даврон дўстларига ичидаги дардини ёради:

– Аввалги ишим туфайли давлатдан 37 миллион сўм қарз бўлиб қолганман. Шуни тўламасам бўлмайди. Мажбурий ижро буюросининг ходимлари талаб қилишяпти. Шунга нима дейсизлар? Қандай тўласам экан...?

– Менда бир таклиф бор, – дея ўртага чўккан жимликни бузди Акмал.

– Хўш, нима таклиф экан? – қизиқиб сўради Хайрулло.

– Яқинда мен Мақсуд Ёрматов деган бойваччанинг уйида ишладим, – деди ҳовлиққанча Акмал.

– Хўш, қандай ёрдам бераркан менга у? – деганча умид кўзлари билан улфатига қаради Даврон.

– Унинг уйидан пул ўмарамиз.

– Бу ишни учаламиз эплашимиз қийин, – деди иккиланиброқ Хайрулло.

– Нима қиламиз дейсан унда? – деди ўртоғидан бирор-бир нажот кутгандек Акмал.

– Носирни ҳам қўшишимиз керак, у бундай ишларнинг уддасидан чиқишига ишонаман.

– У кўнмайди, – деганча дўстининг таклифига эътироз билдирди Акмал.

– Агар мен айтсам, албатта, рози бўлади, – деди ўртоқлари олдида ўзини кўрсатмоқчи бўлиб Хайрулло.

– Бўпти, чақир унда, тезроқ келиб биз билан бирга тайёргарлик кўрсин, – дейди ўйлаган ишлари «хамирдан қил суғургандек» осон битаётганидан қувонган Акмал.

Шундан сўнг улар бир неча кун давомида Хайрулло яшайдиган уйнинг ертўласида босқинчилик қилиш учун режа асосида тайёрланишди. Ўтган йилнинг 24 июнга ўтар кечаси, тахминан соат 02:30ларда Мақсуд Ёрматов яшайдиган ҳовлининг олдига боришади. Пухта ўйланган режага кўра, Акмал атрофни кузатиб туриш учун уйнинг ташқарисида қолади, бошқалар эса тўғри хонадон соҳиби ва унинг турмуш ўртоғи ётган хонага бостириб кириб, қўлларидаги болға, ёғоч бита, темир занжир ва шунга ўхшаш қаттиқ жисмлар билан уларнинг боши ва танасининг турли қисмларига уриб, оғзи, қўли ва оёқларини елим тасма (скотч) билан боғлаб ташлайди. Жабрланувчилар қаттиқ қийноқлардан сўнг ётоқхонадаги темир сандиқда тилла тақинчоқлар, ошхонадаги сандиқда эса пуллар борлигини айтади. Бу гапни эшитган босқинчилар тезда 110 миллион сўмлик қийматдаги турли тақинчоқларни олади. Сўнг уларнинг устидан қулфлаб, ўзлари эса пулларни олиш учун ошхонага ўтишади. Бундан фойдаланган турмуш ўртоғи М. Ёрматовнинг қўлларини ечади. Хотинининг ёрдами билан ётоқхона деразасидан қочиб кетган тадбиркор қўшниларини ёрдамга чақиради. Буни сезиб қолган жиноятчилар темир сандиқ ичидаги елим халталарга солинган пуллардан иккита пакетдаги жами 283 миллион 577 минг 500 сўмни олиб воқеа жойидан ғойиб бўлишади. Хонадон соҳиби Мақсуд Ёрматов эса олган тан жароҳатлари туфайли касалхонага ётқизилади.

Ўйлаган режаси охиригача силлиқ якунланмаганидан хавотирланган босқинчилар «овда» қўлга киритилган «ўлжаларни» жабрланувчининг уйидан унча узоқ бўлмаган жойдаги маккапояга кўмиб қўйишади. Жиноий гуруҳ аъзоси бўлган Носир Шамсиддинов ушбу қимматликлардан ўзининг улушини олиб, айланма йўллар орқали Қозоғистонга қочиб кетади.

Босқинчиларнинг қолганлари эса жиноий йўл билан қўлга киритилган бойлик­ларни беркитилган жойдан ўзлари бориб олишдан чўчиб, эски таниш­лари бўлмиш Жаҳонгир Тошматов ва Собир Мадаминовларни ёрдамга чақиришади. Бу кимсалар ҳам бўлиб ўтган воқеаларни била туриб, жиноят ҳақида тегишли жойга хабар бериш ўрнига, уларнинг жиноий шеригига айланади.

С. Мадаминов шу куни кечки пайт А. Абраев билан маккапояга бориб, яширилган пулларнинг бир қисмини олишади. Акмал ушбу пулларнинг керакли қисмини Хайруллога бериб қўйишини Собирга тайинлаб, ўзи эса, қолган қисмини олиб пойтахтимиздаги «Фарҳод» деҳқон бозорида номаълум шахсларга чет эл валютасига алмаштириб қайтади. Шу куни у Жаҳонгирнинг уйига келади ва бўлган воқеаларни унга айтиб беради.

Эртаси куни эрталаб эса Жаҳонгирни Собир билан бирга қолган тилла тақинчоқлар ва пулларни олиб келиш учун «хазина» кўмилган жойга жўнатиб юборади. Жаҳонгир Собир топган сумканинг ичидан 3 дона тилла тақинчоқни унга билдирмасдан олиб қўяди. Қолган пуллар ва тақинчоқларни Собир билан биргаликда Хайруллога келтириб беради. Шундан сўнг уларнинг ҳаммаси Хайруллонинг ертўласидан чиқиб, Акмалнинг олдига боришади.

Шерикларининг олдидан чиққан Жаҳонгир ўзининг танишлари орқали тўғри «Фарҳод» деҳқон бозоридаги тилла тиқинчоқлар билан савдо қилувчи дўкон сотувчисининг олдига боради ва «Онамники эди, пул зарур бўлиб қолди» дея ўғирланган тақинчоқларни 3 миллион 75 минг сўмга сотиб, пулларини чўнтакка уради.

Ҳамтовоқлар келишганларидек, шу куни Бўстонлиққа бориб, у ердаги дала ҳовлилардан бирини ижарага олиб, маза қилиб дам олишни бош­лайди. Аммо уларнинг ялло қилиши узоққа чўзилмайди. Чунки босқинчиларнинг қилмишидан хабар топган осо­йишталик посбонлари эртаси куни тушлик пайтида уюшган гуруҳ аъзоларининг барчасини шу ернинг ўзида қўлга олиб, Зангиота тумани ИИБга олиб келишади.

Олиб борилган тергов-суриштирув ишлари натижасида ушбу жиноий гуруҳ аъзолари билан биргаликда, ўзининг уйида ноқонуний равишда гиёҳвандлик экинини етиштирган Баҳром Абдуллаев ҳам қонун олдида жавоб берди. Суд уларнинг барчасига қилмишига яраша қонуний жазо тайинлади.

 

Фарҳод ЭРГАШЕВ,

майор.

Михли САФАРОВ,

«Postda» мухбири.