Таклифи «инобатга олинмади»

  • 19:02
  • 27,02-2020
  • 152
  • Улашинг

Бугун мамлакатимизда коррупцияга қарши жиддий кураш олиб борилмоқда. Шунга қарамай, айрим кимсалар томонидан ўзларининг жиноий қилмишларини яшириш ниятида у ёки бу мансабдор шахсга пора беришга уриниш ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда сақлаган хивалик фуқаро М.Х.нинг бу қинғир иши шаҳар ИИБ ходимлари томонидан фош этилади. Қарангки, у жиноят қидирув бўлими тезкор ходими, капитан Темур Тожиевга учрашиб, ундан ишни «босди-босди» қилишда ёрдам беришини сўрайди ва «рози» қилишини айтади. Капитан фуқарога бу ҳаракати нотўғри эканлигини тушунтирмоқчи бўлади. Аммо ҳаётдаги барча масалалар пора эвазига ҳал қилинади, деб ўйлаган М.Х. тезкор ходимни кўндиришга уринади. Шундан сўнг капитан Темур Тожиев мазкур ҳолат юзасидан раҳбариятга мурожаат қилади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ички ишлар органи ходимига 200 АҚШ долларини пора тариқасида берган М.Х. жиноят устида қўлга олинди. У энди нафақат гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда сақлагани, балки ходимга пора беришга урингани учун ҳам жавоб берадиган бўлди.

Худойберган ЖАББОРОВ,

«Postda» мухбири.

Хоразм вилояти.