Фаровон кунлар шукуҳи

  • 20:02
  • 26,02-2020
  • 126
  • Улашинг

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари билан яқиндан суҳбатлашсангиз, тинчликнинг қадрини янада теранроқ ҳис этасиз. Уруш қолдирган аянчли оқибатлар, бегуноҳ инсонларнинг қонли кўз ёшлари, навқирон йигитлар, навниҳол қизлар, мурғак болаларнинг армонли нигоҳларини ҳис қилиб қалбингиз озорланади. Шунда фақат бир нарса, уруш бугунги авлод учун изтиробга тўла ҳикоялару мардлик ва жасоратни дилига жо этган ота-боболаримизнинг шонли ҳаёт йўли сифатида тарих саҳифасидан жой олгани кўнгилга таскин беради.

Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида фарзанду неваралари ардоғида истиқомат қилаётган Абдувоҳид Обидов жанггоҳга отланганида навқирон ёшда эди. Унинг айни илм-ҳунар ўрганадиган пайти уруш майдонларида кечди.

Бугун Абдувоҳид ота салом бериб қий-чув қилиб мактаб томон кетаётган ўқувчиларни кўриб қувонади. Ота-онасининг қўлидан тутиб боғчага бораётган болаларнинг хурсандчилигини юракдан ҳис этади. Телевизор орқали мамлакатимиз ёшлари эришаётган ютуқлар, юрт тараққиёти йўлида қилаётган меҳнатларидан севинади.

– Доимо йўқлаб туришгани учун Юртбошимиз ва ҳукуматимиз, Ички ишлар вазирлиги раҳбариятидан миннатдорман, – дейди Абдувоҳид ота. – Кексалари қадрланаётган шундай гўзал, одамлари меҳр-оқибатли юртда туғилганимдан доимо фахрланаман. Бизга кўрсатилаётган ғамхўрлик, яратилаётган қулайликлардан миннатдорман.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги хизматида фаолият юритган Абдувоҳид Обидов фидойи хизматлари билан ҳамкасблари ва маҳалла-кўй орасида ҳурмат қозонди. Бугунги кунда истеъфодаги подполковник А. Обидовнинг шарафли хизматлари неваралари томонидан давом эттирилмоқда.

Отахон невараларига дориламон, бахтли кунларга ва фаровон ҳаётга шукрона қилиб яшаш зарурлигини айтишдан чарчамайди. Дарҳақиқат, осойишталикнинг қадрига етиш ҳар биримиз учун муҳим. Зеро, тинчлик-хотиржамлик бор жойдагина қалблар таскин ва ҳаловат топади. Ривожланиш ва тараққиёт бўй кўрсатади. Севимли касбингиз билан шуғулланиб, қадрдон оилангиз бағрида келажак учун турли режалар тузишингиз ҳам тинчлик аталмиш улуғ неъматга боғлиқ.

Шерзод АБДУСАМАДОВ.

Абу КЕНЖАЕВ олган сурат.