«Ҳалоллик вакцинаси»: жамиятнинг барча аъзоси эмланиши лозим

  • 23:02
  • 25,02-2020
  • 136
  • Улашинг

 

Юксак тараққиёт кафолати

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ­ 2020 йил – Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб эълон қилингани барча соҳа вакилларини бирдек қувонтирди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган очиқ сиёсат ҳамда изчил ислоҳотлар натижасида миллий тикланиш йўлидан миллий юксалиш йўлига ўтган Ўзбекистоннинг дунёдаги ўрни ва мавқеи тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Сўз эркинлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатлар, айниқса, таҳсинга сазовор. Эндиликда халқимизда ақлий жасорат пайдо бўлди, фикр ва ғоялар уйғоқлиги, онг-тафаккур бедорлиги бошланди.

Давлатимиз раҳбари айтган гапларда халқ дарди ва изтироблари, ҳамюртларимизнинг орзу-умидлари мужассам.

Айниқса, жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлаётганлигини алоҳида айтиб, «Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак», деб таъкидлади.

Бу зарарли иллат барча мамлакатларда илдиз отгани бор гап. Уни бартараф этиш бўйича жаҳон ҳамжамияти томонидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилаётган бўлса-да, ҳанузгача унинг илдизи қирқилмаган.

 

Ислоҳотлар самараси – келажак меваси

Мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш, унга қарши самарали курашиш, пайини қирқиш бўйича бир қатор ишлар қилинмоқда. Давлатимиз раҳбари Президентлик лавозимига киришганидан сўнг халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш биринчи даражали вазифа эканига алоҳида эътибор қаратди.

Энг аввало, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилиниб, унга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми яратилди. Мазкур қонун ижроси тўлиқ ва самарали таъминланиши учун «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди. Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилди.

Мана шу амалий ҳаракатнинг яна бир ҳуқуқий асоси сифатида Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Мазкур фармон бўйича Ички ишлар вазирлигида ҳам шахсий таркиб ўртасида коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш, хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш юзасидан тизимли ишлар қилинмоқда.

Ички ишлар вазирлигининг 2019 йил 24 июнь куни «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш ҳақида»ги буйруғи ишлаб чиқилди ва вазирлик тизимида коррупцияга қарши курашиш ишчи гуруҳи ташкил этилди.

Шунингдек, вазирнинг тегишли буйруғи билан ҳар йили декабрь ойи «Ички ишлар органларида коррупцияга қарши курашиш ойлиги» деб эълон қилинди. Мазкур ойлик доирасида бир қатор ташкилий, амалий, маънавий-маърифий тадбирлар узлуксиз ўтказилмоқда.

Ички ишлар вазирлигининг «Ички ишлар органлари тизимида 2019–2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш, шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, ходимларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш бўйича чора-тадбирлар» дастури бу жиҳатдан самарадорликни оширишда муҳим дастурул­амал бўляпти. Қолаверса, шахсий таркиб ўртасида олиб борилаётган тарбиявий ишлар, тарғибот тадбирлари ўз самарасини бериб, осойишталик посбонлари пора таклиф қилган шахслар юзасидан раҳбариятини хабардор қилишяпти. Бунга вақтида тезкор чоралар кўрилиб, коррупциянинг олди олинмоқда. Масалан, Хоразм вилоятининг Хива туманида фирибгарлик ҳолати бўйича З.Б. гумон қилинувчи тариқасида жиноят ишига жалб этилади. Унинг турмуш ўртоғи Д.Х. эса «халоскор»лик қилиш учун етиб келди. Жиноят ишини «ижобий ҳал қилиш» эвазига туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи катта терговчиси, капитан Муродбек Қурбоновга икки миллион сўм бериши мумкинлигини айтади. Аммо осойишталик посбони у ўйлагандек нафсини касбидан устун қўядиган эмас эди. Тезкор тадбирда Д.Х. қўлга олиниб, қонун ҳукмига топширилди.

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани ИИОФМБ 3-сонли ИИБда ҳам фирибгарлик ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилган эди. Иш юзасидан гумон қилинувчи тариқасида жалб этилган Н.М. ўзига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилишини хоҳламади. Бунинг эвазига тергов бўлинмаси бошлиғи, капитан Фаррух Абдуллаевга 500 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилди. У бу қилмиши жиноят эканини балки англамагандир, лекин ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинган пайтда бош чангаллаб, хато устига хато қилганини англаган бўлса ажабмас.

 

Энг эзгу даво

Ҳалоллик – коррупцияга қарши курашишда энг устувор омил, бу касалликнинг олдини олишда эзгу даво сифатида эътироф этилмоқда. Ҳалоллик инсонлар учун рухсат қилинган яхши, ижобий ишлар, хатти-ҳаракатлар мажмуаси, меҳнат эвазига топиладиган нарсалар, пок ва тоза озиқ-овқатлар сираси. Унинг кенг маънодаги жиҳатлари кўп: турмушдаги, савдо-coтиқдаги, дўстлар ўртасидаги ҳалоллик ва ҳоказолар. Юраги, қалби пок ва тоза, ҳалол инсонлар ҳамиша хотиржам, кўнгли равшан.

Қомусий олим, буюк аллома Маҳмуд 3амахшарий бу ҳақда шундай насиҳат қилади: «Ҳалол ва покиза киши доимо хотиржам, тинч юради, бировга хиёнату нопоклик қиладиган киши эса ҳалокатга гирифтор бўлади».

Ҳалоллик бировнинг мол-мулкига ола қарамаслик, жамоат ва давлат мулкини ҳалол асраш, пора олмаслик, бирини мингга пуллаб, текин даромад кетидан қувмаслик, ғайрату шижоати билан эришганига қаноат қилиш, сабр-тоқатли бўлиш, топганига шукроналар айтишдир.

Кимсанинг моли ўзгага вафо қилмаслигини, ҳаром мол буюрмаслигини, ўз манфаати, фойдасини кўзлаб, бировнинг ҳақидан ҳазар қиладиган, эзгуликни дилига маҳкам жойлаб олган софдил, покиза, виждонли кишилар буни яхши тушунади, унга қатъий амал қилади.

Саъдий бобомиз айтганларидек:

Покиза бўлмаса кимнинг қилмиши,

Ҳикмат сўзи билан тузалмас иши.

 

Ҳалоллик учун курашиш керак

Ҳаётда сабр-қаноат, инсофу диёнат каби соф туйғулар инсон деган олий зотга ҳамиша ҳамроҳлик қилса, унинг қалбида ҳам фақат тоза туйғулар бўлади.

Ҳалоллик учун курашишда тарбиявий таъсир ўтказиш, тушунтириш, инсоф-диёнатга чақириш, ҳаттоки, уялтириш ёки танбеҳ бериш йўлларини танлаган маъқул. Биламизки, оилада ота-она, иш жойида раҳбарлар бошқаларга ҳалолликда ибрат кўрсатиб, ўзларининг инсонийлик хислатларини намоён этади. Агарда инсон коррупция ва порахўрлик урчиган муҳитга тушиб қолса, ҳаётда ҳаром нима, ҳалол нима эканлигини фарқлай олмайди.

Кимки кўп китоб ўқиб, ота-боболаримиздан кечган воқеа-ҳодисаларни қунт билан тинглаб, унга амал қилишга интилар экан, у доимо ҳалол ва ҳаромнинг фарқини ажратади. Шундай кишилар, ҳаёти давомида қоқилмай-сурилмай, ўз иши, бахту саодати, тинчлиги, фаровон турмушини бунёд этади. Шундай экан, ҳалол меҳнатдан топилган бир сўмнинг қут-баракаси ҳаромдан келадиган миллиондан ортиқдир. Ҳалолликнинг энг катта душмани тамагирлик ва порахўрлик. Бунга муккасидан кетганлар оёғи ердан узилиб, ҳеч кимни менсимайди, босар-тусарини билмай қолади, ўзлигини йўқотади, инсоф, диёнат тушунчалари уни қизиқтирмайди, бадфеъл кимсага айланади.

 

Якдил мақсадлар муштараклиги

Юртбошимиз жуда кўплаб маъруза ва чиқишларида «Коррупция билан ҳеч қачон мақсадимизга эриша олмаймиз» дея алоҳида таъкидлаб, унга қарши курашишни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мутасаддиларига асосий вазифа сифатида қўяди. Демак, коррупцияга қарши курашишда бирдамлик, ўзаро ҳамкорлик ва якдиллик талаб этилади.

Ўзбекистон миллий энциклопедиясида вакцинага «Эмлашда ишлатиладиган моддалар – инфекцион касалликларнинг олдини олиш ёки даволаш мақсадида қўлланиладиган препаратлар», дея таъриф берилган. Вакцина бирор юқумли касалликлардан сақланиш, тарқаб кетмаслиги учун ишлатиладиган дори воситасидир. Худди шунингдек, коррупция иллатидан сақланишда, биринчи навбатда, жамиятнинг ҳар бир аъзосини «ҳалоллик вакцинаси» билан эмлаш лозим бўлади.

Нафсиламрини айтганда, коррупцияга қарши кураш ҳар куни, ҳар лаҳзада ҳар бир фуқаро томонидан амалга оширилиши керак. Инсонларнинг ушбу иллатга қарши қатъий фуқаролик позицияси шаклланиши, коррупцияга нисбатан муросасизлик ва тоқатсизликнинг пайдо бўлиши, коррупция ҳолатларини изоҳлаш эмас, қоралаш ва қабул қилмаслик биринчи ўринга чиқиши керак.

 

Азизжон ФАЙЗИЕВ,

 капитан.