Эй, виртуал олам шайдолари, кўзингизни каттароқ очинг!

  • 12:02
  • 25,02-2020
  • 204
  • Улашинг

Тили чиқмасидан туриб

Ажаб замонда яшаяпмиз-да. Ҳозирги болалар, гапимизга бир оз лоф қўшадиган бўлсак, тили чиқмасдан туриб, уяли телефон, компьютер нималигини биляпти. Ҳали ўқиш-ёзишни ўрганмасдан, уяли телефонда гаплашишни, компьютерда ўйинлар ўйнашни ўрганяпти. Минг қилса ҳам, замонасининг боласи-да. Тавбангдан кетай...

Бир томондан, бу яхши. Айниқса, компьютер ўйинлари, интернет болаларнинг дунёни таниши, билим эгаллаши учун чексиз имкониятлар очяпти. Аммо, иккинчи томондан, кўп вақтини интернет «титкилаб», компьютер ўйинлари билан ўтказиб, бунга муккасидан кетиб қолаётган болалар ҳам тобора кўпайиб бормоқда. Бу оғир оқибатларга олиб келади.

Хўш, болалар ва ўсмирларнинг виртуал оламда «яшашга» ўрганиб қолишига сабаб нима? Мутахассисларнинг аниқлашича, аксар ҳолларда реал ижтимоий муҳитга ўргана олмайдиган, ўртоқлар топишга қийналадиган, тенгдошлари орасида омадсиз саналадиганлар виртуал оламга шўнғиб кетишади. Уларнинг кўпчилигига ота-онасининг эътибори етишмайди. Бўш вақти кўп бўлиб, на ўқишга қунт қиладиган, на тўгаракларга қатнайдиган болалар ҳам кўпинча компьютерга муккасидан кетади. Уларнинг аксарияти ўзига ишонмайди, бошқалар билан мулоқотга кириша олмайди, бирор камчилик ёки нуқсонидан уялади, вақтини зерикарли ўтказишга мойил ёки эҳтиросга берилувчан бўлади.

 

Фарзандингизга эътиборли бўлинг

Агар фарзандингиз компьютер ёки уяли телефонига қаттиқ боғланиб қолганини сезсангиз, бора-бора ҳақиқий ҳаётдан бутунлай узилиб қолишини истамасангиз, аввало, унга эътиборли бўлинг, меҳр кўрсатинг, ғамхўрлик қилинг. Бу, айниқса, тенгдошлари билан тил топиша олмаётган бола учун жуда муҳим. Ўзининг бошқаларга керакли, суюкли эканини ҳис қилиш уни реал ҳаётдан узилиб, кибер­оламга сингиб кетишдан сақлайди.

Қандай яшаш кераклиги борасида фарзандингизга намуна кўрсатинг. Агар уйда ота-она ўзаро деярли мулоқот қилмаса, бола ҳам улардан ўрнак олади. Бўш вақтингизни кўпроқ оила аъзоларингиз даврасида ўтказинг. Бир-бирингизнинг ўй-ташвишларингиз билан қизиқинг, бир-бирингиздан кўмагингизни аяманг. Энг муҳими – ўзингиз компьютерга муккангиздан кетманг. Токи фарзандингиз компьютер ўйинларисиз, интернетсиз ҳам ҳаёт қизиқ эканини ҳис этсин.

Фарзандингизни болалигидан вақтни тўғри тақсимлашга, ундан самарали фойдаланишга, тартиб-интизомга ўргатинг. Оилавий жанжал-тўполонларга чек қўйинг. Акс ҳолда, болангиз бундай муҳитдан қочиб, виртуал оламдан паноҳ излайди. Дилбандингизга қийинчиликларни енгиб ўтишига, ўзига ишонч ҳосил қилишига кўмаклашинг. Кўпинча ўзига ишонмаган болалар компьютерга тобе бўлиб қолади.

Болангизга тазйиқ ўтказманг. Кўп вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказгани учун уни қаттиқ койиманг. Яхшиси, нима учун реал ҳаётдан кўра виртуал оламни афзал билиши, ҳақиқий ҳаётда нимадан чўчиши билан қизиқинг. Сўнг биргаликда муаммоларни ҳал этинг.

 

Болани бола десак...

Энг ташвишланарлиси, ҳозир катталар ўртасида ҳам компьютерга тобеликка чалинганлар анча-мунча. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти видеоўйинларга ҳаддан ташқари берилиб кетишни махсус даволашни талаб этадиган хасталик сифатида тан олди.

Интернетга, компьютер ўйинларига қаттиқ боғланиб қолган одамлар дўстлари билан учрашишдан, ота-онаси билан суҳбатлашишдан ўзини олиб қочади. Улар ёлғиз ўзи яшашни, ишлашни ёқтиради, ҳатто, иложи бўлса, компьютери қаршисида ўтириб тамадди қилади.

Бундайлар ҳаётда ўзи эриша олмаган ютуқларга ўйин чоғида виртуал қаҳрамон ёрдамида эришади, шундан ҳузур қилади. Аслида эса монитор қаршисида ҳолдан тойиб бораверади. Ҳақиқий ҳаётида ҳеч нарса ўзгармайди.

Улар реал дунёда ҳис-туйғулар етишмаслигини виртуал оламдаги саргузаштлари орқали қопламоқчи бўлади. Турмушда ютуқларга эришиш, ажойиб туйғуларни бошдан кечириш учун ҳаётда фаоллик кўрсатиш, интилиш керак. Виртуал олам шайдолари эса ўзини қийнашни хоҳламайди. Бундан кўра, жонини койитмасдан, компьютернинг «сичқончаси» ёрдамида завқу шавққа тўлишни афзал билишади.

Интернетда танишган керак-нокерак ахборотларининг кўплиги туфайли уларнинг хотираси сустлашиб боради. Хаёлий дунёларда кезиб юргани учун дўстларига, яқинларига берган ваъдасини унутиб қўяди, ишларни беҳафсала, чала-чулпа бажаради.

Улар компьютер олдида узоқ ўтирганидан вақтнинг қандай ўтганини ҳам сезмай қолади. Ўйинларга, интернетга шунчалик берилиб кетадики, оқибатда ишга ҳам кечикади, еган овқатининг ҳам, уйқусининг ҳам тайини бўлмайди. Бора-бора виртуал оламга шунчалик боғланиб қоладики, ҳақиқий ҳаётнинг умуман қизиғи қолмайди. Шунчалик даражага етадики, ҳатто бошқалар билан мулоқот қилишдан чўчиб, ҳақиқий одамовига айланиб қолади. Уларга қараб «Эй, виртуал олам шайдолари, кўзингизни каттароқ очинг, ҳақиқий ҳаёт монитор ичида эмас, ундан ташқарида!» дея ҳайқиргинг келади.

Бобомурод ТОШЕВ,

ўз мухбиримиз.