Ўзингга эҳтиёт бўл...

  • 18:02
  • 24,02-2020
  • 174
  • Улашинг

Ҳаёт бир текисда давом этмайди. Унинг ўзига яраша паст-баланди, ўйдим-чуқурлари бор. Унда бизни қувонтирадиган, яшашга иштиёқни оширадиган ёқимли лаҳзалар билан бирга, мушкул аҳволга соладиган, таъбимизни хира қиладиган дамлар ҳам бўлади. Нохуш ҳолатларни ҳеч кимга раво кўрмаймиз-у, лекин фирибгар тузоғига тушишингиз, уйингизда ўғрилик содир бўлиши мумкин.

Бугун сизга айтмоқчи бўлганларимиз ҳаётда кўп кузатиладиган жиноятлардан бири ўғрилик ва унга «чап бериш» йўллари ҳақида. Агар сиз қуйидаги оддий қоидаларга риоя қилиб, маслаҳатларимизга қулоқ солсангиз, хонадонингиз хавфсизлигини кафолатлаган бўласиз.

Ўғрилар – ўз фаолияти жараёнида доимий янги кўникмаларга эга бўлиб борадиган «профессионаллар»дир. Улар «сайр қилиш» вақтида билим ва салоҳиятини фаол равишда ўзаро баҳам кўришади. Шунинг учун ўғрилар ишининг «билим базаси» кундан-кунга тўлдирилмоқда, деб айта оламиз.

Ўғрилар жиноят содир этишдан олдин қуйидаги усуллардан фойдаланиши мумкин:

– хонадон почта қутиларига, эшикларига реклама материаллари ёки газеталар ташланади, тиқиб қўйилади. Агар улар олинмаса, ўғриларга уйда ҳеч ким йўқлиги, яшамаслиги ҳақида аниқ сигнал борган бўлади;

– эшик тирқишига тез мажақланадиган, сезилмайдиган бирор бир нарса (печенье, кичик қоғоз бўлаги) тиқиб жойлаштиришади. Агар у эзилмаса, тушиб кетмаса, хонадонингиз хавф остида деб ҳисоблайверинг;

– турли хизматларни таклиф қилувчи стикерлар эшикка ёпиштирилади. Одатда, доимий яшайдиган уй эгаси уни эшикдан олиб қўяди, агар 1–2 кун олинмаса, жиноятчига яна бир сигнал тайёр. Агар бундай «аломатлар» кўп такрорланаверса, зудлик билан хонадон хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрганингиз маъқул.

Деярли қийинчиликсиз, тез очиладиган қулфлар ўғрилар учун айни енгиллик: бу пайтда калит танлаш усули қўл келади. Ўғрилар хонадонларга деразалар ёки балконлар орқали ҳам кириши мумкин. Айниқса, хонадон биринчи ёки охирги қаватда жойлашган бўлса. Кенг тарқалган усуллардан яна бири эшик қулфини темир монтировка билан бузиш ёки оғир жисмлар билан уриб синдиришдир. Жиноятчилар хонадонни олдиндан ўрганиш учун сохта коммунал хизмат ходими, сохта тиббиёт ходими сифатида ўзини таништирган ҳолда келиши ҳолатлари ҳам кўп кузатилган.

Хонадонингизда бу каби ҳолатлар кузатилмаслиги учун қуйидаги хавфсизлик чораларини кўришингиз лозим:

– кўп қаватли уйлардаги хонадонларга домофон ёки видеокамера ўрнатиш;

– иложи борича мустаҳкам темир эшикларга мураккаб қулфлар ўрнатиш;

– агар уйда йўқлигингизда калит кириш жойида сақич, пластилин ёки бошқа излар борлигини аниқласангиз, ички ишлар органларига хабар беринг – бу ўғрилик учун тайёргарлик бўлиши мумкин;

– агар эшикдаги кўргичда ҳеч нарча кўринмаса, у ташқаридан пластилин ёки скотч лентаси билан қопланган бўлади. Демак, жиноятга киришилган. Дарҳол ички ишлар органларига қўнғироқ қилинг;

– уй телефонингизга бўлаётган давомли қўнғироқлар, уйингиз атрофидаги ғалати ташрифларни таҳлил қилинг. Келганлардан гувоҳномаларини сўранг, тегишли корхоналардан телефон орқали улар ишлашини аниқлаштиришдан эринманг;

– узоқ муддатга кетишдан олдин қимматбаҳо буюмлар ва пулингизни хавфсиз жойларда, масалан, банклардаги буюм сақлаш ячейкаларида вақтинча сақласангиз, мақсадга мувофиқ бўлади;

– ўғриликнинг олдини олишнинг ишончли усули сифатида хонадонни қўриқлаш хизматига улаб, сигнализация ўрнатинг.

Ҳурматли юртдошлар! «Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма», дейишади. Шундай экан, огоҳлик, хавфсизликни таъминлаш ҳеч қачон зиён қилмайди.

Шавкат ФОЗИЛОВ,

Бухоро вилояти ИИБ ЭКБ бош эксперти, майор.