Матонатли, жасур ва ватанга содиқ

  • 10:02
  • 24,02-2020
  • 131
  • Улашинг

Жиззах вилояти ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядида сидқидилдан хизмат қилаётган фидойи ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Катта мутахассис-ҳайдовчи, кичик сержант Дилмурод Хўжамбердиев улардан биридир. Йигирма олтинчи баҳорни қаршилаётган йигит ёш бўлишига қарамай, сезиларли ютуқларни қўлга киритган.

Жиззах шаҳрида туғилиб ўсган Дилмуроднинг ички ишлар органлари ходимлари сафидан жой олишига 8 ёшидан бошлаб қўл жанги билан мунтазам шуғуллангани қўл келди. У ҳар куни 4 соат вақтини спорт залида ўтказар, чидам ва матонат унинг шиорига айланганди. Интилишларининг натижаси узоқ куттирмади. Турли даражадаги мусобақаларда Дилмурод Хўжамбердиев номи тез-тез янграй бошлади. Айтиш керакки, у вояга етгунига қадар мамлакат миқёсидаги 17 та, халқаро мусобақада эса 4 та чемпионликни қўлга киритди.

Айни шу мусобақаларда ички ишлар органлари вакилларининг иштирокини кузатган Дилмуроднинг қалбида соҳага муҳаббат пайдо бўлди. Жиззах давлат педагогика институтини тамомлаш арафасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳарбий тизимларнинг жанговар бўлимларига ишга таклиф қилишди. Дилмурод эса вилоят ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядини танлади.

2018 йил барча синовлардан муваффақиятли ўтди. Очиғи, хизматнинг кун тартибига мослашиш, жисмоний ва жанговар машқлар босимига кўникиш осон кечгани йўқ. Шундан сўнг ИИВ Академиясининг касбий тайёргарлик факультетига ўқишга кириб, ҳуқуқий билимларини ошириб қайтди.

— Кичик сержант Дилмурод Хўжамбердиев вазифасига масъулият билан ёндашиб, интизом ва саботи билан отрядимиз ёшларига ўрнак бўлаётир, — дейди отряд командири, капитан Жамшид Ўролов. — У кўп бора жиноятчиликка қарши кураш амалиётларида самарали иштирок этиб, бир қанча жиноятчиларни қўлга олишда фаоллик қилди. Худди шундай, тизим вакиллари ўртасида ҳамда мамлакат ва халқаро миқёсда ўтказилаётган мусобақаларда юқори ўринларни қўлга киритиб, отрядимиз кўрсаткичларига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Чунончи, 2019 йилда ИИВ махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармасининг тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядлари терма жамоалари ўртасида Жиззахда бўлиб ўтган 10-анъанавий кўпкураш мусобақасида қўл жанги бўйича 75 килограмм вазн тоифасида кечган беллашувларда ғолиб чиқди. Мусобақанинг бошқа шартларида ҳам отрядимизнинг умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашига сезиларли улуш қўшди.

Дилмурод эришаётган натижаларнинг салмоғи тобора ортиб бормоқда. Бинобарин, ўтган йили вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ходимлари иштирокида уюштирилган қўл жанги мусобақасида ўз вазн тоифасида ғолибликни қўлга киритди. Қаршида ўтказилган ички ишлар органлари таркибий ва ҳудудий бўлинмалари терма жамоалари ўртасида ташкил этилган мусобақада эса иккинчи, Андижонда Ўзбекистон кубоги учун ўтказилган беллашувларда биринчи ўринни эгаллади.

Германиянинг Лейпциг шаҳрида дунёнинг 32 давлати вакиллари иштирокида ўтган Жаҳон кубоги мусобақасида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритган Дилмурод Хўжамбердиев айни пайтда нуфузли мусобақалар – Жаҳон чемпионати ҳамда Жаҳон кубоги беллашувларига ҳозирлик кўрмоқда. Шунинг баробарида, хизматдош­лари билан бирга жорий йилнинг апрель ойида Сирдарё вилоятида ИИВ махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармасининг тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядлари терма жамоалари ўртасида ташкил қилинадиган кўпкураш мусобақаларига тайёрланяпти.

— Юртимизда ёшларга катта эъти­бор қаратилмоқда, хусусан, ички ишлар органлари тизимида фаолият кўрсатаётганлар имтиёзли асосда уй-жой билан таъминланиб, раҳбарлик лавозимларига тайинланмоқда. Булар ҳаммаси мамлакатимиз Президентининг ёшларга ғамхўрлиги, уларга ишонч билдирганидандир. Ана шу ишончни оқлаш мақсадида жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда яна кўплаб халқаро мусобақаларда республикамиз мадҳияси янграши учун бор салоҳиятимни ишга соламан, – дейди қаҳрамонимиз.

 

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

«Postda»мухбири.

Жиззах вилояти.