Кечага янада файз бағишлади

  • 21:02
  • 13,02-2020
  • 126
  • Улашинг

     Куни кеча ИИВ Қашқадарё академик лицейи ҳамда Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов номли вилоят мусиқали драма театри ҳамкорлигида моҳир саркарда ва истеъдодли шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 537 йиллигига бағишланган адабий-мусиқий кеча ташкил этилди.

     Тадбирни академик лицей директори, подполковник М. Дўстёров очиб, улуғ зотнинг инсоният тарихида тутган ўрни ҳақида ўзининг фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди. Шундан сўнг ўқувчилар томонидан шоир қаламига мансуб ғазал ва рубоийлардан намуналар ўқилиб, қизиқарли саҳна кўринишлари намойиш этилди. Кечада ижро этилган мумтоз қўшиқ ва жозибадор рақслар эса тадбирга янада файз бағишлади.

     Тадбир доирасида ушбу таълим муассасасининг энг фаол ва иқтидорли ўқувчиларидан бўлган Ж. Абдурасуловнинг ота-онасига Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П. Бобожоновнинг Миннатдорчилик хати тантанали тарзда топширилди. Шу билан бирга, лицей ўқувчилари ўртасида ўтказилган иншолар танловининг ғолиблари ҳам Фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

 

     Таассуротларга бой бўлган тадбир якунида эса, таълим маскани ўқитувчи ва ўқувчилари театр жамоаси томонидан саҳналаштирилган «Тўйлар муборак» спектаклини мароқ билан томоша қилишди.

Исмат ШАЙМАРДОНОВ,

истеъфодаги майор.