Касбига садоқатли ходим

  • 23:02
  • 10,02-2020
  • 186
  • Улашинг

Ҳаётини эл-юрт тинчлиги, осойишталигини таъминлашга бахшида этаётган фидойи ходимлар жуда кўп. Улардан бири Хоразм вилояти ИИБ ЙҲХБ бўлинмалари ЙПХ отряди 3-сафарбар гуруҳи ЙПХ инспектори, «Шуҳрат» медали соҳиби сержант Мансурбек Латиповдир.

…Тунги пайт. Ҳалол меҳнатсиз бойлик орттиришни мақсад қилган босқинчилар Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги хонадонлардан бирига бостириб киришди. Юзларига ниқоб таққан бу кимсаларнинг кутилмаган «ташрифи» хонадондагиларни саросимага солиб қўйди.

Босқинчилар уларни қўрқитиб, қимматбаҳо буюмлар ҳамда пулларни топиб беришини талаб қилишади. Шовқин-суронни эшитган Сайфулла аканинг ён қўшниси Акром Ёқубжонов дарҳол ёрдамга шошилди. Бундан саросимага тушган босқинчилар қочиб қолишди. Хонадондагилар зудлик билан бу ҳақда туман ички ишлар органларига хабар беришди. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида уч нафар жиноятчидан икки нафари дарҳол қўлга олинди. Аммо асли хоразмлик бўлган М. Жаҳонгир қочиб қолишга улгурганди.

Хоразм вилоятининг Қорақалпоғис­тон Республикаси билан чегарадош ҳудудида жойлашган «Чолиш» блок-постида хизмат вазифасини ўтаётган сержант Мансурбек Латипов «Беруний–Урганч» йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган «ISUZU» русумли автобусни тўхтатиб, ҳайдовчининг ҳужжатларини текшира бошлайди. Кутилмаганда босқинчилик жиноятини содир этишда гумон қилинаётган М. Жаҳонгирнинг йўловчилар орасида ўтирганини кўриб, ҳамкасблари билан дарҳол уни қўлга олишади.

Кўп йиллардан буён осойишталикни таъминлашдек шарафли соҳада сидқидилдан хизмат қилаётган сержант Мансурбек Латиповнинг фаолиятидан бундай воқеаларни кўплаб келтириш мумкин. У Урганч туманининг Ўртаёп маҳалласида туғилиб камолга етган. Урганч автомобиль йўллар техникумини тугатгач, икки йил ҳарбийлар сафида йигитлик бурчини адо этиб қайтгандан сўнг отаси, марҳум кичик сержант Маҳмуд Латиповнинг касбини давом эттиришни мақсад қилди. Кўп ўтмай вилоят ИИБ қўриқлаш бошқармаси алоҳида батальонига ишга қабул қилинди. Касбий кўникма ҳамда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига қатъий риоя этиш ҳар бир ходим учун муҳим эканлигини яхши англаган сафдор Мансурбек Латипов устози, катта сержант Шуҳрат Эгамовнинг насиҳат ва ўгитларига риоя этди.

Кейинроқ раҳбарлар етарли тажрибага эга бўлган кичик сержант Мансурбек Латиповни вилоят ИИБ ЙҲХБ йўл-патруль хизмати инспектори лавозимига ўтказишди. Бу вазифада ҳам у масъулиятни чуқур ҳис этиб, ҳамкасбларидан ортда қолмасликка астойдил киришди.

– Ҳар бир хизматда ўзига хос масъулият ва айрим қийинчиликлар бўлади, – дейди сержант Мансурбек Латипов. – Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдек муҳим вазифа ҳам ходимдан ниҳоятда ҳушёрликни, ҳар қандай мураккаб вазиятда аниқ ва тўғри қарор қабул қилишни талаб этади. Хизмат фаолиятим давомида айнан ўша жиҳатларга алоҳида
эътибор қаратиб, қонун талабларига қатъий риоя этаман. Ҳайдовчилар билан хушмуомала бўлиш энг муҳим шиоримга айланган.

Катта тажрибага эга бўлган Мансурбек камтар, хушмуомала, тиришқоқ ва изланувчанлиги билан ҳамкасбларига ўрнак бўлмоқда. У вилоят ҳудудида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича ўтказилаётган тадбирларда ҳам фаол иштирок этяпти.

– Сержант Мансурбек Латипов энг фаол ва фидойи ходимларимиздан бири, – дейди вилоят ИИБ ЙҲХБ бўлинмалари 3-сафарбар гуруҳи командири, лейтенант Ҳамза Жуманиёзов. – У ўтган йилда уч мингга яқин йўл-ҳаракати қоидабузарликларини аниқлашга муваффақ бўлди. Бундан ташқари, «Қидирув» тадбирида ҳам фаол иштирок этиб, муқаррар жазодан яшириниб юрган шахсни қўлга олишда алоҳида ташаб­бус кўрсатди.

Сержант М. Латипов тажрибали мураббий сифатида ёш ходимларнинг касбий кўникмасини оширишга, уларнинг билимларини янада оширишга ҳам алоҳида эътибор бермоқда. Ундан тарбия олган кичик сержантлар Санжар Йўлдошев, Дониёрбек Раҳмонов, Сардор Отажонов сингари ходимлар хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришиб, ҳамкасбларининг ҳурматига сазовор бўляпти.

Худойберган ЖАББОРОВ,

«Postda» мухбири.

Хоразм вилояти.

 Суратда: «Шуҳрат» медали соҳиби, сержант Мансурбек Латипов

хизмат пайтида.

Муаллиф олган сурат.