«Имкониятлардан унумли фойдаланиш зарур»

  • 22:02
  • 10,02-2020
  • 82
  • Улашинг

Ғайрат-шижоатли, ҳушёр ва зийрак, фикри тиниқ, касбига меҳри баланд бўлган ёшлар юртимиз истиқболидир. Бундай йигит-қизлар ўзларининг меҳнатсеварлиги, ташаббускорлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлишмоқда.

Гурлан туманидаги Мойли ҳамда Қатариқ маҳаллаларида тинч­лик-осойишталикни таъминловчи 88-Ички ишлар органлари таянч пункти профилактика инспектори, катта лейтенант Мансур Нуруллаев ҳам ана шундай фидойи ёшлардан бири. Унинг хизмат ҳудудида 5500 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг мингдан ортиғи ёшлардан иборат. Профилактика инспектори ўтган йилда майда безорилик, жамоат жойларида спиртли ичимлик истеъмол қилиш, паспорт тизими ҳамда санитария-гигиена қоидаларига риоя этмаслик каби ҳуқуқбузарлик­лар содир этган 131 нафар фуқарога нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирди.

Бир нафар шахс вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ реабилитация марказига жойлаштирилди. Ҳуқуқбузарлик содир қилишга мойил бўлган 7 нафар фуқаро профилактик ҳисобга олиниб, улар билан тизимли равишда суҳбатлар ўтказилди. Маҳалла фаоллари ҳамкорлигидаги профилактик тадбирлар натижасида ажралиш остонасида турган 5 та ёш оила сақлаб қолинди. Фуқароларнинг турли мазмундаги 47 та ариза ва шикояти ўз муддатида кўриб чиқилиб, қонун доирасида ҳал қилинди.

Мисоллардан кўриниб турибдики, профилактика инспекторининг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорлиги самарали ташкил этилган ҳамда кўплаб ҳуқуқбузарликларнинг олди олинган. Жорий йилда ҳам бундай тадбирларнинг самарадорлигини ошириб, халқнинг дарди, ташвиши билан яшаш инспекторнинг кундалик шиорига айланган.

Мана, олти йилдирки, халқ осо­йишталигини таъминлашдек шарафли касбда сидқидилдан хизмат қилаётган катта лейтенант Мансур Нуруллаев камтарлиги, хушмуомалалиги ва меҳнатсеварлиги билан ҳамкасбларига ўрнак бўлмоқда.  

– Ёш ходимни фуқароларимиз жуда ҳурмат қилади, — дейди «Мойли» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳамро Саидов. — Чунки у доимо халқ орасида. Бирор юмуш билан ҳузурига борган киши дарҳол муаммосига ечим топади. У одамлар дардига қулоқ тутади, ёрдамини аямайди.

Профилактика инспектори оилавий можароларни ҳал этиш, фуқароларни иш билан таъминлаш, тўй-ҳашамларни белгиланган тартиб-қоидалар бўйича ўтказиш, ўқувчиларнинг таълим жараёнидаги иштирокини назорат қилиш каби масалаларни маҳалла фаоллари ҳамкорлигида ҳал этади. Ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалардаги аҳволни атрофлича ўрганиб чиқиб, амалий ёрдам бермоқда. Бу хайрли ишларда унга маҳалла оқсоқоллари Шуҳрат Одилов, Ҳамро Саидов, профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари Мансур Адилов, Сардор Абдуллаев, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадрятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар Гулбаҳор Тожибоева, Ойша Бобониёзова, маҳаллалар фаолларидан Солий Жумабоев, Ҳожибой Ибодуллаев, Худоёр Абдуллаев, Отабек Маткаримов, Улуғбек Давлатов, Карим Қурбонбоев, Зулфия Ҳайтимова, Холида Муҳиддинова каби фидойи инсонларнинг ҳиссаси самарали бўляпти. Ҳамкорликдаги бундай хайр­ли ишлар натижасида маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ютуқлари анча юксалиб, аҳолининг тинчлик-осойишталиги таъминланмоқда. Қолаверса, 2017 йилдан буён унинг хизмат ҳудудида жиноят содир этилмади.

— Профилактика инспекторларининг хизмат турар жойлари ҳамда узоқ муддатли имтиёзли кредит асосида шахсий автомашиналар билан таъминланиши хизмат самарадорлигининг ошишида муҳим омил бўлди, — дейди катта лейтенант Мансур Нуруллаев. — Айни пайтда биз каби ёш ходимларга яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноят содир бўлишига имкон бераётган сабабларни эрта аниқлаш ва бартараф этиш, маҳалладаги айрим муаммоларни тегишли ташкилот ҳамда муассасалар раҳбарлари билан ҳамкорликда ҳал этишга ҳаракат қиляпмиз. Бундай саъй-ҳаракатларимиз юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминлаш, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга бўляпти.

Худойберган ЖАББОРОВ,

«Postda» мухбири.

Хоразм вилояти.