«Биз ўзбек ўғлонимиз, шарафимиз, шонимиз!»

  • 12:01
  • 12,01-2020
  • 103
  • Улашинг

Тун борлиққа ёйган қора пардасини йиғиштириб улгурмасидан, пойтахт кўчаларида ҳаёт қайнайди. Субҳидам насими юзларини чимчилиб ўтаркан, гўё шаддод маъшуқанинг ўйинига парво қилмаган йигитдек жиддий қиёфада турган аскар қуролини янада маҳкамроқ тутиб атрофга ҳушёр назар ташламоқда. Кундузгидек ёритилган ҳарбий қисм ҳовлисини диққат билан кўздан кечираркан, унинг уясини қўриқлаётган лочинникидек ўткир нигоҳларидан ҳеч нарса четда қолмайди. Тунги соқчиликка тайинланган, минорада хизмат олиб бораётган бу аскарнинг ҳушёрлиги Ватан осойишталигини таъминлашга бўлган масъулиятни чуқур ҳис этиб турганидан далолат. Аскарларга уйғониш вақти бўлганлиги тўғрисида буйруқ берилгач, бир неча дақиқа аввал ҳукм сураётган сукунат барҳам топди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинларига қарашли Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида хавфсизликни таъминловчи ҳарбий қисмда йигитлик бурчини ўтаётган муддатли ҳарбий хизматчилар учун ҳам янги кун бошланди. Уйқунинг энг ширин палласи баҳридан ўтган ўктам ўғлонлар эрталабки бадантарбияга киришишади. Умумчиниқтирувчи машқлар ниҳоясига етиб, қўл жанги усуллари, жанговар ҳаракатлар бўйича машғулотлар ўтказилди. Юзларидан маржон-маржон тер оқиб шуғулланаётган йигитларнинг алп қомати, спортда чиниққан мушакдор билаклари юрт осойишталигига рахна солувчи ҳар қандай кучни маҳв этишга қодир. Ҳарбий қисмнинг спорт залида барча шарт-шароитлар муҳайё. Турли машқларни бажаришга мўлжалланган ускуналар — велотренажёр, югуриш йўлакчаси, штанга, турник ва бошқалар жамланган. Кези келганда айтиш жоизки, аскарлар орасида ҳарбий хизматга келишидан олдин ҳам спортнинг турли йўналишларида шуғулланиб, нуфузли мусобақаларда иштирок этганлари талайгина. Масалан, оддий аскарлар Дилшод Сайназаров ҳамда Заҳириддин Қўчқоров эркин кураш, Бегзод Маназаров армрестлинг, Убайдуллахўжа Султонов каратэ, Мираб­бос Исмоилов жанговар самбо, Илҳом Нуриддинов шахмат каби спорт турлари билан шуғулланишган. Улар ўқувчилик чоғларидаёқ мусобақаларда ғолиб бўлиб, ўз маҳоратларини намойиш этишга улгурган. Оддий аскар Илҳом Нуриддинов ўтган йили Қуролли Кучлар тизимида ўтказилган шахмат мусобақасида иштирок этиб, Тошкент ҳарбий округи миқёсида ғолиб­ликни қўлга киритди. Ўзлари қизиққан машғулотлар билан ҳарбий хизматда ҳам шуғулланишлари учун яратилган шароитлардан улар бениҳоя мамнун.

Бир оздан сўнг чор атрофни ларзага келтириб, саф қўшиғи янграй бошлади:

«Ташлаб дадил,

мардона қадам,

Биз майдондан

ўтамиз шахдам»,

дея жўр овозда куйлаётган аскарларнинг қадам товушлари ҳам гўё заминни титратиб, қўшиққа ҳамоҳанг тарзда эшитиларди. Бу уларнинг нонуштага кетаётганидан далолат берарди.

Нонуштадан сўнг саф тортган йигитларга эрталабки хизмат йўриқномаси ўтилиб, баъзилари хизмат ҳудудларига йўл олишди. Қолганларга дарс машғулотлари бош­ланди. Улар кенг ва шинам ўқув хоналарида тажрибали устозлардан соҳа сирларини ўрганишяпти. Ҳарбий қисм клуби бошлиғи, катта лейтенант Низомиддин Шерматов уларга маънавий-маърифий билимларини ошириш ҳақида сўзларкан, бу борада китобхонликнинг ўрни катта эканини таъкидлайди. Унинг ўзи ҳам «Энг яхши китобхон», «Темур тузуклари билимдони» каби танловларда иштирок этган. Жисмоний ва жанговар тайёргарлик, саф тайёргарлиги каби махсус ҳарбий билимларни эса гуруҳ командирлари, катта сержантлар Баҳодир Туропов, Шаҳобжон Собиров ва бошқа кўп йиллик тажрибага эга устозларидан ўрганишяпти.

Ҳарбий қисм кутубхонасида ўн мингдан ортиқ турли мавзудаги бадиий, ҳуқуқий, сиёсий, илмий-омма­боп китоблар мавжуд.

— Детектив асарларни ёқтираман, — дейди оддий аскар Даврон Абдукаримов. — Жиноятчиларнинг инсон хаёлига келмайдиган найранг­ларию уларни уддабуронлик билан фош этган изқуварлар фаолиятига қизиқишим кучли. Ҳатто берилиб кетган пайтларимда, ўзим ҳам изқуварлар билан бирга жиноятчини қувиб юргандек, жиноят жойларидан ашёвий далиллар излаётгандек бўламан. Китобни энг яхши дўст дейиш­лари бежиз эмас. Чунки китоб ўқиган кишининг сўз бойлиги, билими ошиб, дунёқараши кенгаяди.

Бу аскар билан суҳбатлашар эканмиз, китоб ўқишдан ташқари, расм чизишга ҳам иштиёқи баланд эканини билиб олдик. Ҳарбий қисм деворий газеталарини безашда у чизган суратлардан фойдаланилар экан. Оддий аскар Мираббос Исмоилов эса Навоий ва Бобур ғазалларини ёқтиришини, уларнинг бир қанчасини ёддан билишини айтди. Ўзини Муродил Маҳамаджонов деб таништирган аскар географияга оид адабиётлар ишқибози экан. Ҳатто 2015 йилда ўқувчилар ўртасида география бўйича олимпиа­дада иштирок этган, туман босқичида ғолибликни ҳам қўлга киритган экан.

Кутубхонадан чиқиб, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида хизмат ўтаётган аскарлар ёнига бордик. Улар ҳар бир фуқарони диққат билан кузатар, шубҳали шахс ёки ҳаракат сезилгудек бўлса, дарҳол тегишли чораларни кўришга шай туришарди. Нарядларга бошчилик қилаётган сержант эса уларга лозим бўлганда зарур топшириқлар берар, ҳушёрликни бир лаҳза бўлсин, йўқотмаслик кераклигини уқтирарди.

Аскарлар билан кун тартиби бўйича жисмоний ва жанговар тайёргарлик, маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотлари ўтилди. Тушликдан сўнг улар ўтилган мавзуларни такрорлашди ва бошқа ишлар билан шуғулланишди. Уларнинг қачон нима билан шуғулланиши олдиндан қатъий белгиланган эди. Ҳар бир инсон ўз кундалик ишларини шундай тартиб билан режалаштирса, албатта, унинг ишида унум, барака бўлишига ишонч ҳосил қилдик.

Ватан ҳимоячилари кечки сайрга саф тортгач, яна юракларда ватанпарварлик, мардонаворлик, фидойи­лик каби туйғуларни жўш урдирувчи қўшиқ янграйди:

«Биз ўзбек ўғлонимиз,

шарафимиз, шонимиз!

Тозадир имонимиз,

она юрт посбонимиз!»

Бу сўзлар замирида аскарларнинг Ватан осойишталиги йўлида хизмат қилаётганидан чексиз ғурур туяётгани сезилиб турарди. Уларнинг жўр овозда айтган саф қўшиғини тингларкансиз, шу юрт тинчлиги учун, керак бўлса, ҳаётини фидо этажак жасур ўғлонлар борлигидан қалбингиз ифтихорга тўлиши шубҳасиз.

Иномжон РАҲИМХЎЖАЕВ,

«Postda» мухбири.

Содиқ ҲАКИМОВ олган суратлар.