Маймоққа озор берма, қизалоқ

  • 13:01
  • 09,01-2020
  • 217
  • Улашинг

«Маша ва айиқполвон» мультфильмини нафақат болалар, балки анча-мунча ёши катталар ҳам томоша қилган бўлса керак. Томоша жараёнида «Бу мультфильм болаларнинг тарбиясини бузмайдими?» деган фикр сизнинг ҳам хаёлингиздан ўтганми? Бир ўйлаб кўринг: мазкур мультфильм ижодкорлари билиб-билмай болакайларни ҳаддан зиёд шўх, бебош, дилозор бўлишга даъват қилмаяптими?

Балки, сиз фикримга эътироз билдириб, далил сифатида «Сеними, шошмай тур!», «Том ва Жерри», «Леопольд лақабли мушук» мультфильмларини мисол келтирарсиз. Менимча, далилингиз номақбул. Чунки ҳар учала мультфильм­да ҳам бўри ва сичқонлар қилмишига яраша таъзирини ейди. Қолаверса, томоша жараёнида ижодкорлар бу образлар тарафида эмаслигини сезиб турасиз. Аммо «Маша ва айиқполвон» мультфильмида қизалоқ айиқнинг дилига қанчалар озор берса ҳам, шўхликда ҳаддан ошса ҳам, барибир маймоқвой уни яхши кўраверади, фильм ижодкорлари ҳам. Беихтиёр бу ҳис-туйғу томошабинга ҳам юқади.

Эсингизда бўлса, «Кичкина табиб» фильмида «Том ва Жерри» мультфильмини томоша қилган ёш қаҳрамон билан бошқа бир персонаж ўртасида шундай суҳбат бўлиб ўтади:

– Мультфильм ёқдими?

 – Йўқ.

– Нега?

– Мушукка раҳмим келди.

– Сичқонга-чи?

– Сичқон жуда шўх экан. Бизнинг қишлоқда Ҳасанбой деган бола бор. Сичқон ўшанинг ғирт укаси.

Ана шу кичкина табиб «Маша ва айиқполвон» мультфильмини томоша қилганида шундай дермиди? Бунга гумоним бор. Бошқа болакайлар ҳам ҳар гал ушбу мультфильм томошасидан кейин «Демак, ҳар қанча шўхлик, дилозорлик қилсак ҳам бўлавераркан, ота-онамиз кечираркан-да», деган хулосага келишса ажабмас.

Балки, бунга ўхшаган, бола тарбиясига тескари, салбий таъсир кўрсатадиган бошқа мультфильмлар ҳам бордир. Болакайлар ижтимоий тармоқлар ёки айрим телеканаллар орқали (бизга билдирмай) уларни томоша қилаётгандир. Демоқчимизки, биз, катталар жажжи дилбандларимиз ақлли, одобли, меҳнатсевар, хушфеъл бўлиб вояга етишини истасак, улар қандай кўрсатув, айниқса, мультфильмлар томоша қилаётганига эътиборли бўлишимиз лозим.

Тўғри, рус ва бошқа халқларнинг эртаклари асосида ишланган энг сара мультфильмларнинг анча-мунчаси ўзбек тилига ўгирилган. Лекин ўзбек халқ эртаклари асосида ишланган мультфильмлар телевидение орқали, айниқса, «Болажон» каналида кўпроқ намойиш этилса, нур устига аъло нур бўларди. Шунда қоракўзларимизни халқимизга хос ва миллий менталитетимизга мос бўлган қадриятлар руҳида тарбиялай оламиз. Бундай мультфильмлар эса талайгина. «Зумрад ва Қиммат», «Тўғривой ва Эгривой», «Кенжа ботир», «Олтин тарвуз», «Ур, тўқмоқ!», «Саҳродаги воқеа», «Дов­юрак ошпаз», «Икки қўшни ва қовун», «Айтсам, ишонмайсиз» каби мультфильмларни барча болакайлар мириқиб томоша қилади. Шу аснода уларнинг беғубор қалбига мардлик, тўғрилик, ҳалоллик, меҳнатсеварлик, топ­қирлик каби эзгу хислатлар сингади.

Таниқли сўз устаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомов умрининг охирида «Ўзбекфильм» миллий агентлиги ҳузуридаги «Мультипликацион фильмлар студияси» давлат унитар корхонасига раҳбарлик қилган қисқа давр ичида ўзбек халқ эртаклари асосида мульт­фильмлар суратга олиш бўйича бирмунча ишларни амалга оширишга улгурди. Масалан, «Чалпак ёққан кун» эртаги асосидаги мультфильм менга жуда ёқди. Менимча, севимли санъаткоримиз бошлаган бу савобли ишни давом эттириш керак. Ахир, халқимизнинг каттаю кичикни эзгуликка чорловчи эртаклари озмунчами?! Қолаверса, ёзувчиларимиз ҳам болажонларимизга мўлжалланган мультфильмлар учун бажонидил сценарий ёзиб берса керак. Бунинг учун эса барча имкониятлар мавжуд, давлатимиз ҳам маблағни аямаяпти.

Бобомурод ТОШЕВ,

«Postda» мухбири.