Аёл бахтиёрлиги оила хотиржамлигидан

  • 09:12
  • 02,12-2019
  • 55
  • Улашинг

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш соҳасида қатор ижобий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида барча шаҳар ва туман ИИБда хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор лавозими жорий этилди.

Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Респуб­ликаси бўйича 19 нафар ана шундай ходим ўзларига бириктирилган ҳудудларда фао­лият олиб бормоқда. Ўтган вақт мобайнида улар томонидан хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган аёлларнинг ижтимоий реабилитация ва мослашиши бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Шунингдек, хотин-қизлар томонидан содир этилган ҳар бир жиноят сабаблари ва шарт-шароитлари батафсил ўрганилиб, уларни бартараф этишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Натижада жорий йилнинг 9 ойи­да аёллар томонидан содир этилган жиноятлар ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда
34 тага камайишига эришилди.

Чет давлатларга турли сабаблар туфайли чиқиб кетиб, узоқ муддатдан сўнг яшаш манзилларига қайтиб келган 413 нафар хотин-қизнинг барчаси тиббий кўрикдан ўтказилди. Иш билан таъминлаш мақсадида уларга жойлардаги банд­ликка кўмаклашиш марказларига йўлланмалар берилди.

Айни пайтда мураккаб вазиятга тушиб қолган ҳамда жиноятчиликка мойиллиги бўлган шахслар яшаётган оилаларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш чоралари манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда кўрилмоқда.

– Барча шаҳар ва туман ИИБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлари томонидан ҳар куни уйма-уй юриб, оилаларнинг муаммоларини ўрганиш амалиётини йўлга қўйганмиз, – дейди Қорақалпоғис­тон Республикаси ИИВ ҲПБ бошлиғининг ўринбосари – хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи, капитан Назира Турдимуратова. – Шу кунга қадар жойларда спиртли ичимликка ружу қўйган 11 нафар, руҳий касаллиги мавжуд 26 нафар хотин-қиз мажбурий даволанишга ётқизилган бўлса, 17 нафар хотин-қизга шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар олишда амалий ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, олиб борилган профилактик ишлар натижасида 138 та оила ажралишининг олди олинди. Бу борадаги фаолиятимиз самарадорлигини ошириш мақсадида келгусида асосий эътиборни профилактик чора-тадбирларни кучайтириш, жиноятларни маҳаллаларда кенг муҳокама қилиш, бандликни таъминлаш ишларига қаратишимиз зарур. Ўйлаймизки, бу орқали биз аёлларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига, оилавий хотиржамлигини таъминлаш ва қадр-қимматини тиклашга ёрдам берган бўламиз. Оилалари хотиржам жамият эса ҳар доим гуллаб яшнаши шубҳасиз.

Азамат ПИРНИЯЗОВ,

«Postda» мухбири.

Қорақалпоғистон Республикаси.