Муҳим тушунчалар берилди

  • 09:12
  • 02,12-2019
  • 42
  • Улашинг

ИИВ Маданият саройида вазирлик марказий аппарати шахсий таркиби билан ўтказилган навбатдаги маънавият ва маърифат дарси «Парламент сайлови, миллий қонунчилик ва хорижий тажриба» мавзусида бўлди.

Унда Марказий сайлов комиссияси аъзоси Баҳодир Юнусов маъруза қилди. Нотиқ Ўзбекистон Респуб­ликасининг Сайлов кодекси, унинг мазмун-моҳия­тига тўхталиб, сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, сайловчиларнинг ҳуқуқлари, сайловда иштирок этиш қоидалари ҳақида маъруза қилди. Шунингдек, яқинлашиб келаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловларда жорий этилган янгилик­лар ҳақида ҳам гапирди. Иштирокчилар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.

Ўз мухбиримиз.

Содиқ ҲАКИМОВ олган суратлар.

* * *

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловлар бўлиб ўтиши муносабати билан юртимизнинг барча жойларида сайловолди тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда. Уни ўтказишдан асосий мақсад мамлакатимиз аҳолисининг сиёсий маданиятини янада оширишдан иборатдир.

Шундай учрашувлардан бири ИИВ Академияси Раҳбар кадрлар тайёрлаш факультети ташаббуси билан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида бўлиб ўтди. Институт профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этган мазкур тадбирда сайловга доир муҳим масалалар муҳокама этилди.

Тадбир аввалида сўз олган ИИВ Академияси Олий ўқув юртидан ке­йинги таълим факультети бошлиғи, фалсафа фанлари доктори, полковник Шавкатбек Мамадалиев сайлов тизимидаги муҳим ўзгаришлар, бу борада олиб борилаётган бир қатор ислоҳотлар ҳамда Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти бўйича йиғилганларга атрофлича тушунчалар берди.

Шунингдек, учрашувда сўзга чиққан бошқа маърузачилар ҳам фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтган тадбир якунида ИИВ Академия­си мутахассислари институт профессор-ўқитувчилари ва талабаларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб беришди.

Алимардон РАҲИМОВ,

майор.