Энг олий мақсад — халқни рози қилиш

  • 09:12
  • 02,12-2019
  • 58
  • Улашинг

Барча соҳаларда бўлгани каби, ички ишлар органларида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳам ўз самарасини беряпти. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қароридан келиб чиқиб, пойтахтимизда Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармалари ва ички ишлар бўлимлари ташкил этилди. Бунинг замирида эса халқ билан манзилли мулоқотни, фуқароларнинг энг муҳим муаммоларини ҳал этишда ҳар томонлама кўмаклашишни, секторларга бириктирилган давлат идоралари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан узвий ҳамкорликни ташкил этиш каби эзгу мақсадлар кўзда тутилган.

Шунингдек, мурожаатларнинг ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилиши, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш каби масалаларда ижобий ўзгаришларга омил бўлмоқда.

Фикримиз исботини пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани ИИОФМБ 3-ички ишлар бўлими фаолияти мисолида кўриш мумкин. Бўлим туманнинг Авайхон, Янги авайхон, Олтинтепа, Катта олтинтепа, Минглола ва Алпомиш маҳаллаларига хизмат кўрсатади. Ҳудудда қарийб ўттиз икки минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли орасида рус, қозоқ, грузин, озарбойжон, арман каби ўнга яқин турли миллат вакиллари аҳил-иноқликда ҳаёт кечиришмоқда.

Ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инс­пекторлари эса аҳоли билан ҳамжиҳатликда хизмат олиб боришяпти. Инспекторлар хизмат ҳудудида криминоген вазиятни яхшилаш мақсадида тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширяпти. Ҳуқуқ­бузарликлар содир этишга мо­йил шахслар ҳар бир профилактика инспекторига бириктирилган. Бу тоифадаги шахслар билан мунтазам равишда профилактик суҳбатлар олиб борилмоқда.

Халқ билан манзилли мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва амалий ёрдам бериш мақсадида туман ҳокимия­ти штабида ишчи гуруҳ шакл­лантирилган. Ишчи гуруҳ томонидан келишмовчилик ёки низо мавжуд бўлган, агрессив хулқ-атворга эга оилалар, ичкиликбозлик ва гиёҳвандликка мойил фуқаролар, муқаддам судланганларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш мақсадида уларни иш билан таъминлаш ва бошқа ижтимоий ёрдамлар берилмоқда.

Аёллар томонидан жиноят содир этилишининг олдини олиш чора-тадбирлари ҳам кўрилмоқда. Хотин-қизлар масалалари бўйича профилактика катта инспекторлари фаолияти йўлга қўйилгани бу борадаги ишларда муҳим омил бўлаётир. Жиноят содир этишга мойил аёллар, ажралиш ёқасига келиб қолган оилалар ўрганилиб, муаммолар ижобий ҳал этиляпти. Аёллар жиноятчилигининг омиллари, сабаб ва шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этиш чоралари кўриляпти. Натижада жорий йилнинг ўтган даврида ажралиш ёқасида турган бешта оила яраштирилди.

Ҳудуд аҳолисининг 5200 нафарга яқинини вояга етмаганлар ташкил қилади. Тўртта мактаб ва шунча мактабгача таълим муассасаси, 1 та академик лицей фаолият юритмоқда. Таълим муассасалари қошида ташкил этилган илм-фан, спорт, санъат ва бошқа тўгараклар ёш авлод вақтини мазмунли ўтказишга ҳисса қўшяпти. Мактабларда «Тиғ», «Давомат» каби профилактик тадбирлар мунтазам ўтказиб келинади.

Амалга оширилган профилактик тадбирлар ижобий самара бериб, ҳудудда жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30,65 фоиз камайишига эришилди. Талончилик ва босқинчилик умуман содир этилмади. Аёллар ва муқаддам судланганлар томонидан жиноят содир этилиши ҳам сезиларли даражада камайди. Қолаверса, вояга етмаганлар томонидан жиноятлар содир этилишига йўл қўйилмагани мазкур ҳудудда ёш авлодга эътибор юқори эканини кўрсатади. Яна бир қувонарли ҳолат шундаки, Минглола маҳалласида жорий йилнинг ўтган даврида бирорта ҳам жиноят содир этилмади.

— Маҳалламизда 4200 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, — дейди «Минглола» маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Арофат Тўйчиева. — Ҳуқуқбузарлик­ларнинг олдини олишнинг энг муҳим омилларидан бири аҳоли бандлиги ҳисобланади. Маҳалламизда 48 та оила маиший хизмат кўрсатиш, тикувчилик, қандолатчилик ва бошқа шу каби кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик билан шуғулланади. Шунинг ўзи билан ҳам аҳолининг 200 нафардан ортиғи иш билан таъминланган.

Профилактика инспектори, катта лейтенант Чингиз Каримбоев эса фуқаролар билан хушмуомала, ҳар қандай муаммоларга ўз вақтида ечим топишга ҳаракат қилади.

Бўлимда хизмат самарадорлигини ошириш мақсадида барча шарт-шароитлар яратилган. Соҳавий хизматлар учун алоҳида хоналар замонавий мебеллар ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланган. Бўлимда Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига алоҳида хона ажратилган. Улар ҳам кўп­лаб тадбирларда ички ишлар органлари ходимлари билан ҳамкорликда хизмат олиб боришяпти. Фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, ҳал этиш борасида ИИБ М ва ФРБ инспектори, сафдор Азиз Бўтаев, Янги авайхон маҳалласида жойлашган
114-ички ишлар органи таянч пункти профилактика катта инспектори, майор Музаффар Давронов, Авайхон маҳалласидаги 74-ички ишлар органи таянч пункти профилактика инспектори, катта лейтенант Элдор Саманов каби фидойи ва жонкуяр ходимларнинг ҳиссаси катта бўляпти.

Энг муҳими, туманлардаги Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармалари таркибида Ички ишлар бўлимларининг ташкил қилиниши фуқаролар учун кўп­лаб қулайликларни яратди. Масалан, илгари фуқаро пас­порт олиш учун туман ИИБга мурожаат қилиши, туманнинг барча аҳолиси учун фақат биргина жойда хизмат кўрсатилиши қийинчиликлар туғдирарди. Эндиликда эса ўзига яқин ҳудудга мурожаат этиб, тезда масаласини ҳал қилиб кетишяпти. Шу боис ҳам халқ улардан рози ва миннатдор.

Кўриб турганингиздек 3-Ички ишлар бўлимининг ҳам хизмат ҳудудларида эришган натижалари, албатта, эътирофга лойиқ. Аммо жиноятнинг биттаси ҳам кўп, деганларидек, келгусида бошқа маҳаллаларда ҳам худди Минг­лола маҳалласи каби, умуман жиноят содир этилмаса, аҳоли тинч ва фаровон ҳаёт кечирса, мақсадга мувофиқ бўларди. Нафақат мазкур маҳаллалар, балки мамлакатимизнинг ҳеч бир гўшасида қонун бузилмаса. Бунинг учун эса барча бирдек, ҳамжиҳат бўлиши, фуқаролар аҳил, мутасаддилар жонкуяр бўлиши лозим.

 

Иномжон РАҲИМХЎЖАЕВ,

«Postda» мухбири.

Абу КЕНЖАЕВ олган

суратлар.