Ислоҳотлардан аҳоли миннатдор

  • 20:11
  • 30,11-2019
  • 69
  • Улашинг

Бугунги кунда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш давлат идоралари олдидаги муҳим вазифалардан бирига айланди. Эндиликда давлат идоралари вакиллари жойларга чиқиб, аҳоли билан учрашувлар ўтказиш асносида муаммоларни ҳал этиб, фуқароларнинг таклифлари бўйича иш олиб бормоқда.

Жорий йилнинг 25–28 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т. Худайбергенов раҳбарлигидаги бир қатор давлат идоралари вакиллари Қорақалпоғистон Респуб­ликасидаги туманларда бўлиб, сайёр қабуллар ўтказди. Жумладан, Ўзбекис­тон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Р. Хатамов жисмоний ва юридик шахсларнинг 130 нафар вакилини қабул қилди.

Мурожаатларнинг мазмунига эъти­бор қаратадиган бўлсак, улардан 46 таси ички ишлар органлари хизматига қайта тиклаш ва ишга кириш, 7 таси суриштирув-тергов ҳаракатлари, 35 таси паспорт ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш, 5 таси мол-мулк, пул маблағларини ундириш, 15 таси ички ишлар органлари ходимларининг хатти-ҳаракатидан норозилик, 22 таси бошқа масалалардан иборат эди.

Қабул жараёнида мурожаатларнинг 48 таси шу жойнинг ўзида ечим топди. Масалан, ички ишлар органлари профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси лавозимига ишга кириш истагини билдирган икки нафар фуқаронинг ҳужжатлари қабул қилинди. Шунингдек, Чимбой туманида яшовчи фуқаро Г. Усеновга Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти ва 5 нафар фуқарога 16 ёшга тўлганлиги муносабати билан биометрик паспортлар топширилди.

Бундан ташқари, қабуллар давомида вазир ўринбосари Қораўзак тумани «Ата макан» макон фуқаролар йиғини К. Алламбергенов кўчаси, 70-уйда яшовчи К. Сейдановнинг уйига бориб, ушбу хонадондагиларнинг яшаш шароити билан яқиндан танишди. Мазкур оилага моддий ёрдам кўрсатилиб, уйни таъмирлаш юзасидан туман ИИБ бошлиғига топшириқ берилди ва ижроси назоратга олинди. Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбариятига шу хонадонда яшовчи ногирон Т. Сейдановни тиббий кўрикдан ўтказиб, шифохонада даволатиш юзасидан кўрсатма берилди.

Ўрганишлар давомида Қораўзак тумани «Ғаресизлик» макон фуқаролар йиғини Ажинияз кўчаси, 56-уйда яшовчи Қ. Ерлепесованинг ҳам кам таъминланган оилалар ҳисобида туриши, ногирон фарзанди борлиги инобатга олиниб, ушбу хонадонга моддий ёрдам кўрсатилди ҳамда хонадон эгаларининг банд­лигини таъминлаш мақсадида тикув машинаси совға қилинди.

Шунингдек, вазир ўринбосари Мўйноқ туманидаги Тўқпоқ ота овулида жойлашган 11-сонли МТМга ҳам ташриф буюриб, қиш мавсумига кўрилган тайёргарлик ишларини кўздан кечирди. Мактабгача таълим муассасасига Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ томонидан кондиционер ажратилиши юзасидан кўрсатма берилди ва бу ерда тарбияланаётган болажонларга вазирлик номидан турли хилдаги ўйинчоқлар совға қилинди.

 

Ўз мухбиримиз.

Қорақалпоғистон Республикаси.