Ўзбекистон дунёнинг энг хавфсиз мамлакатлари қаторида

  • 20:11
  • 30,11-2019
  • 82
  • Улашинг

Халқаро майдонда катта нуфузга эга Гэллап (Gallup) халқаро тадқиқот маркази 1947 йилда ташкил топган бўлиб, дунё миқёсида турли йўналишлар бўйича ижтимоий сўровномалар ўтказиб келади. Ҳар бир мамлакатда бевосита аҳоли ўртасида сўров ўтказиш натижаларига кўра эълон қилинадиган халқаро бахт индекси, асосий глобал муаммолар рейтинги, аёлларнинг сиёсий жараёнлардаги иштироки кўрсаткичи, давлатларнинг иқтисодий умид кўрсаткичлари индекси шулар жумласидандир.

Мазкур ташкилот томонидан ҳар йили эълон қилинадиган рейтинглардан яна бири «Глобал қонун ва тартиб» («Global Law and Order») сўрови бўлиб, эътиборли томони, унда сўнгги икки йилдаги сўров натижаларига кўра, Ўзбекистон дунёнинг энг хавфсиз давлатлари бешлигига кирганлиги эътироф этилмоқда.

Ҳар икки йилги сўров натижаларида рейтингнинг биринчи поғонасини Сингапур эгаллаган. Ўтган йилги сўровнома натижалари дунёнинг энг хавфли давлати сифатида Венесуэлани кўрсатган бўлса, бу йилги рейтингда энг сўнгги ўринни Афғонистон эгаллади.

Ижтимоий сўровда қатнашганлар маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органларига ишончи, кечаси ва кундуз куни ёлғиз сайр қилиш учун ўзларини қанчалик хавфсиз сезишлари, сўнгги
12 ой давомида пул ёки бошқа бойликлари ўғирланганми каби саволларга жавоб беришган.

Сўровномага киритилган саволлардан кўриниб турибдики, уларга жавоб бераётган инсоннинг нафақат шахсий хонадонида, балки куннинг исталган вақтида яшаб турган ҳудудининг ҳар қандай жойида қанчалик хотиржам бўла олиши ва ўзини ҳар қандай хавфдан холи ҳис қилиши муҳим аҳамиятга эга.

Сўровномада иштирок этган ватандошларимизнинг холис ва ҳаққоний жавоблари Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда эътироф этилишига сабаб бўлди. Бу эса Президентимиз томонидан барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар зиммасига, энг аввало, халқни рози қилиш, ҳуқуқбузарлик­ларнинг оқибатига қарши курашиш эмас, балки уларнинг содир этилишига йўл қўймаслик вазифасини юклаганлигидан кўзланган асосий мақсад ўз самарасини бераётганлигидан далолат беради.

Санжар ҚУРБОНМУРОТОВ,

«Postda» мухбири.