Оғир ҳудудлардаги муаммолар ўрганилмоқда

  • 09:12
  • 02,12-2019
  • 50
  • Улашинг

Бугун юртимизнинг ҳар бир ҳудудида давлат идоралари вакиллари аҳоли билан яқин мулоқотда бўлиб, нуроний отахону онахонлар, шижоатли ёшлар, маҳалла фаоллари билан очиқ ва самимий учрашувлар ўтказмоқда. Ушбу тадбирлар давомида фуқаролар томонидан билдирилаётган мурожаатлар атрофлича ўрганилиб, уларни ижобий ҳал этиш чоралари кўрилаётгани эътиборлидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида йўлга қўйилган секторлар фаолияти давлат органларини аҳоли билан янада яқинлаштириш, халқ билан тизимли мулоқотни йўлга қўйишда муҳим омил бўлмоқда.

Секторлар фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида 2019 йил 8 январда давлатимиз раҳбарининг «Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривож­лантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор асосида секторлар фаолияти учун масъул бўлган тузилмалар, шу жумладан, ички ишлар органларининг секторлар бўйича фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар белгилаб берилди. Хусусан, секторлар фаолиятига «туман (шаҳар) – вилоят – республика» тамо­йили жорий этилди. Унга кўра, ҳокимликлар, прокуратура, ички ишлар органлари ва солиқ идораларида секторлар бўйича вертикал бошқарув тизими йўлга қўйилди. Шунингдек, қарор асосида сектор штаби мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мус­таҳкамланди. Яъни, сектор штаби қандай тузилма экани, ҳуқуқий мақоми, вазифалари, унинг таркибига қайси ташкилотлардан вакиллар кириши билан боғлиқ қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқ тўлдирилди.

Янгиариқ туманидаги 9 та маҳалла 3-сектор раҳбари, туман ИИБ бошлиғи, подполковник Эргашбек Аҳмедовга бириктирилган. Ҳудудда 4310 та хонадон мавжуд бўлиб, уларда 25 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Жорий йилнинг ўтган даврида сектор ишчи гуруҳи аъзолари томонидан мавжуд барча хонадонлар кўздан кечириб чиқилди ва 725 та муаммо борлиги аниқланди. Бундан ташқари, сектор раҳбари томонидан ўтказилган сайёр қабулларда 265 нафардан зиёд фуқаронинг муаммоли мурожаатлари қабул қилинди. Аҳамиятлиси, уларнинг 169 таси қаноатлантирилди. Ўрганилиши муддат талаб қилинадиган муаммолар масъул корхона ва ташкилотларга юборилиб, ижроси назоратга олинди. Муддат ва маблағ талаб қиладиган 15 та масала «Йўл харитаси»га киритилди.

– Сектор фаолиятини ҳар томонлама намунали ташкил этиш мақсадида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга амалий ёрдам кўрсатиш, фуқароларни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик каби фаолият турларини янада кўпайтириш, ногиронлиги бўлган ва боқувчисини йўқотган фуқароларнинг турмуш тарзидаги мавжуд муаммоларга ечим топиш, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида профилактик тадбирлар самарадорлигини оширишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда, – дейди подполковник Эргашбек Аҳмедов. – Шунингдек, баъзи маҳаллалар туман марказидан узоқда жойлашганлигини инобатга олиб, ўша ҳудудларда сайёр қабулларни тизимли равишда ташкил этиш ва аҳоли муаммоларини аниқлаш ҳам доимий диққат-эътиборимизда. Энг муҳими, фуқароларнинг мурожаатларини қисқа фурсатларда ижобий ҳал этиш учун тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари билан мустаҳкам алоқа йўлга қўйилган.

Сектор ҳудудига кирувчи Қўриқтом маҳалласи муаммолари кўп бўлган оғир ҳудуд деб танланиб, жорий йилнинг 4–8 август кунлари ушбу ҳудудда ўрганиш ўтказилди. Уйма-уй юриш давомида 668 та хонадонда 94 та муаммоли масала борлиги аниқланиб, уларни ҳал этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди. Маҳаллада қишлоқ врачлик пункти йўқлиги ҳақида мурожаатлар тушганлиги инобатга олиниб, ҚВП филиа­ли ишга туширилди. Бундан ташқари, тегишли маб­лағ ажратилиб, маданият уйи биноси қурилиши бошланди.

Шунингдек, Ширшоли маҳалласида яшовчи У. Машарипов 9-умумтаълим мактабига борадиган пиёдалар йўлагини таъмирлашда амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилган. Бу бўйича Гулистон кўчасида 400 метр пиёдалар йўлакчаси таъмирланди. Аччиққуйи маҳалласида яшовчи Х. Аллақов деҳқончилик қилишда оқар сув билан боғлиқ бўлган муаммо кўп йиллардан буён ҳал этилмаётганини билдирган. Ушбу мурожаат юзасидан фойдаланилмай келаётган 2500 метр узунликдаги ариқ тозаланиб, 120 та хонадоннинг томорқа ерларини суғориш имконияти яратилди.

Тинчлик ва осойишталик ҳукм сурган жойда бунёдкорлик ишлари янада ривожланади. Маънавий-маърифий, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ўсиш ва юксалиш кузатилади. Секторлар кесимида амалга оширилаётган ишларда ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Аҳолининг турмуш тарзини ўрганиш давомида низоли оилаларни, ишсиз фуқароларни, спиртли ичимликка ружу қўйган, жиноят содир қилишга мойил бўлган шахсларни аниқлаб, бу масалалар юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган. Бундай саъй-ҳаракатлар натижасида уларнинг турмуш тарзида пайдо бўлаётган муаммолар ижобий ҳал қилиниб, ижтимоий фойдали меҳнат жараёнларидаги иштироки таъминланмоқда. Шунингдек, жойларда ўтказилаётган профилактик тадбирларга жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам жалб этилиб, жиноятлар сектор раҳбари иштирокида муҳокама қилиняпти ва уларнинг содир этилишига имкон бераётган сабаблар атрофлича ўрганиб чиқилмоқда.

Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида олиб борилган тадбирлар натижасини таҳлил қиладиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида сектор ҳудудида барча йўналишлардаги жиноятлар 41,3 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 48,2 фоизга камайди. Шунингдек, 9 та маҳалланинг 5 тасида умуман жиноят содир этилмади. Аёллар, вояга етмаганлар ҳамда муқаддам судланганлар томонидан жиноят содир этилиши қайд қилинмади. Оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларнинг рўй бериши кузатилмади.

Хулоса сифатида таъкидлаш керакки, Президентимизнинг секторлар фаолиятига оид қарори асосида секторлар фаолиятини ташкил этиш бўйича адолатли ва таъсирчан тизим жорий этилди. Бу тизим фуқароларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этиш, аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш ҳамда секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилаётир.

Бекжон САФОЕВ,

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг Янгиариқ туманидаги Халқ қабулхонаси мудири.

Худойберган ЖАББОРОВ,

«Postda» мухбири.

Хоразм вилояти.